Ўзбекистонда тадбиркорга нисбатан битта солиқ ҳуқуқбузарлиги учун икки томонлама жавобгарлик амалиёти бекор қилинади. Ҳозирда тадбиркор ишбилармон сифатида молиявий, жисмоний шахс сифатида эса маъмурий жарима тўламоқда, дея маълум қилди президент жума куни тадбиркорлар билан учрашувда.

Давлат раҳбари тадбиркорларга нисбатан қўлланилаётган жарималар уларнинг фаолияти тўхтаб қолишига олиб келмаслиги кераклигини таъкидлади. Шунинг учун уч ой ичида барча молиявий санкциялар қайта кўриб чиқилади ва адолатли нормалар ўрнатилади, деди у.

Тадбиркор ва солиқ органлари ўртасидаги барча низолар маъмурий суд ваколатига ўтказилади, ҳозирда айрим ишлар хўжалик судларида ҳам кўриб чиқилмоқда. Бундан ташқари, тадбиркорларнинг судга тўғридан-тўғри мурожаат қилишига қўйиладиган ҳар қандай чекловлар бекор қилинади ва бу қонунда ўз аксини топади, деди президент.

Тадбиркорга солиқлар бўйича даъво аризаси бериш муддати ҳозирги 5 йилдан 3 йилга қисқартирилади.

Бундан ташқари, солиқ ёки кредит қарзини ундириш бўйича суд қарори қабул қилинганда, пеня ва фоизлар ҳисобланмайди.

Айни пайтда тадбиркорлар 16 та давлат органига 140 дан ортиқ ҳисоботда 8 мингга яқин кўрсаткични тақдим этиши шарт. Натижада 500 минг тадбиркор ҳар йили турли ҳисоботларни тайёрлашга 300 млрд сўм маблағ сарфламоқда.

Шу сабабли, 2024 йил 1 январдан такрорий ва эскирган ҳисоботлар тўхтатилади. Бундан ташқари, барча ҳисоботлар ягона электрон тизим орқали топширилади ва уларнинг қоғоз шакли бекор қилинади (ҳозирги кунда ҳисоботларнинг 15 фоизи қоғозда тақдим этилади).

Аввал хабар берганимиздек, президент 1 октябрдан ҚҚСни қайтаришда солиқ узилиши коэффициенти (tax gap) бекор қилиниши, сўровда қатнашган тадбиркорларнинг 70 фоизи буни адолатсиз деб ҳисоблашини маълум қилган эди. «Кудбиев, бу сенга ва тизимингга баҳо», — деди давлат раҳбари. ҚҚС гувоҳномасининг амал қилишини тўхтатиб туриш ҳам бекор қилинади.

Президент, камерал назорат тўлақонли солиқ текширувига айланиб кетганини билдирди. Эндиликда назорат вақтида тадбиркордан қўшимча ҳужжатлар талаб қилиш ёки уни солиқ идорасига чақириш тақиқланади. Тадбиркорлар солиқ органлари ходимлари ишини янги платформа орқали баҳолайди, — деди давлат раҳбари.