«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати давлат хизматчилари ўртасида уларнинг иш жойларида иш вақтига қанчалик риоя этилишига оид аноним сўровнома натижаларини эълон қилди.

Сўровномада жами 560 нафар давлат хизматчилари иштирок этиб, респондентларнинг 21,4 фоизи вазирлик ва идоралар, 27 фоизи маҳаллий ҳокимият органлари, 12,1 фоизи ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ва 39,5 фоизи бошқа давлат ташкилотларида ишловчи ходимларни ташкил этди.

Респондентларининг 376 нафари (67,6 фоиз) эркаклар ва 180 нафари (32,4 фоиз) аёлларни ташкил этди. Сўровномада 385 нафар (69,2 фоиз) оддий мутахассис ходимлар, 172 нафар (30,8 фоиз) раҳбар ходимлар иштирок этди.

Ўрганиш натижалари

Ўрганиш давомида маълум бўлишича, респондентларнинг ярмидан кўпи, яъни 57,3 фоизи иш вақтидан ташқари ишга жалб этилади. Жумладан 36,8 фоизи ҳар куни қўшимча 1−2 соат, 13,9 фоизи ҳар куни кечки соат 22:00 га қадар, 6,6 фоизи кечки соат 24:00 га қадар ишлашини билдирди. Сўровномада 42,3 фоиз иштирокчилар Меҳнат қонунчилигига мос равишда ҳар куни белгиланган 8 соат ишлашини маълум қилди.

Меҳнат кодексининг 262-моддасида ходимга иш вақтидан ташқари иш учун камида икки ҳисса миқдорида ҳақ тўланиши белгилаб қўйилган. Маълум бўлишича, қўшимча ишлайдиганларнинг 13,3 фоизи иш берувчилар томонидан қўшимча иш учун камида икки баравар ҳақ тўлаб берилишини қайд этди. Улар асосан давлат бошқарув органларининг марказий идоралари вакилларига тўғри келади. Сўровнома иштирокчиларидан иш вақтидан ташқари қўшимча ишлайдиганларнинг 81,7 фоизига қўшимча ишлаган вақти учун иш берувчи томонидан қўшимча ҳақ тўлаб берилмайди.

Давлат хизмати ходимларининг иш вақтидан ташқари ишлашига нима сабаб бўлаётгани ҳақида табиий савол туғилади. Иш вақтидан ташқари қўшимча ишловчиларнинг 47,7 фоизи бунга иш ҳажмининг ортиб кетганлиги, 22,8 фоизи турли хилдаги ортиқча топшириқларнинг ҳаддан зиёд кўплиги, 17,6 фоизи ўз вазифасидан ташқари ишларнинг юклатилиши ва мажлис ва йиғилишларнинг чўзилиб кетиши туфайли, 12 фоизи раҳбари кетмагунча иш жойидан кетмаслигини билдирди.

Ортиқча «мажлисбозлик»лар ҳам омиллардан бири

Сўровнома муаллифлари томонидан давлат хизматида қўшимча ишланишининг сабабларидан бири мажлис ва йиғилишларнинг кўплиги ҳамда мажлислар вақти чўзилиб кетиши омили алоҳида ўрганилди. Унга кўра, респондентларнинг 31,6 фоизи йиғилишларда иштирок этмайди, 41,3 фоизи бир ҳафтада 4 соатгача, 11,4 фоизи 5−7 соат, 15,8 фоизи 8 соатдан кўп вақтини мажлис ва йиғилишларга сарфлайди. Тадқиқотга кўра, ортиқча «мажлисбозлик» Бухоро, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида кузатилади.

Мамлакатда давлат фуқаролик хизмати ходимлари асосан 5 кунлик иш ҳафтасида меҳнат қилади. Лекин шунга қарамасдан баъзида ҳафтанинг дам олиш кунлари (шанба ва якшанба) ходимларнинг иш жойида бўлиши, шунингдек, дам олинадиган байрам кунлари ҳам ишга чақириш ҳолатлари ҳам мавжуд.

Бу борада сўровнома иштирокчиларининг 35,2 фоизи дам олиш кунлари ҳам ишга чиқиши, 29,5 фоизи баъзида ишга чиқиши ва 35,3 фоизи дам олиш кунларида ишга чиқмаслиги маълум бўлди.

