UNG Petro ёқилғи қуйиш шохобчаларида Аи-92 бензини нархи яна ошди. «Ўзбекнефтгаз» компанияси мазкур маълумотни «Газета.uz»га тасдиқлади.

Март ойи ўрталаридан 2 августгача ушбу маркадаги бензин чегирма нархда — 7500 сўмдан сотилди (бошқа компанияларнинг ёқилғи қуйиш шохобчаларида юқорироқлигича қолган). Акция якунлангач, нарх 8600 сўмга ошди.

16 август куни бензин яна 600 сўмга қимматлашди — 9200 сўмга етди. Чегирма эълон қилинишидан олдин ҳам худди шу нархда сотиларди.

Энг кўп талаб қилинадиган Аи-80 бензинининг нархи ўзгаришсиз қолди — 6050 сўм. Йил охиригача импорт қилинадиган ва маҳаллий Аи-80 учун ноль акциз ставкаси мавжуд. Ушбу нарх ўтган йилнинг декабрь ойида ёқилғи қуйиш шохобчалари фаолиятининг чекланиши ва бензинга бўлган талабнинг ошиши муносабати билан жорий қилинган эди.