2023 йил июль ойида Ўзбекистонда 0,2 фоизлик дефляция қайд этилди. Бу ҳақда президент ҳузуридаги Статистика агентлиги ҳисоботида маълумот берилди.

Агентлик маълумотларига кўра, истеъмол нархлари индексининг пасайиши озиқ-овқат маҳсулотларининг сўнгги бир ойда ўртача 0,9 фоизга арзонлашгани ҳисобига кузатилган, бу даврда ноозиқ-овқат маҳсулотлари 0,3 фоизга, хизматлар эса 0,5 фоизга қимматлашган.

Йил бошидан буён (январь-июлда) инфляция 3,3 фоизгача пасайди (ўтган ойда бу кўрсаткич 3,45 фоизни ташкил этган). Йиллик инфляция (ўтган йилнинг июль ойига нисбатан) 9,8 фоизгача пасайди — бу 2016 йил августидан бери энг паст кўрсаткич (8,6 фоиз). Йил давомида озиқ-овқат маҳсулотлари ўртача 10,7 фоизга, ноозиқ-овқат маҳсулотлари 7,3 фоизга, хизматлар 8,2 фоизга қимматлашди.

Июль ойида алоҳида маҳсулотлар бўйича гуруч ва гуруч оқшоғи 1,7 фоизга (йиллик ҳисобда — 50,6 фоизга), суякли мол гўшти — 0,7 фоизга (13 фоизга), қўй гўшти — 0,5 фоизга (12,5 фоизга) қимматлади.

Бир қатор асосий озиқ-овқат маҳсулотлари арзонлашди. Ун нархи яна 2,1 фоизга (йил давомида -5,5 фоиз), тухум 4 фоизга (нархи бир йилда 12,2 фоизга ошган), кунгабоқар ёғи 3 фоизга (-14,7 фоиз), шакар 4,6 фоизга (+5,6 фоиз), сут 2,8 фоизга (-17,5 фоиз)га арзонлади.

Мева-сабзавотлардан ўтган ойда бодринг (+8,1 фоиз), қовун (+6,3 фоиз), сабзи (+5,9 фоиз), лимон (+4,9 фоиз), узум (+4,4 фоиз), олма (+3,5 фоиз) қимматлаган. Бақлажон 37,6 фоизга, булғор қалампири 36,8 фоизга, помидор 30,5 фоизга, пиёз 20,2 фоизга арзонлади.

Йиллик ҳисобда лимон 2,1 бараварга, карам 39,9 фоизга, мандарин 33,8 фоизга, сабзи 23,3 фоизга, олма 22,5 фоизга, нок 18,5 фоизга, узум 11,8 фоизга қимматлаган.

Алкоголли ичимликлар 0,2 фоизга (йил давомида 12,3 фоизга), тамаки маҳсулотлари 1 фоизга (+11,6 фоизга) қимматлади.

Ўтган ойдаги каби июль ойида ҳам бензин нархи барча ҳудудларда республика бўйича ўртача 2 фоизга ошди. Газ ёнилғиси нархи деярли ўзгармади.

Авиакомпания хизматлари нархи 4,3 фоизга ошди, бу миллий валютанинг еврога нисбатан курсининг ўзгариши билан изоҳланади. Темирйўл транспорти хизмати 1,2 фоизга қимматлашди.

Июль ойида умумий овқатланиш хизматлари тўққизта вилоятда ўртача 0,2 фоиздан 2,3 фоизгача қимматлашди.

Ўзбекистоннинг тўртта ҳудудида меҳмонхона хизматлари қимматлашди (1,7−2,4 фоиз оралиғида), дам олиш марказларида нархлар барқарорлиги сақланиб қолди.

Палов индекси (озиқ-овқат нархлари қандай ўзгаришини тушунишга ёрдам берадиган бигмак индекси ва оливье индексларининг аналоги) деярли ўзгармади. Қашқадарё вилоятида паловнинг бир порцияси нархи 2,5 фоизга ошди, қолган вилоятларда нархлар ўзгармади ёки 1 фоизга ошди.