ЖИБ Миробод туман судида блогер Абдуқодир Мўминовга оид ишнинг суд тергови якунланиб, суд музокаралари бошланди. Музокараларда прокурор томонидан судланувчига нисбатан узил-кесил 11 йил озодликдан маҳрум этиш ва 3 йил давомида журналистик фаолиятни чеклаш сўралди. Бу ҳақда Олий суд «Газета.uz»га маълум қилди.

Бундан ташқари прокурор томонидан Абдуқодир Мўминовга нисбатан БҲМнинг 400 баробари миқдорида (132 000 000 сўм) жарима жазоси тайинланиши сўралди.

Эслатиб ўтамиз, YouTube платформасидаги 247 минг обуначига эга «Кўзгу» саҳифаси муаллифи, блогер Абдуқодир Мўминов (1990 йилда туғилган) Жиноят кодексининг:

  • 141−1-моддаси (шахсий ҳаёт дахлсизлигини бузиш) 2-қисми «а», «б» бандлари;
  • 165-моддаси (товламачилик) 3-қисми «а» банди;
  • 168-моддаси (фирибгарлик) 3-қисми «б», «в» бандлари, 4-қисми «а» банди;
  • 189-моддаси (савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш) 1-қисми;
  • 28, 211-моддаси (пора беришда иштирокчилик) 3-қисми «а» бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланмоқда.

У 2021 йил октябрь ойида содир этилган фирибгарлик ва товламачиликда гумонланиб, февраль ойида ҳибсга олинганди.

Аввалроқ товламачилик ва туҳмат қилишда айбланиб ҳибсга олинган блогер Отабек Сатторийнинг суд ишида ҳам прокурор 11 йилга озодликдан маҳрум қилишни сўраганди. Якунда суд блогерга нисбатан 6 йил 6 ойга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлаганди.