Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2 август куни Тошкент вилоятига ташрифи чоғида Ўзбекистоннинг 26 та шаҳар ва туманлари давлат солиқ инспекциялари раҳбарларини лавозимидан озод қилиш бўйича топшириқ берди, дея хабар қилди давлат раҳбари матбуот котиби Шерзод Асадов.

Улар — Қўнғирот, Тахтакўпир, Улуғнор, Олот, Пахтакор, Наманган, Мингбулоқ, Чуст, Косон, Муборак, Деҳқонобод, Ургут, Каттақўрғон, Нуробод, Музработ, Хива, Хонқа, Китоб туманлари ҳамда Бухоро, Когон, Самарқанд, Ангрен, Бекобод, Олмалиқ, Нурафшон, Урганч шаҳарлари солиқ идоралари раҳбарлари.

Шавкат Мирзиёев тадбиркорликни ривожлантириш орқали солиқ базасини кенгайтириш муҳокамаси чоғида ишдан бўшатиш тўғрисидаги қарорини маълум қилди.

Биринчи ярим йилликда республикада солиқ тушумлари 76,3 трлн сўмни ташкил этиб, ўтган йилга нисбатан 107,5 фоизга ўсди. Ушбу даврда 2,3 трлн сўм маҳаллий бюджетлар ихтиёрида қолдирилди.

«Лекин бу мавжуд салоҳиятимиздан анча кам. Тан олиш керак — кундан-кунга ўсаётган иқтисодиётимизнинг самараси бюджет даромадларида тўлиқ кўринмаяпти. Бу борада тадбиркорларни айблаб бўлмайди. Бунинг учун солиқ идоралари ўз дунёқарашини ўзгартириши керак», — дея таъкидлади президент.

Давлат раҳбарининг таъкидлашича, солиқчилар тадбиркорларга пул ундириш нуқтаи-назаридан эмас, балки уларни қўллаб-қувватлаш орқали ўстириб, солиқ базасини кенгайтириш манбаи сифатида қараши зарур.

Қайд этилишича, бугунги кунда солиқ тушумларининг 60 фоизини Йирик солиқ тўловчилар инспекцияси электрон тизим орқали жойига чиқмасдан ундираётгани, лекин вилоят ва туман солиқ ходимлари хотиржам бўлиб ўтиргани танқид қилинди.

Мисол учун, бугунги кунда даромад солиғи тўлаётган корхоналар сони 425 мингтани ташкил қилиб, йил бошига нисбатан 9 фоизга камайган. Айниқса, бундай корхоналар Хоразм ва Қорақалпоғистонда 20 фоизга, Тошкент вилоятида 14 фоиз, Бухоро, Самарқанд ва Наманган вилоятларида 12 фоизга камайган.

Ёки, жорий йилнинг беш ойида 40 та туманда тадбиркорлар даромади деярли ўзгармаган, айримларида ҳатто тушиб кетган.

Шу билан бирга, президент солиқ идоралари қўшимча манбалар топиш ўрнига эски замон касалига берилиб, ишлаётган тадбиркорларнинг тайёр маблағларини ундиришга ўрганиб олганини қайд этди. Масалан, 2022 йилда тадбиркорлар томонидан ортиқча тўланган солиқлар ҳажми 320 млрд сўмга ошиб, 4,4 трлн сўм бўлган.

«Афсуски, солиқ ходимлари ўртасида коррупциявий жиноятлар сони йилдан-йилга кўпаймоқда», — деди президент.

Бош Прокуратура ҳузуридаги Департамент назоратни сусайтириб юборгани танқид қилиниб, унга солиқчилар томонидан ортиқча тўловлар ундириш, уларни вақтида қайтармаслик, текширишдаги сохтакорлик каби қонун бузилишларнинг олдини олиш бўйича амалий тизим яратиш топширилди.

Шунингдек, бюджет тушумларини таъминлаш ва тадбиркорлар фаолиятини текширишда йўл қўйган камчиликлари учун:

  • Андижон ва Сирдарё вилоятлари солиқ бошлиқлари ҳамда Солиқ қўмитасининг йирик солиқ тўловчилар билан ишлаш инспекцияси бошлиғи вазифасини бажарувчисини лавозимидан озод қилиш;
  • иқтисодиёт ва молия вазирининг солиққа масъул ўринбосари Дилшод Султонов, Солиқ қўмитаси раиси ўринбосарлари Мубин Мирзаев, Жаҳонгир Абдиев, Сирожиддин Эшматов, Мирзиёд Маҳкамов, Тошкент шаҳар солиқ бошқармаси бошлиғига ҳайфсан эълон қилишга кўрсатма берилди.