Президент фармони билан яқинда Ўзбекистон иқтисодиёт ва молия вазири лавозимига тайинланган Жамшид Қўчқоровга янги ўринбосарлар тайинланди. Бу ҳақда «Газета.uz» манбаси хабар қилди.

Хусусан, Илҳом Иброхимович Норқулов вазирнинг биринчи ўринбосари этиб тайинланди. У 2020 йилнинг мартидан вазир ўринбосари лавозимида ишлаб келаётганди.

вазир ўринбосарлари, иқтисодиёт ва молия вазирлиги, тайинлов
Фото: «Газета.uz»

Илҳом Норқулов (1981 йилда туғилган) Тошкент давлат иқтисодиёт университети (бакалавр) ва Глазго университетини (Буюк Британия, магистр) тамомлаган.

Иқтисодиёт вазирлиги тизимида ва иқтисодиётнинг ишлаб чиқариш соҳасида ишлаган. У Марказий банкда ўз фаолиятини 2010 йилда бош иқтисодчи лавозимидан бошлаган. 2013 йилдан 2018 йилгача у Марказий банкнинг пул-кредит сиёсати бўлимини бошқарган, 2018 йилдан 2019 йилгача Марказий банк раҳбарининг ўринбосари лавозимида ишлаган.

Аҳадбек Яҳёбекович Ҳайдаров вазир ўринбосари этиб тайинланди. У бунгача қишлоқ хўжалиги вазирининг ўринбосари лавозимида ишлаган.

вазир ўринбосарлари, иқтисодиёт ва молия вазирлиги, тайинлов
Фото: Kun.uz

Аҳадбек Ҳайдаров 1971 йилда Фарғона вилоятида туғилган. 1994 йил Тошкент Давлат университети, 1998 йили Тошкент Давлат иқтисодиёт университети, 2001 йили Япония сиёсий фанлар Миллий институти магистратура босқичи, 2006 йил АҚШнинг Массачусетс штатида Виллиамс Коллежини тамомлаган.

У Марказий банк, Ўзмиллийбанк, «Микрокредитбанк», Молия вазирлигида турли лавозимларда фаолият юритган, Давлат активларини бошқариш агентлиги директори лавозимида ишлаган.

Абдулазиз Абдулаҳадович Ҳайдаров иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари этиб тайинланди. У бунга қадар Пенсия жамғармаси директори бўлган.

вазир ўринбосарлари, иқтисодиёт ва молия вазирлиги, тайинлов
Фото: Молия вазирлигининг матбот хизмати

Жамғарма директорлигидан олдин у Молия вазирлигининг давлат органлари, прокуратура ва суд тизими фаолиятини молиявий таъминлаш бошқарма бошлиғи бўлиб ишлаган.

Отабек Рустамович Фозилкаримов иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари бўлди. У бунга қадар соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари лавозимида ишлаган.

вазир ўринбосарлари, иқтисодиёт ва молия вазирлиги, тайинлов
Фото: Молия вазирлиги

Отабек Фозилкаримов 1986 йилда Фарғона вилоятида туғилган. 2007 йилда Тошкент давлат иқтисодиёт университетини тамомлаган.

Меҳнат фаолиятини 2007 йилда Молия вазирлигида бошлаган. 1-тоифали иқтисодчидан Молия вазирлиги департаменти директоригача бўлган йўлни босиб ўтган.

Бобур Ботирович Ходжаев ҳам иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари этиб тайинланди. У бунга қадар Президент администрациясида шўъба мудири лавозимида фаолият юритган. Шунингдек, Жасур Ҳазратқулович Қаршибоев ҳам вазир ўринбосари этиб тайинланди.

Мурод Бекберганович Атаджанов эса Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Ғазначилик хизмати қўмитаси раиси этиб тайинланди.

Бундан ташқари, иқтисодиёт ва молия вазирининг ўринбосарлари Эркин Эркамович Рустамов ҳамда Дилшод Шуҳратович Султанов бошқа ишга ўтиши муносабати билан, лавозимидан озод этилди.

Адиз Музафарович Бобоев ва Гулнора Хошимовна Раҳимова иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари лавозимларини сақлаб қолди, буни «Газета.uz» вазирлик матбуот хизматидаги манбаларидан аниқлади.