Сўровнома иштирокчиларининг 299 нафари (53,4 фоиз) белгиланган муддатларда меҳнат таътилига чиқиб, тўлиқ дам олишини маълум қилди. Бироқ 26,2 фоиз респондентлар меҳнат таътилига тўлиқ чиқа олмаслиги, таътилдан чақириб олишлари ва 20,4 фоизи таътилга чиқиш ҳужжатлари расмийлаштирилиши, аммо умуман дам олмасдан ишлашини маълум қилди.

Ҳаракатнинг маълум қилишича, юқоридаги рақамлар бутун мамлакат ҳудудидаги ҳолатни тўлиқ акс эттиришга етарли бўлмасада, давлат хизматида меҳнат қонунчилигига риоя этмаслик ҳолатлари мавжудлигини тасдиқлайди.

Иш вақтидан ташқари иш — зарар

«Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти билан Халқаро меҳнат ташкилоти ҳамкорликдаги тадқиқотига кўра, иш вақтидан ташқари иш инсон саломатлигига салбий оқибатларга эга эканлиги исботланган. 2016 йилда дунё бўйлаб ҳафтасига 55 соатдан кўп ишловчи 745 минг нафар одам инсульт ва юракнинг ишемик касаллигидан вафот этгани қайд этилган. Бу кўрсаткич 2000 йилга нисбатан 29% га кўп ҳамда бу каби ўлим ҳолатларининг қарийб 72 фоизи эркаклар ҳиссасига тўғри келган», — дейилади таҳлилда.

Тадқиқот натижаларига кўра, ҳафтасига 55 соат ва ундан кўп ишлаш одамда инсульт билан касалланиш хавфини 35 фоизга, юрак ишемик кассалиги билан хасталаниш хавфини 17 фоизга ортишига сабаб бўлади деган хулосага келинган.

Мутахассисларнинг фикрича, ходимларнинг дам олишсиз ишлаши уларда стрессни келтириб чиқаради. Қолаверса, ишхонада кўп вақтини ўтказувчи инсонлар бола тарбиясига етарлича вақт ажрата олмаслиги ҳам салбий баҳоланади. Бунинг натижасида оиладаги барқарорликка путур етади. Бу каби омилларнинг жамият учун зарари ҳали баҳоланмаган бўлиб, бунинг салбий таъсири янада кенгроқ бўлиши ҳам мумкин.

ЖССТ ва Халқаро меҳнат ташкилоти ҳукуматларга иш вақтидан ташқари ишлашни тақиқлаш бўйича қатъий чоралар кўришни, иш берувчилар ва касаба уюшмаларига эса жамоавий битимларда иш ҳафтаси 55 соатдан ошмаслиги керак бўлган мослашувчан иш вақтини кўрсатишни тавсия қилади.

Бу борада ривожланган мамлакатларда ходимларнинг саломатлигини асраш, улар самарали меҳнат қилишда давом этишлари учун иш вақтидан ташқари ишлаш бир қатор қонунлар билан тартибга солинади. Мисол учун, Швецияда ходим бир ойда 50 соатдан ортиқ ёки календарь йилида 200 соатдан ортиқ иш вақтидан ташқари ишлаши мумкин эмас. Бу борада Венгрияда иш юкламаси нисбатан кўпроқлигини кузатиш мумкин. Мамлакат қонунчилигига кўра, максимал қўшимча иш чегараси йиллик 250 соатни ташкил этади. Агар жамоа шартномасида назарда тутилган бўлса, бу 300 соатгача оширилиши мумкин. Ўзбекистонда Меҳнат кодексига мувофиқ иш вақтидан ташқари иш соатлари йилига 120 соатдан ошмаслиги лозим.


