Йилнинг биринчи ярмида Россия валютасининг кескин қадрсизланиши Ўзбекистон иқтисодиётига салбий таъсир кўрсатади. Бу ҳақда 27 июль куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуратов маълум қилди, деб хабар беради «Газета.uz» мухбири.

Июнь ойида Россия рубли долларга нисбатан 14 фоизга, йил бошидан эса 26 фоизга қадрсизланди. Регулятор раҳбари рублнинг қадрсизланиши Ўзбекистонга пул ўтказмалари бўйича салбий таъсир кўрсатишини қайд этди.

«Иккинчи йирик савдо шеригимиздаги пул қадрсизланиши бизга ҳам таъсир қилади. Қайси маънода? Россиядан пул ўтказмаларининг қисқаришига таъсир қилади. Аввал айтиб ўтганимдек, дастлабки олти ойда пул ўтказмалари ҳажми 5,2 млрд доллар атрофидани ташкил этган бўлса, ўтган йили [шу давр учун] 6,5 млрд долларни ташкил этган. Бу пасайиш ўтган йилги пул ўтказмаларининг ноодатий даражада юқорилиги билан боғлиқ», — деган МБ раҳбари барча пул ўтказмаларининг қарийб 80 фоизи Россияга тўғри келишини таъкидлаб ўтди.

Шунингдек, Мамаризо Нурмуратов рубль курсининг пасайиши экспортчилар даромади камайишига ҳам олиб келишини айтди.

«Бу иқтисодий алоқаларга ҳам таъсир қилади, чунки экспортчиларимиз Россияга маҳсулот етказиб бераётганда маҳсулот таннархи Россия бозоридаги нархларга қараб белгиланади. Валюта курсининг ўзгариши муносабати билан Россия бозоридаги нархлар экспортчиларимизнинг доллар ҳисобидаги тушумининг пасайишига олиб келади», — деди у.

Марказий банк раисининг таъкидлашича, йил якунлари бўйича Ўзбекистонга пул ўтказмалари ҳажми 11−11,5 млрд доллар атрофида бўлиши кутилаётгани, бу 2022 йилги кўрсаткичлардан 32−35 фоиз камроқ эканини таъкидлади. Россиядан тушумларнинг камайиши, жумладан, рубль девальвацияси билан ҳам боғлиқ бўлади, деди у.

Ўтган йил охирида Россия Ўзбекистоннинг асосий савдо шериги сифатида ўз ўрнини мустаҳкамланди, унинг товар айланмасидаги улуши 17,9 фоиздан 18,6 фоизга ошди. Ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 22,9 фоизга ўсиб, 9,28 млрд долларни ташкил этди. Россияга экспорт ҳажми 46,8 фоизга ошиб, 3,07 млрд долларни, импорт эса 13,7 фоизга ошиб, 6,2 млрд долларни ташкил этди.

Бироқ 2023 йилнинг биринчи ярми якунларига кўра, Хитой 5,28 млрд долларлик (улуши — 18,1 фоиз) товар айланмаси билан биринчи ўринга чиқди, Россия эса иккинчи ўринга тушди — 4,4 млрд (15,1 фоиз). Шу билан бирга, Россия бозори Ўзбекистон экспорти учун асосий бозор бўлиб қолмоқда.

Рубль курси билан нима содир бўлмоқда?

РБК маълумотларига кўра, рублнинг асосий хорижий валюталарга нисбатан заифлашиши июнь охиридан бери давом этмоқда. Июль бошида у евро учун 100 рубль ва доллар учун 90 рубллик психологик чегаралардан ошиб кетди. Айни пайтда Россия валютаси 1 евро 100,7 рубль ва 1 доллар 91,8 рублдан сотилмоқда.

Россия банки раҳбари Эльвира Набиуллина 21 июль куни регулятор маълумотларига кўра, июнь ва июль ойларида рубль курси ҳаракатининг асосий омили импортнинг кўпайиши билан экспортнинг камайиши бўлганини маълум қилди. У молиявий ҳисоблар бўйича оқимларни валюта курсига таъсир этувчи яна бир омил деб ҳисоблайди.

Россия молия вазири Антон Силуановнинг қайд этишича, рублнинг заифлашиши биринчи навбатда савдо баланси — валютанинг мамлакатга кириб келиши ва чиқиб кетиши билан боғлиқ. Шунингдек, у ўтган йили углеводородларнинг экспорт нархлари юқори бўлганини, импорт эса пасайганини таъкидлади. «Ҳозир импорт тикланди, экспорт қилинадиган маҳсулотлар нархи ўтган йилги даражадан паст. Бу, айниқса, газ нархида яққол кўзга ташланмоқда: ўтган йили улар ҳозирги даражадан 5 баравар юқори бўлган пайтлар бўлган», — деди вазир.