Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) мутахассислари Kun.uz билан ҳамкорликда Ўзбекистон аҳолиси орасида велосипеднинг ишга бориш воситаси сифатида оммалашувини баҳолаш мақсадида сўров ўтказди. МҲТИ матбуот хизмати ўрганиш натижаларини «Газета.uz» билан ўртоқлашди.

Kun.uz Telegram-каналида ўтказилган сўровда 100 мингга яқин респондент иштирок этди. Унда респондентларнинг 51 фоизи ишга машинада (шундан 36 фоизи шахсий транспортда), 26 фоизи жамоат транспортида, 16 фоизи пиёда ва атиги 7 фоизи велосипедда бориши (дунёда ўртача кўрсаткич 12 фоиз, Нидерландияда 30 фоизга етади) маълум бўлди.

«Агар қулай инфратузилма бўлса, ишга қатнашда велосипеддан фойдаланган бўлармидингиз?» деган саволга респондентларнинг 74 фоизи «ҳа» дея жавоб берган. Қолган 26 фоизи масофанинг узоқлиги (12 фоиз), уялиш (4 фоиз), ноқулайлик (4 фоиз), соғлик билан боғлиқ муаммолар (2 фоиз) ва бошқаларни (4 фоиз) велосипед минмаслигига сабаб қилиб кўрсатган.

велосипед, велойўлаклар, одамлар учун шаҳар, тошкент, мҳти

Экспертлар велосипедда ҳаракатланишнинг оммалашувига тўсқинлик қилувчи асосий учта тўсиқни санаб ўтди:

Велосипедлар ҳақидаги тушунча ва хабардорликдаги муаммолар асосий тўсиқлардан биридир. Хусусан, «велосипед — машина олишга пул бўлмаган камбағаллар транспорти» ёки «велосипед менталитетга кўра аёлларга тўғри келмайди» каби стереотиплар.

Велосипедлардан фойдаланишда тўсиқлар яратадиган ва одамларни ушбу экологик тоза ва соғлом транспорт туридан қўрқитадиган ривожланмаган инфратузилма.

Шаҳарсозлик сиёсати шаҳарларни тўлиқ велосипедчилар учун қулай қилиб барпо этишга қаратилган эмас. Бундан ташқари, иш берувчиларнинг қўллаб-қувватлаши, хусусан, душлар ва кийим алмаштириш учун шароитлар яратиш ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Тошкентнинг Мирзо Улуғбек туманида фойдаланишга яроқсиз велойўлак.Тошкентнинг Мирзо Улуғбек туманида фойдаланишга яроқсиз велойўлак.

Ўзбекистонда велосипеддан фойдаланишни бошлаганлар сони ортиб бормоқда. Аммо одамларнинг велосипедга ўтишига тўсқинлик қиладиган бир қатор инфратузилмавий камчиликлар мавжуд:

  • Велосипедчилар бетон, ариқлар, чакана савдо расталари каби тўсиқларга дуч келади ва автомобилларнинг велойўлаклардан автотураргоҳ сифатида фойдаланиши билан боғлиқ ҳолатлар кўп кузатилади;
  • Пиёдалар велойўлакларга чиқиб, велосипедчиларнинг ҳаракатланишига тўсқинлик қилади;
  • Баъзи кўчалардаги велосипед йўлакларининг кенглиги 1 метр бўлиб, халқаро стандартларга жавоб бермайди;
  • Велосипед йўлаклари тарқоқ ва бир-бири билан боғланманган. Бунинг оқибатида велосипедчилар йўлнинг қатнов қисми бўйлаб ҳаракатланишга мажбур бўлмоқда.

2022 йилда Ўзбекистонда 9902 та йўл-транспорт ҳодисаси расман қайд этилган, шундан 1136 таси (11,5%) велосипедчилар иштирокида содир бўлган. 342 та (3,5%) ҳолатда велосипед йўлакларининг йўқлиги сабаб бўлган.

Жаҳон тажрибаси

Мутахассисларнинг таъкидлашича, велосипеднинг кўплаб тан олинган афзалликлари бор.

