Ўзбекистондаги халқаро аэропортларнинг учиб кетиш йўналишида икки йўлакли (яшил ва қизил) тизим тугатилди. Бу ҳақда Божхона қўмитаси хабар қилди.

Қайд этилишича, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 11 августдаги 363-сон қарори билан ҳукуматнинг 2017 йил 11 октябрдаги «Ўзбекистон Республикаси божхона чегараси орқали ўтказиш пунктларида икки йўлакли тизимни қўллаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида» 814-сон қарорига божхона маъмурчилигини соддалаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Ўзбекистон Республикаси президентининг «Божхона маъмуриятчилигини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2022 йил 27 апрелдаги ПФ-122-сон фармони билан халқаро аэропортларнинг учиб кетиш йўналишида «масофавий божхона назорати» (махсус ажратилган жойларда визуал кузатувни амалга ошириш орқали) тизими жорий этилган.

Шу муносабат билан эндиликда халқаро аэропортларнинг учиб кетиш йўналишида икки йўлакли (яшил ва қизил) тизим тугатилди. Эслатиб ўтамиз, бу тизим 2018 йил 1 январь кунидан ишга туширилганди.

Масофавий божхона назорати — халқаро аэропортлар орқали учиб кетаётган йўловчиларни махсус ажратилган жойларда хавфни бошқариш тизимидан фойдаланган ҳолда танлаб олиш тамойили асосида ҳамда масофавий визуал кузатувни амалга ошириш орқали божхона назорати ва расмийлаштирувидан ўтказишни таъминлайдиган тизим.

Халқаро аэропортларининг учиб кетиш йўналишида жисмоний шахсларнинг божхона декларациясини расмийлаштириш ва уларга божхона конунчилиги бўйича тушунтиришлар бериш учун йўловчилар ҳаракатига таъсир қилмайдиган алоҳида божхона расмийлаштируви жойи ташкил этилади.

Божхона расмийлаштируви жойи давлат тилида, рус ва инглиз тилларида «Божхона», «Таможня» ва «Customs» ёзувлари бўлган махсус график белги билан белгиланади.

Қарор билан Ўзбекистон Республикаси халқаро аэропортларининг учиб кетиш жойидаги масофавий божхона назорати тизимига қўйиладиган талаблар белгилаб олинди.