«Ўзбекнефтгаз» рақамли трансформациясининг иқтисодий самараси 64,4 млн долларни ташкил этди. Бу ҳақда жума куни пресс-тур давомида компаниянинг Моделлаштириш маркази раҳбари ўринбосари Анвар Муродов маълум қилди.

Концепция доирасида нефть ва газ конларини 3D моделлаштириш, мавжуд геологик-техник маълумотларни рақамлаштириш ва ягона маълумотлар базасини шакллантириш бўйича Рақамли кон (E-kon) дастури ишлаб чиқилди, Моделлаштириш маркази ташкил этилди.

E-kon — «Ўзбекнефтгаз» АЖ (118 та кон) ер қаъридан фойдаланиш таркибидаги конлар самарадорлигини башорат қилиш воситалари билан биргаликда углеводород қазиб олиш тизимини оператив таҳлил қилиш ҳамда бошқариш учун дастурий-техник комплекси.

рақамлаштириш, узбекнефтгаз

«ЎзЛИТИнефтгаз» бошқаруви раиси Улуғбек Назаров. Фото: «Ўзбекнефтгаз»

Комплекс қазиб олинаётган газни ахборотлаштириш ва рақамлаштиришни газни йўлдош сувдан ажратиб олишни таъминловчи ер усти кон ускуналари тизими билан тўлиқ интеграция қилишга қаратилган. Бу фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бартараф этиш бўйича муаммоларни тезкор ҳал қилиш, ҳар бир алоҳида қудуқ ва конларнинг технологик режимларини оптималлаштириш бўйича ўз вақтида қарор қабул қилиш учун қудуқ унумдорлигининг реал қийматларини ҳисобга олишга ёрдам беради.

2019−2023 йилларда «Ўзбекнефтгаз» томонидан 7200 дан ортиқ қудуқлар бўйича 470 мингга яқин геологик ва техник маълумотлар, шунингдек, 1400 дан ортиқ қудуқлар бўйича 44 мингта геофизик тадқиқотлар натижалари рақамлаштирилди.

Шунингдек, Американинг Schlumberger компанияси билан ҳамкорликда Ўзбекистон нефть-газ саноатининг ягона миллий маълумотлар базаси яратилди.

Ер ости геологик маълумотларини рақамлаштириш орқали 122 та коннинг рақамли геологик моделлари, 83 та коннинг гидродинамик модели, 52 та коннинг ер усти тармоқлари моделлари ишлаб чиқилди.

рақамлаштириш, узбекнефтгаз

Анвар Муродов. Фото: «Газета.uz»

«Schlumberger мутахассислари билан биргаликда eХchroma технологиясидан фойдаланган ҳолда Устюрт ҳудудидаги Юқори Юра (J3) конларининг 3D сейсмик кубларини қайта таҳлил қилиш натижасида „Ином“, „Аслан“, „Шимолий Бердақ“, „Қуйи Сургил“ ва „Шарқий Бердақ“ катта истиқболга эга бўлган палеоканалларни (қадимги дарё ўзанларини) аниқлашга муваффақ бўлинди», — дея маълум қилди компания вакили.

рақамлаштириш, узбекнефтгаз

Рақамлаштириш туфайли эксплуатация қилинаётган конларда геологик хавфларни 40−45 фоиздан 5−10 фоизгача камайтириш ва 64,4 млн долларлик иқтисодий фойда олиш имкони бўлди. Яъни, энди «Ўзбекнефтгаз» конларни эксплуатация қилишнинг 100−200 та вариантини таҳлил қилиб, сўнгра қудуқлар ва бурғулаш учун энг мақбул жойни танлаши мумкин бўлади (илгари хато қилиб, ер ости сувлари кўп бўлган жойни танлаши мумкин эди).

«Қуйи-Шарқий Бердақ», «Қуйи Сурғил», «Шўртан», «Денгизкўл», «Алан», «Тегирмон», «Кулбешкак», «Дояхотин» ва бошқа кўплаб конларда 150 та қудуқнинг лойиҳалаш жойлари кўриб чиқилди.

Май ойида «Ўзбекнефтгаз» АЖ раиси Баҳодиржон Сидиқов газ қазиб олишни кескин ошириш вазифасига эришиш учун конлар ва қудуқларни рақамлаштириш зарурлигини таъкидлаган эди. Унга кўра, бу ишларни йил охиригача якунлаш режалаштирилган.