  • Соғликка фойдаси: велосипедда ишга борадиган одамларда саратон хавфи 45 фоиз, юрак-қон томир касалликлари хавфи 46 фоиз камроқ бўлади.
  • Атроф-муҳит учун фойдаси: Голландия ёндашувини (кунига ўртача 2,6 км велосипедда юриш) бутун дунё бўйлаб жорий этиш атмосферага йилига 686 млн тонна камроқ карбонат ангидрид гази чиқарилишига сабаб бўлиши мумкин.
  • Иқтисодий фойдаси: Велосипед улушини 6 фоизга ошириш (велосипедда ҳаракатланиш автомобилда юриш ўрнини эгаллайди) иқлим ўзгаришини юмшатишга йўналтириладиган маблағларни ҳар йили 1,2 млрд АҚШ доллари атрофида тежайди.

Қозоғистоннинг Чимкент кўчасидаги велойўлак.Қозоғистоннинг Чимкент кўчасидаги велойўлак.

Велосипеднинг афзалликларини англаган ҳолда, бутун дунё ҳукуматлари ўз олдиларига велосипедни оммалаштириш бўйича улкан мақсадлар қўйган.

Жумладан, Англия 2025 йилга бориб велоспортлар сонини 2013 йилдагига қараганда икки баравар оширишни режалаштирмоқда.

Европада 2021 йилда велосипедни оммалаштириш бўйича умумевропа режаси қабул қилинган бўлиб, у 2030 йилгача велосипедчилар сонини сезиларли даражада оширишни мақсад қилган.

Франция 2018 йилда велосипеддан фойдаланишни 2024 йилгача уч баравар ошириш мажбуриятини олган.

Тавсиялар

Велосипеднинг янада кенгроқ ва оммавий транспорт турига айланиши учун мутахассислар қуйидагиларни тавсия қилади:

  • велосипедчилар учун хавфсиз ва қулай инфратузилмани, шу жумладан, велотураргоҳлар ва таъмирлаш станцияларини яратиш;
  • велосипедларни кундалик транспорт воситаси сифатида тарғиб қилиш;
  • шаҳарлар ва туристик ҳудудларда велосипедларни ижарага бериш (велосипедларни тақсимлаш) тизимини ривожлантириш.

Таҳририятдан

«Газета.uz» бетон велойўлаклар қуриш бошланганоқ Тошкентда велойўлаклар тармоғини қуришга нотўғри ёндашилаётгани ҳақида кўплаб мақолаларни (рўйхатни қуйида кўришингиз мумкин) эълон қилиб келмоқда. Биздан танқид қилмаслик, лойиҳа якунига етишини кутишни сўрашди. Бироқ лойиҳа биз айтганимиздек муваффақиятсиз якунланди.

Тор велойўлаклар билан туташган тор пиёдалар йўлаклари на пиёдаларни, на велосипедчиларни сиғдира олади. Ҳаракат давомида чиқиб қоладиган сон-саноқсиз узилишлар ва тўсиқлар, жумладан, чорраҳаларда велосипед учун алоҳида ўтиш жойларининг йўқлиги велосипедчиларни тўғридан-тўғри автомобиль йўлларидан юришни давом эттиришга мажбур қилмоқда. Пиёдалар йўлаклари ва велойўлакларга оммавий равишда машина қўйишга ЙҲХХ ходимларининг кўз юмишлари ҳам велосипедда ҳаракатланишнинг оммалашувига тўсқинлик қилмоқда.

Ўтган қишдаги аёзлардан кейин кўплаб пиёдалар ва велосипед йўлаклари қопламаси бузилиб кетди. Шунча камчиликларга қарамай, Тошкент шаҳри ва бошқа вилоятларда велосипед йўлакларини пиёдалар йўлакларига туташтириб, ноқулай ва пухта ўйланмаган ҳолатда қуриш амалиёти давом эттирилмоқда. Автотранспорт учун 10 ва ундан ортиқ йўлаклари бўлган кўчаларда бу ҳолат, айниқса, кулгили кўринади.

2019 йилда Германиянинг Planungsbüro VAR+ бюроси велосипед инфратузилмасини ривожлантириш учун Тошкентга таклиф қилинган эди. Компания ходимлари шаҳардаги вазиятни ўрганиб, Ўзбекистон велосипед жамоатчилиги вакиллари билан учрашиб, уларнинг фикр-мулоҳазалари ва муаммоларини ўрганишди ҳамда велосипед инфратузилмасини ривожлантириш концепциясини ишлаб чиқиш бўйича тавсиялар тайёрлашни режалаштирди. Якунда лойиҳа амалга оширилмади.