Ички ишлар органлари ходимлари кичик ёшдаги болаларга «оқ билан қорани ажрата олиш» ҳақида маъруза қилган Тошкентдаги мактабгача таълим ташкилоти услубчиси ва мудираси интизомий жазога тортилди. Бу ҳақда 31 июль куни Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги раҳбарияти иштирокида АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди, дея хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

Мактабгача таълим агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Фарруҳ Бобоев аслида болалар билан машғулотлар махсус майдончада ўтказилиши белгиланганини таъкидлади. Аммо учрашув нотўғри ташкил этилиб, гуруҳда ўтказилган.

болалар, мактабгача таълим агентлиги

Фото: АОКА

«Мактабгача таълим ташкилотларида ёз ойларида мактабга тайёрлов гуруҳларимиздаги 6 ёшли болажонларимизга йўл ҳаракати қоидаларини ўргатиш, ҳарбийлар билан учрашиш, она ватанга садоқат руҳида тарбиялаш мақсадида ёзги соғломлаштириш дастурлари йўлга қўйилган. Айнан ҳар битта боғчада йўл ҳаракати қоидаларини ўргатувчи майдончалар мавжуд. [Видеодаги] учрашув айнан ўша майдончада эмас, балки гуруҳда ўтказилган. Учрашув нотўғри ташкил этилгани учун тегишли мутасаддилар (агентлик ахборот хизматининг «Газета.uz»га маълум қилишича, боғча мудираси ва услубчиси)га нисбатан интизомий чоралар қўлланилди», — деди Фарруҳ Бобоев.

Эслатиб ўтамиз, 23 июль, якшанба куни интернетда пойтахтдаги мактабгача таълим ташкилотларида бирида ички ишлар органлари ходимлари 3−4 ёшли болалар билан «тарбиявий соат» ўтказаётгани акс этган видео пайдо бўлди. Унда ходимлардан бири яхши инсон бўлиш, ота-онани ҳурмат қилиш, кейин афсусланмаслик учун «айтганини қилиш», «оқ билан қорани ажрата олиш» ҳақида гапиради. Видео, кутилганидек, жамоатчилик норозилигига сабаб бўлди.

Мактабгача таълим агентлиги ўз изоҳида мактабгача таълим ташкилотлари болалар билан суҳбат ўтказиш учун турли соҳа вакилларини таклиф қилишлари мумкинлигини, аммо бундай тадбирлар ўйинлар, байрамлар, экспериментлар, томошалар, китоб ўқиш ва экскурсиялар шаклида ўтказилиши кераклигини маълум қилди.

Тошкент мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ахборот хизматининг баёнот беришича, ҳолат 18 июль куни Учтепа туманидаги боғчаларнинг бирида кузатилган. Боғча мудирасининг таклифига асосан, туман ИИО ФМБ 2-сонли ИИБ «Фарҳод» маҳалласига хизмат кўрсатувчи 40-сонли ТП профилактика катта инспекторлари капитан Ф.Т. ва лейтенант А.А. ушбу боғчага келган (бу қисм расмий муносабатда мавжуд эди, аммо бошқарма хабарни ўчириб, уни каналга қайта жойлаганда тушириб қолдирилган).

Эслатиб ўтамиз, ушбу масалага президент Шавкат Мирзиёев ҳам тўхталиб: «Нима иш қилиш кераклигини билмаган айрим профилактика инспекторлари эса боғчаларга бориб, 3−4 ёшли болакайларга „оқ-қорани фарқлаш“ бўйича маъруза ўқиш билан банд», — деган эди Фарғонадаги йиғилишда.

Аввалроқ «Газета.uz» психолог Зулайҳо Шерматовадан вазиятга изоҳ беришни сўради. У болаларнинг ёшини ҳисобга олиш ва болалар билан мулоқот қиладиган одамларни тайёрлаш муҳимлигини таъкидлади.