Давлатлар

Ҳафталик иш вақти чекловлари

Иш вақтидан ташқари иш тўлов ставкаси

АҚШ

40 соат

соатбай иш вақтининг 150%

Буюк Британия

48 соат

меҳнат шартномасида белгиланади

Франция

35 соат

одатий ставкага қўшимча 25%

Испания

40 соат

соатбай иш вақтининг 75%

Польша

40 соат

стандарт иш ҳақига 25% қўшимча

Италия

40 соат

15%дан 50%гача

Швеция

40 соат

иш ҳақининг 50−100%

Германия

48 соат

меҳнат шартномасида белгиланади

Венгрия

48 соат

иш ҳақининг 50%

Исландия

48 соат

1 соат учун ойлик иш ҳақининг 1,0385%

Сербия

кунлик 12 соат

иш ҳақининг 126%

Австралия

40 соат

соатбай иш ҳақининг 150%

Ўзбекистон

40 соат

камида икки ҳисса миқдорида

«Мансабдорларни ўз оилаcига қайтариш»га ҳаракатлар

2017 йилнинг баҳорида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев мамлакат раҳбариятига кучайтирилган иш режимига қарши «фавқулодда ҳолат» эълон қилган эди. Тошкент ва мамлакатнинг бошқа шаҳарлари аҳолиси давлат муассасалари деразаларидаги чироқлар ярим тунгача ўчмагани ҳақида ҳам хабар беришган.

2018 йил август ойида вазирлик ва идоралар раҳбарлари иштирокидаги йиғилишда президент давлат хизматчилари якшанба кунларини оиласи даврасида ўтказиши кераклигини айтган эди.

«Энди шанба куни иш соат 17:00 гача давом этади, якшанба эса дам олиш куни. Президент оилаларга эътибор беринг, деди. Шу билан бирга, у давлат хизматчилари иш вақтида ўзларига юкланган барча функционал вазифаларни самарали ва унумли бажаришлари кераклигини таъкидлади», — деди «Газета.uz» суҳбатдоши.

Шавкат Мирзиёев давлат органларида ўтказиладиган мажлислар сони ва муддатларини қисқартириш, шунингдек, кераксиз ҳисобот ва маълумотлар йиғишни тўхтатиш бўйича топшириқ берди.

Шу билан бирга, бош вазир Абдулла Арипов барча даражадаги давлат ташкилотлари ва идоралари, хусусан, маҳаллий ҳокимликларга аниқ меҳнат низомларини ишлаб чиқиш бўйича топшириқ берганди.

Мажлисларни тартибга солиш ва самарадорлигини ошириш учун уларнинг сонини кескин қисқартириш кўзда тутилган: улар жадвалга мувофиқ — ҳафтасига 2−3 мартадан кўп бўлмаган ҳолда ўтказилади, дейилади ҳукумат раҳбари томонидан имзоланган ҳужжатда. Бундан ташқари, республика миқёсидаги мажлислар учун йиғилишлар вақтини 2 соатгача, вилоят, туман ва шаҳарлар учун 1−1,5 соатгача қисқартириш бўйича топшириқ берилди.

Президент 2019 йил декабрь ойида «Бюрократик тўсиқларни янада қисқартириш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятига замонавий бошқарув тамойилларини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни имзолаган эди. Унда дам олиш ва байрам кунлари йиғилишлар ўтказишни тақиқлаш, ходимларга ноодатий вазифалар қўйиш ва бошқа чора-тадбирлар ҳақида сўз юритилди.

2020 йил февраль ойида ҳукумат давлат органларига меҳнат қонунчилигига ва ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларига риоя қилиш бўйича фармойиш чиқарди. Иш куни тугаганидан кейин ходимларни ушлаб туриш ва дам олиш кунларида ишга жалб қилиш тақиқланди.

2021 йил январь ойида президент йиғилишлардан бирида шундай деган эди: «Кераксиз мажлисларни ўтказишни тугатиш керак. Отбозорга айланиб кетяпти. Баъзи раҳбарлар мажлисбозлик билан касал. Кераксиз мажлислар ўтказадиган… 40 дақиқадан кўпроқ (мажлис) ўтказадиганлар ишдан кетади. Администрация ва президент йиғилишларидан ташқари».

2022 йил июль ойида Меҳнат вазирлиги иш вақтидан ташқари ишларга жалб қилинган давлат хизматчиларининг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича ҳужжат ишлаб чиқилишини эълон қилди. Вазирлик давлат органларидаги вақтни кузатиш тизимини меҳнат инспекцияси серверига улаш, шунингдек, иш вақтидан ташқари вақтларда электр энергияси учун оширилган тарифларни қўллашни таклиф қилди.

Ушбу чора-тадбирларга қарамай, давлат хизматчилари қўшимча ишларга чақиришда давом этмоқда ва турли ҳудудлардан дам олиш кунлари эрталаб ёки тунда йиғилишлар чақирилгани ҳақида мунтазам хабарлар келади.