1 август куни тунда Бухоро шаҳрининг Ибн Сино кўчасида жойлашган 2 қаватли савдо дўконларида ёнғин содир бўлди, дея хабар бермоқда вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси матбуот хизмати.

Соат 02:05 да вилоят ФВБ навбатчи диспетчерлик хизматига вилоят Миллий гвардия ходимлари қўнғироқ қилиб, Ибн Сино кўчаси йўл ёқасида жойлашган 2 қаватли савдо дўконлари (халқ тилида эски ПМК савдо мажмуаси)да ёнғин содир бўлаётгани тўғрисида хабар берган.

Воқеа жойига вилоят гарнизонидан 11 та ёнғин-қутқарув экипажлари ҳамда 7 та ҳамкорликдаги хизматларнинг техникалари жалб этилган. Ёнғин жойига соат 02:07 да етиб борилиб, савдо дўконларининг тахминан 700 метр квадрат майдонга тарқалиб ёнаётгани тўғрисида маълумот олинган ва соат 03:11 да батамом ўчирилган.

Ёнғин оқибатида 15 та дўконнинг ички товар маҳсулотлари ва шифт қисми ёнган. Худди шу манзилда бўлган «Бухоро марказий деҳқон бозори»га қарашли 1 қаватли савдо павильонидаги 8 та савдо дўконлари (жами 23 та савдо дўкони) ичида бўлган товар моддий бойликлари ва дўкон жиҳозлари ёниб зарар кўрган.

Ёнғиндан бозор тасарруфидаги павильон ва савдо дўконларининг 10 минг метр квадрат майдони сақлаб қолинган. Ҳодиса оқибатида инсонларнинг ҳалок бўлиш ва тан жароҳати олиш ҳолатлари қайд этилмаган. Содир бўлган ёнғин юзасидан вилоят ИИБ ва ФВБ томонидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда.