Ўтган якшанба куни интернетда пойтахтдаги мактабгача таълим ташкилотларида бирида ички ишлар органлари ходимлари 3−4 ёшли болалар билан «тарбиявий соат» ўтказаётгани акс этган видео пайдо бўлди. Унда ходимлардан бири яхши инсон бўлиш, ота-онани ҳурмат қилиш, кейин афсусланмаслик учун «айтганини қилиш», «оқ билан қорани ажрата олиш» ҳақида гапиради.

Видео, кутилганидек, жамоатчилик норозилигига сабаб бўлди. Мактабгача таълим агентлиги ўз изоҳида мактабгача таълим ташкилотлари болалар билан суҳбат ўтказиш учун турли соҳа вакилларини таклиф қилишлари мумкинлигини, аммо бундай тадбирлар ўйинлар, байрамлар, экспериментлар, томошалар, китоб ўқиш ва экскурсиялар шаклида ўтказилиши кераклигини маълум қилди.

Мазкур масалага ҳатто президент Шавкат Мирзиёев ҳам тўхталиб: «Нима иш қилиш кераклигини билмаган айрим профилактика инспекторлари эса боғчаларга бориб, 3−4 ёшли болакайларга „оқ-қорани фарқлаш“ бўйича маъруза ўқиш билан банд», — деди.

«Газета.uz» психолог, психология ўқитувчиси Зулайҳо Шерматовадан вазиятга изоҳ беришни сўради. У Ломоносов номидаги Москва давлат университети битирувчиси, 13 йиллик иш стажи, шу жумладан 10 йиллик терапия ва консультация тажрибасига эга, охирги 5 йил давомида невропсихолог ва когнитив ривожланиш психологи сифатида ихтисослашган.

«Вақтни самаралироқ сарфлаш мумкин эди»

«Мазкур тадбир травматик омиллар билан кечмаган бўлса, яъни ҳеч ким қўполлик қилмаган, ҳеч ким қичқирмаган, болаларни чўчитмаган бўлса, бу видеода ҳеч қандай қўрқинчли нарса йўқ. Лекин бу тадбирдан ҳам фойда йўқ деб қўрқаман. Мазкур тарбиявий соат мактабгача ёшдаги болаларнинг психологик хусусиятларини инобатга олган ҳолда ташкил этилганида эди, ИИО ходимлари сарфлаган вақтни янада конструктив ўтказиш мумкин эди», — деди мутахассис.

«Болалар психологи, психология ўқитувчиси сифатида айтишим мумкин: болалар боғчаси ёши кичик ва катта мактабгача ёшдаги — 2−3 ёшдан 6−7 ёшгача бўлган даврни ўз ичига олади, бу ёшлардаги болаларда ҳаракатлар учун жавобгарлик ҳисси ва ҳаракатларнинг сабаб-оқибат алоқалари эмас, балки ижтимоий-маданий кўникмалар фаол шаклланади. Улар фаол равишда бошқа психологик хусусиятлар, масалан, ўзини ўзи баҳолаш, ўзи ва бошқалар учун турли ролларни ўйнаб кўришга ҳаракат қилиш кабиларни шакллантирадилар», — дея тушунтирди у.

«Болалар ўзларига турли ролларни олаётганларида буларнинг барчаси ушбу ёш учун етакчи фаолият — сюжетли-ролли ўйинларни ўйнаш орқали шаклланади. Мисол учун, ўйинларда улар ота, она, шифокор, полициячи ва ҳоказо бўлишади. Шундай экан, болаларга нима яхши, нима ёмон, ким билан бориш мумкинлиги, қандай ҳолларда ёрдам сўраш кераклигини тушунтириш учун айнан шундай ёндашувдан фойдаланган ҳолда маълумотни янада самаралироқ етказиш мумкин бўлади», — деди Зулайҳо Шерматова.

Видеода кўрсатилган форматдаги болалар ўзлари тушунмайдиган тилда нималардир гапираётган одамни тинглашлари керак бўлган суҳбат «улар 7 яшарга яқин ёшдаги болалар бўлмаса, нолга тенг». Видеода бу ёшга тўлмаган болалар кўриниб турибди ва улар катта эҳтимол билан «шунчаки милиционер амакилар келиб, нимадир деганини англаб етишган».

"Нега? Чунки бу ёшдаги болаларда, ҳам кичик, ҳам катта мактабгача ёшдаги болалардаги асосий фаолият — ўйин ҳисобланади. 3 ёшдан 4 ёшгача болалар учун бу фаол ўйинлар бўлса, 5 ёшдан 7 ёшгача — ролли ўйинлар. Айнан етакчи фаолият орқали ва айнан маълум бир ёшдаги асосий фаолият тури орқали болалар ташқи дунёни қабул қиладилар ва уни фақат ушбу восита орқали ўрганадилар", — деди мутахассис.

«Шунинг учун бу ёшда болаларга ниманидир етказмоқчи бўлсак, эътиборга олишимиз ва шунга мос равишда эртаклар, ҳикоялар, ўйинлардан кўпроқ фойдаланишимиз керак. Худди шу милиционер амаки хонанинг ўртасида туриши, болаларни яқинроқ таклиф қилиши, дўстона муҳит яратишга ҳаракат қилиши, уларга нима қилиш кераклигини ва бирор нарса содир бўлганда қандай йўл тутиш лозимлигини ўргатиш учун келган дўст сифатида пайдо бўлиши мумкин эди. Буни расмий ва бир хил оҳангда эмас, балки ранг-барангроқ айтиб берган бўлардим», — деди Зулайҳо Шерматова.

«Улар фойдаланган бундай форматда болаларнинг мурғак дунёсига мутлақо йўл топиб бўлмайди, улар вақтни беҳуда сарфлашган ва афсуски, бу ҳисобот учун қилингани аниқ», — деди у.

Болалар билан шуғулланадиган мутахассислар махсус тайёргарликка эга бўлиши зарур

«Бундай кўринишдаги тарбиявий соатларни ўсмир болалар билан ўтказган яхшироқ, чунки биз, катталар „масъулият“ деганда тушунадиган масъулият айнан 11 ёшдан шаклланади. Қачонки сиз қандайдир ғамхўрлик ҳамда қайсидир ҳолатларнинг жиддийлигини ҳақиқатдан ҳам сезганингизда, ҳавфлилик даражасини ҳам баҳолай оласиз. Ўсмирларга эса ташқи омиллар кўпроқ таъсир қилади, бу ёшда оила, ота-оналар иккинчи ўринга тушади, мободо ундан ҳам пастроқ бўлмаса. Дўстлар, жамият, кўча биринчи ўринга чиқади», — дея таъкидлади психолог.

«Биринчи синфда бундай суҳбатларни ўқитувчи орқали ўтказиш фикр ёмон эмас, чунки бошланғич мактаб ёшида болаларда ўзини ўзи баҳолаш шундай шаклланадики, бу жараёнда айнан ўқитувчи асосий обрў-эътиборли одамга айланади. Яъни, устоз айтган ҳамма нарса тўғри бўлади. Ундан кейин — фақатгина менинг айтганларим, кейин — ота-онамнинг айтганлари. Кичик ва катта мактабгача ёшда эса аксинча — бу ерда, биринчи навбатда, ота-оналар айтган ҳамма нарса тўғри, кейин — тарбиячи, кейин эса боланинг ўзи. Бу ёшда ўзини ўзи баҳолаш мана шундай ривожланади, шунинг учун маълумот сюжетли роль ўйнаш фаолияти — эртаклар, ҳикоялар, китоблар, плакатлар орқали яхшироқ қабул қилинади», — дея фикрини такрорлади мутахассис.

Кичикроқ ёшда эса ота-оналар билан суҳбатлашиш фойдалироқ бўларди. «Ота-оналарни таклиф қилиш, болалар ҳам бирга ўтиришлари мумкин эди. Нима бўлганда ҳам улар қилган иш — самарасиз эди», — дейди Зулайҳо Шерматова.

Видеодан кўриш мумкинки, болалар ўтиришибди ва юришгани йўқ, суҳбат эса эркин форматда бўлмаган, уларга шовқин қилиш мумкин эмаслиги айтилган бўлиши мумкин (видеода тарбиячининг «тшшш» дегани ҳам шундан далолат беради). «Умуман олганда, буни шундай форматда ўтказиш шартмиди? Ростини айтсам, тушунмаяпман. Мен бу милиционерларнинг вақтларини бунга сарфламаган бўлардим. Уни бошқа нарсага сарфлаган бўлардим. Бу яна бир бор тизим нотўғри ишлаётгани ва ўз ресурсларини нотўғри тақсимлаётганидан далолат беради», — деди мутахассис ўз фикрини.

«Суҳбатларнинг бундай формати болаларнинг аста-секин қаттиққўлликка, тарбиячи талаб қиладиган нарсага, ўтириш, эшитишга ўрганиб қолишларига олиб келади. Кичик ёшдаги болалар учун бундай муносабат фобияга олиб келиши мумкин. Қўполликка йўл қўйилса, болалар кўчага чиққанида милиционерлардан қўрқишлари мумкин. Шунинг учун улар ёшининг психологик хусусиятлари ва етакчи фаолиятини ҳисобга олган ҳолда маълумотларни тақдим этиш керак эди. Кимнидир тарбиявий соатга жўнатишдан аввал бу ҳақда айтиш зарур», — деди психолог.

Унинг фикрича, бу «бизнинг тизимимизда, ҳар қандай тизимда шу каби бўшлиқлар борлигидан, бундай муҳим маълумотларни таклиф этилаётган мутахассисларга етказиши лозим бўлган психолог-мутахассисларнинг ишламаётганидан» дарак беради. «Ҳар қандай университетда, қайси йўналишда бўлишидан қатъи назар, ўқитиш методологияси мавжуд экани бежиз эмас, чунки бирор нарсани, айниқса болаларга етказишдан олдин, бу ҳақда билиш керак».

«Натижада болалар баъзида ҳатто улар билан нимадир рўй берганида ҳам ўқитувчиларининг олдига бориб, бу ҳақда айтишдан қўрқишади, чунки уни уришиб беришларидан чўчишади», — дея хулоса қилди Зулайҳо Шерматова.