Президент Шавкат Мирзиёев 2 август куни Чирчиқдаги қишлоқ хўжалиги машинасозлиги кластерини бориб кўрди.

Кластер давлат раҳбарининг 2021 йил 11 ноябрдаги қарори асосида ташкил этилган. Ўшандан бери қарийб 38 минг квадрат метр янги иншоотлар қурилиб, 35 минг квадрат метрдан ортиқ мавжуд бинолар таъмирланди.

Кластер ва «Тошкент трактор заводи» корхонасини ташкил этиш учун Чирчиққа 5 та корхона кўчирилиб, Тошкент қишлоқ хўжалиги машинасозлиги заводи, Агрегат заводи, «Технолог», «Технолог-Стан» ва «Агросаноатмашинвест» корхоналари қуввати оптималлаштирилди.

Президент матбуот хизмати хабарига кўра, кластер йилига 15 минг дона трактор, тиркама ва бошқа техникаларни ишлаб чиқариш қувватига эга. Корхонада 1000 та ишчи ўрни яратилган.

Муҳим жиҳат сифатида тармоқ корхоналари ўртасидаги кооперацияни кенгайтириш, харажатлар ва маҳсулот таннархини камайтириш экани қайд этилди.

Кластер яқинда биринчи маҳаллий маҳсулот — универсал тракторни ишлаб чиқарди. Тошкент трактор заводи бош директори Азизбек Мухиддиновнинг айтишича, унинг маҳаллийлаштириш даражаси 25 фоизни ташкил этади (50 фоизга етказиш режалаштирилган), хусусан, завод тракторнинг кабинаси, капоти ва бошқа қисмларини ишлаб чиқаради.

қишлоқ хўжалиги техникалари кластери

Шавкат Мирзиёев «Ўзавтосаноат» раҳбари Улуғбек Розуқулов, Президент администрацияси раҳбари Сардор Умурзаков, бош вазир Абдулла Арипов ва бошқалар ҳамроҳлигида. Фото: президент матбуот хизмати.

Шунингдек, ғалла ўриш комбайнини ишлаб чиқариш ҳам йўлга қўйилмоқда. Шавкат Мирзиёев аввалроқ терим машинаси тўлиқ Германиядан олиб келингани, ҳозирда эса «100 фоиз ўзимизда ишлаб чиқариш чоралари кўрилаётгани»ни айтди.

Президент импорт қилинадиган маҳсулотларни маҳаллийлаштириш, бу жараёнга хусусий секторни жалб этиш муҳимлигини таъкидлади.

«Қишлоқ хўжалигимизда техникага талаб катта. Бизга арзон, муқобил, тежамкор техника керак. Бунинг учун маҳаллийлаштириш ва таннарх бўйича ишлаш зарур. Деҳқонларга арзон техника етказиб бермасак, манфаатдорлик бўлмайди», — деди Шавкат Мирзиёев.

Президент Қашқадарё, Жиззах ва Сирдарё вилоятларида пахтани машина билан териш ҳажми 50 фоизга яқинлашаётганини таъкидлади. Олти ой давомида Ўзбекистон 550 млн доллардан ортиқ қийматдаги мева-сабзавот экспорт қилди ва яқин келажакда бу кўрсаткични 2−3 млрд долларга етказиш режалаштирилмоқда.

«Қишлоқ хўжалигининг барча тармоқларида яна лойиҳалар кўп. Уларда маҳсулдорликни ошириш, одамлар меҳнатини енгиллаштириш учун сифатли, хамёнбоп техникалар зарур», — деди президент.

Давлат раҳбари техникага техник хизмат кўрсатиш муҳимлигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, кластер нафақат сотиши, балки техникаларга хизмат кўрсатиши ҳам керак. Тошкент вилояти мисолида хизмат кўрсатиш марказларини ташкил этиш ва сифатли хизмат кўрсатишни ташкил этиш, ёшларга техникаларни таъмирлашни бепул ўргатиш вазифаси қўйилди.

Кластерда илмий марказ ташкил этилган. Бу ерда Германия ва Швеция компанияларининг таълим марказлари билан ҳамкорликда узлуксиз дуал таълим шаклидаги ўқув жараёнлари йўлга қўйилган. Шу билан бирга, олий таълим муассасалари талабалари назарий билимларини кластерда амалиёт билан мустаҳкамлаши мумкин.

Қўшимча қилинишича, 20 минг квадрат метр майдонда қуёш батареяларини ўрнатилган. Бу кластернинг электр энергиясига талабини 30 фоизгача қондириши мумкин.

2022 йил ёзида президент қишлоқ хўжалиги техникасини харид қилиш учун 100 млн доллар имтиёзли кредит ажратиш тўғрисидаги қарорни имзолаганди. Банклар имтиёзли даврни ҳисобга олган ҳолда 10 фоиз ставкада миллий валютада 10 йилгача муддатга кредитлар беради.