16 август куни президент Шавкат Мирзиёев транспорт, энергетика ва саноат соҳаларидаги лойиҳалар тақдимоти билан танишди, дея хабар бермоқда давлат раҳбари матбуот хизмати.

Дастлаб президент «Тошкент-Шарқий» аэропортининг қурилиш ишлари билан танишди. Июль ойида берилган топшириқлар асосида мажмуа бош режаси самарадорлик жиҳатидан такомиллаштирилган.

Хусусан, аэропорт ҳудуди 130 гектарга қисқартирилиши ва бунинг эвазига уни сақлаб туриш харажатлари ҳам камайиши режа қилинган. Лойиҳа бошида аэропортнинг умумий майдони 693 гектарни ташкил этган.

Ҳозирда 4 километр узунликдаги учиш-қўниш йўлаги қуриб бўлинган. Бу ерда 2 та — юқори мартабали меҳмонлар учун ҳамда бизнес-авиация терминали бўлади. 25 та самолёт учун тураргоҳ, ангарлар, маъмурият ва хизмат кўрсатиш бинолари барпо этилади. Аэропорт ноқулай об-ҳаво шароитларида ҳам учиш-қўнишни таъминловчи ICAO III-А тоифасидаги замонавий радиотехника ва метеорология ускуналари билан жиҳозланади.

20 июль куни Шавкат Мирзиёев қарийб 6 йилдан бери қурилиши кетаётган «Тошкент-Шарқий» бизнес авиацияси аэропортига ташриф давомида лойиҳани «жуда жиддий ва танқидий» қайта кўриб чиқиш топшириғини берганди. Ҳудудда яна бир терминал қуриш ва аэровокзал лойиҳасини қайта кўриб чиқиш буюрилганди.

Маълумот учун, лойиҳа президентнинг 2017 йил 30 июндаги қарорига биноан қарийб 6 йил давомида бажариб келинмоқда. Илгари аэродромда жойлашган ҳарбий-транспорт авиацияси бошқа ҳудудга кўчирилганди.

Лойиҳани амалга оширган «Ўзбекистон темир йўллари» компанияси 2018 йил декабрь ойида унинг биринчи босқичи якунланиши 2020 йилга мўлжалланганини маълум қилганди. Бироқ уни бутунлай ишга тушириш вақти ҳақида ҳозиргача маълумот берилмаган.