«Ҳақиқат, тараққиёт ва бирдамлик» демократик партияси (раҳбари Хидирназар Аллақулов) фаоллари томонидан қўшимча топширилган имзолар уни рўйхатдан ўтказиш учун етарли бўлмади. Бу ҳақда Адлия вазирлиги ахборот хизмати хабар бермоқда.

Қайд этилишича, вазирликка 14 ва 17 июль кунлари ушбу партияни давлат рўйхатидан ўтказиш ҳақидаги такрорий аризалар ва фуқароларнинг имзолари келиб тушган.

Вазирликка 14 июлда тақдим этилган аризага илова қилинган рўйхатда 9828 та фуқаролар имзоси мавжуд бўлиб, ҳужжатларни ўрганиш жараёнида партияга бирлашиш истагини билдирган фуқаролар рўйхатига қуйидагилар киритилгани маълум бўлган:

  • сиёсий партия таъсис конференцияси ўтказилгунгача вафот этган 10 нафар шахс;
  • 13 нафар вояга етмаган шахс;
  • маҳаллаларни асфальтлаш, коммуникация тизимларини янгилашга маблағ олиш мақсадида «Очиқ бюджет» лойиҳасига овоз бериш учун деб хато имзо қўйган ва кейинчалик ушбу имзоларини қайтариб олган 1157 нафар шахс;
  • шахсга доир маълумотлар мавжуд эмаслиги сабабли шахси аниқланмаган 1190 нафар шахс;
  • имзолари қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилмаган электрон шаклда олинган 5816 нафар шахс. Вазирлик ушбу электрон шаклда олинган имзолардан 1000 дан ортиқ имзоси муқаддам тақдим этилган имзолар рўйхатида мавжудлигини маълум қилди;
  • партия тузиш учун хоҳиш билдирмаган ва ҳеч қандай имзо қўймаган 359 нафар шахс;
  • суд тартибида муомалага лаёқатсиз деб топилган 22 нафар шахс;
  • Ўзбекистонда яшамаётган 137 нафар шахс;
  • 2023 йил 15 майда вазирликка партияни рўйхатдан ўтказиш учун тақдим этилган имзолар рўйхатида мавжуд бўлган 46 нафар шахс (такрорий).

17 июлдаги 1388 та фуқаролар имзоси «Ҳақиқат, тараққиёт ва бирдамлик» демократик партияси ташкилий қўмитасининг 3 ойлик фаолият кўрсатиш муддати тугаганидан кейин тақдим этилган, дея қўшимча қилди вазирлик.

Таъкидланишича, 2023 йилнинг 16 апрелида ташкил этилган партиянинг ташкилий қўмитаси томонидан унинг фаолият кўрсатиш муддати давомида вазирликка тақдим этилган имзоси қонунчиликка мувофиқ ва ўз хоҳиши билан партияга бирлашиш истагини билдирган фуқароларнинг жами имзолари сони 2517 тани ташкил этган.

«Сиёсий партиялар тўғрисида»ги қонуннинг 6-моддасига кўра, сиёсий партияни тузиш учун камида 8 та ҳудудий субъектда (вилоятда), шу жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси ва Тошкент шаҳрида яшаётган ҳамда партияга бирлашиш истагида бўлган камида 20 минг фуқаронинг имзоси бўлиши талаб этилади.

Сиёсий партияни рўйхатга олишни рад этиш устидан Олий судга шикоят қилиш мумкинлиги эслатиб ўтилган.

2021 йил июнь ойида ҳам Адлия вазирлиги имзолар етарли миқдорда бўлмагани ҳамда «Сиёсий партиялар тўғрисида» ва «Нодавлат нотижорат ташкилотлар тўғрисида»ги қонунлар талаблари бузилгани сабабли «Ҳақиқат ва тараққиёт» партиясини давлат рўйхатидан ўтказишни рад этганди.

2023 йил май ойида «Ҳақиқат, тараққиёт ва бирдамлик» партияси раҳбари Хидирназар Аллақулов Андижонда калтакланган бўлиши мумкинлиги ҳақида хабар бергандик. Партияни рўйхатдан ўтказиш учун овозларни йиғиш жараёнида бир гуруҳ эркак ва аёллар пайдо бўлиб, жанжал уюштирган.

Ўзбекистон адлия вазири Акбар Тошқулов партияларни рўйхатдан ўтказиш учун 20 минг имзо унчалик кўп эмаслигини таъкидлаганди. «Агар ҳар 5 ёки 10 минг киши партия очаверса, улар сони қанча бўлади?» — деганди у. Сиёсатшунос Камолиддин Раббимов эса вазирнинг позициясини «тўлиқ авторитар» деб атаган.