21 май куни Андижонда «Ҳақиқат, тараққиёт ва бирдамлик» партияси раиси Хидирназар Аллақулов партияни рўйхатга олиш учун овоз тўплаш вақтида калтакланган бўлиши мумкин. Бу ҳақда YouTube`да жонли эфир вақтида маълум қилинди.

Якшанба куни Алишер Навоий номидаги истироҳат боғида партия ташкилий қўмитаси томонидан партияни рўйхатдан ўтказиш учун зарур имзоларни тўпланади. Шу вақтда уларга бир гуруҳ эркак ва аёллар мурожаат қилиб, партия дастури ҳақида савол бера бошлайди, уларни долзарб муаммоларни ҳал қилишда ғоя ва мақсадлар йўқлигида, кейин эса коррупция ва овозларни сохталаштиришда айблашади. Гуруҳдан бир киши: «Бизда президентимиз етарли, бизга бошқа ҳеч ким керак эмас», дея бақиради.

Эфир давомида Хидирназар Аллақулов бир неча бор ўз тарафдорлари провокацияларга берилмаслик ва ўринларидан турмасликка чақириб, бутун жараён тасвирга олинаётганини таъкидлайди.

Бир пайт ур-тўпалон бошланиб кетади, кимдир гулдон, кимдир стулни кўтариб олган, партия вакиллари ўтирган стол ағдарилиб кетган. Аллақулов ҳам ур-калтакнинг ичида қолиб кетади. Бир эркак эса ҳодисани тасвирга олаётган операторнинг ортидан қувиб, суратга олишни тўхтатишни талаб қилади.

Ўртага ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари аралашди.

Партия етакчиси ва унинг сафдошлари кейинроқ прокуратура ва Андижон вилояти ички ишлар бўлимида бўлиб, ўз раҳбарлари билан учрашишни, олиб қўйилган телефонларни қайтариб беришни талаб қилади. Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари улар билан хушмуомалалик билан мулоқот қилиб, ариза ёзиш ёки учрашувга боришни таклиф қилишди, бироқ Аллақулов ҳаяжон билан бу таклифларни рад этди.

Андижон вилоят ИИБ Алишер Навоий номидаги истироҳат боғида жамоат тартибини бузиш ҳолати ўрганилаётганини маълум қилди.

Хидирназар Аллақулов — иқтисод фанлари доктори, профессор, Термиз давлат университетининг собиқ ректори (2002−2004). 2020 йил июнь ойида у «Ҳақиқат ва тараққиёт» партиясини тузиш жараёни бошланганини эълон қилган эди. BBC Uzbek томонидан эълон қилинган «Адабиёт» газетаси бош муҳаррири Бахтиёр Карим билан суҳбатда у 2021 йилги сайловларда президентликка номзодини қўйиш истагини билдирган.

2021 йил март ойи ўрталарида Аллақулов бир гуруҳ аёллар ва блогерлар томонидан партия йиғилиши тўхтатилганини эълон қилди. Кейинроқ унга уйи кираверишида ҳужум қилингани ҳақида хабарлар пайдо бўлди.

2021 йил июнь ойида Адлия вазирлиги имзолар етарли миқдорда бўлмагани ҳамда «Сиёсий партиялар тўғрисида» ва «Нодавлат нотижорат ташкилотлар тўғрисида»ги қонунлар талаблари бузилгани сабабли «Ҳақиқат ва тараққиёт» партиясини давлат рўйхатидан ўтказишни рад этди.

16 апрель куни «Ҳақиқат, тараққиёт ва бирдамлик» партиясининг ташкилий қўмитаси тузилди (унинг сайти ҳам мавжуд). Қонунга кўра, Ташкилий қўмита тузилган кундан бошлаб узоғи билан уч ой, яъни 17 июлгача фаолият кўрсатиш ҳуқуқига эга. Бу санагача партия 20 мингдан ортиқ овоз тўплаши, шунингдек, дастур ва низомини ишлаб чиқиши керак.