Ўзбекистонда газ конлари ва қудуқларини рақамлаштириш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда 11 май куни энергия таъминоти масалаларига бағишланган йиғилиш якунлари бўйича «Ўзбекнефтгаз» раиси Баҳодиржон Сидиқов маълум қилди.

«Бугунги кунда табиий газ энергетика тизимимизнинг асоси ҳисобланади, чунки ишлаб чиқарилаётган электр энергиясининг асосий қисми газдан ишлаб чиқарилади. Шу боис бизнинг соҳамиз олдида газ қазиб олишни кескин ошириш вазифалар турибди. Лекин бу вазифаларни ўз вақтида амалга оширишимиз учун соҳада етишмаётган рақамлаштириш масаласи кўтарилди», — дея маълум қилди у «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида.

Унинг сўзларига кўра, газ конлари ва қудуқларни рақамлаштириш бўйича ишлар аллақачон бошланган бўлиб, уларни жорий йил охиригача якунлаш режалаштирилган.

Сидиқов рақамлаштириш доирасида қандай ишлар амалга оширилиши режалаштирилганига аниқлик киритмади.

Эслатиб ўтамиз, 12 май куни президент Ўзбекистонда газ ҳаракатининг ягона автоматлаштирилган тизимини жорий этиш тўғрисидаги қарорни имзолаган эди. 1 июлга қадар «Ўзбекнефтгаз» ва «Ўзтрансгаз» компанияларининг барча газ қабул қилиш ва таъминлаш пунктларида электрон ҳисоблагичлар ҳамда хроматографлар ўрнатишни якунлаш, уларни солиқ органларининг маълумотлар базаси билан интеграция қилиш топширилди. Бироқ бу талаблар хусусий компанияларга тааллуқли эмас. Бундан ташқари, газ ва нефть бўйича шартномалар бўйича маълумотларни йиғиш тизими яратилади.

Эслатиб ўтамиз, йилнинг биринчи чорагида Ўзбекистонда газ қазиб олиш ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 9,6 фоизга, март ойида эса 12,9 фоизга қисқарган. Уч ой давомида электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми 5 фоизга камайди. Иссиқлик ва кўмир ишлаб чиқариш ҳам камайган.