Журналист Абдуқодир Мўминов иши юзасидан ЖИБ Миробод тумани судида 25 июль куни бошланган суд мажлиси, қисқа танаффусдан сўнг, 27 июль куни ўз ишини давом эттирди. Унда 8 нафар жабрланувчининг кўрсатмалари тингланди.

Навбатдаги судда иштирок этганларнинг «Газета.uz»га маълум қилишича, дастлаб сўроқ қилинган жабрланувчи З.Э. ғишт заводи билан боғлиқ муаммога дуч келгани учун Абдуқодир Мўминовни излаб топиб, у билан 10 минг долларлик келишувга эришганини айтди. У олдиндан 3800 доллар бериб, ғишт заводи билан боғлиқ муаммоли ҳолат ҳақида журналистик суриштирув ўтказиб беришни сўраган.

«Абдуқодир Мўминов билан бир танишим орқали Тошкентда танишиб қолгандик. Шундан сўнг уни Жиззахга чақирдим. Бизда ғишт завод билан боғлиқ муаммо бор эди. Умумий ҳисобда 10 минг долларга оғзаки келишдик ва шу пул эвазига муаммо юзасидан журналистик суриштирув қилиб бериши керак эди. Бошидан 3000 доллар, кейин бир марта 500 ва яна уч марта 100 доллардан, жами 3800 доллар бердим. Шу видеони YouTube`да 15 кунми ёки бир ойми қўйиб, кейин олиб ташлади. Телефонларимга жавоб бермай қўйди. Керакли „запислар“ бор эди, уни ҳам бермади», — дейди жабрланувчи.

Фуқаронинг иддаосига жавоб берар экан, Абдуқодир Мўминов 3800 долларлик айбловни рад этди. Аммо ушбу фуқародан меҳнати учун 600 доллар ва автомобили учун аккумулятор олганини тан олди.

абдуқодир мўминов, блогер, журналист, суд

«Бу материални ёзиш учун 500 ёки 600 долларга келишгандик. Материални тайёрлаш учун Жиззахга бориб, ўрганиш олиб бордим. Мақола тайёр бўлгач, бу кишига „500 доллар жўнатинг, фақат бераман, бераман деб юрибсиз, лекин шу кунгача бермадингиз дедим“. Кейин таксидан бериб юборган экан, аёлим билан бирга чиқиб, шу пулни олганмиз», — дея эслади айбланувчи.

«Дарвоқе, Жиззахга борганимизда вилоят ИИБ биноси олдида машинам ўт олмай қолди. Аккумулятори ўлиб қолган экан. Шунда янги аккумулятор олиб келишди. Машинамга қўйиб, ўт олдирдим ва буларга „ҳисобли дўст айрилмас ака, аккумулятор пули қанча бўлди, ҳозир бунга етадиган пулим йўқ, лекин Тошкентга бориб, пластикка ташлаб юбораман“ дедим. Шунда „йўқ, керакмас, ишлатиб юраверинг“ дегач, „хўп, раҳмат“ дедим. Қаердан биламан, айни кунга келиб, машинасига аккумулятор ҳам қўйиб бергандим дейишини. Ўша пайт буни билганимда пулини тўлаган бўлар эдим», — деди Абдуқодир Мўминов.

Судланувчининг айтишича, у жабрланувчидан дастлаб 500 доллар, кейин яна 100 доллар, жами ҳисобда 600 доллар олган. 3800 доллар ҳақидаги гап ёлғон.

«Бу киши ҳақидаги материал YouTube`га қўйилгач, кўп ўтмай қоидабузарлик бўлгани ҳақида огоҳлантириш келди. Қолаверса, мазкур видео изоҳида ҳам муаммоли ҳолатлар келиб чиқди. Иккинчи томон бунга эътироз қилди. Шу сабаб бу видеони ўчириб юбордим. Мен бу киши билан материални бир йил туради, умрининг охиригача туради ёки бир ой туради деб келишув қилмаганман. Бор гап шу», — дейди Абдуқодир Мўминов.

абдуқодир мўминов, блогер, журналист, суд

Яна бир жабрланувчи аёл Л.М. Абдуқодир Мўминовни ўзи излаб топганини, ноҳақ ишдан бўшатилгани учун адолат излаб, ундан ёрдам сўраганини билдирди.

«Олий судда ҳам ҳуқуқларим тикланган бўлишига қарамасдан, иш жойимга қайтиб тиклашмаган. Шу сабаб буларни YouTub`дан излаб топиб, ўзим алоқага чиққанман. Ёрдам сўраганимда булар шартнома берган. Шартномага 10 миллион сўм дейилганди. Мен шунда ҳозир 5 млн сўмини, ишим битгач, яна қолган 5 млн сўмини бераман деб келишув қилмаганман», — деди жабрланувчи.

«Абдуқодир Мўминов менинг ишим юзасидан журналистик суриштирув олиб бориб, видео тайёрлаган. Лекин шунга қарамасдан иш жойимда мени тинч қўйишмаган. Шу сабаб булардан охиригача ёрдам беринг деганман. Хуллас, бу масала яна судга ўтгач, мен булардан тайёрланган кўрсатув ва мен берган факт, далилларни беришингизни сўрайман деганман. Шу сабаб бир неча марта телефонлашганимизда вилоятга кетмаган деди. Видеоларни ололмадим. Аммо пул билан боғлиқ давоим йўқ».

«Текин ишласак, қандай яшаймиз биз?»

Суднинг шу қисмида судья Сардорбек Содиқов айбланувчига қуйидагича савол билан юзланди: «Абдуқодир сиз ички ишлар органи ходими бўлмасангиз, прокуратура бўлмасангиз, одамлар муаммоси билан юриб, яна улардан пул олишдан мақсад нима эди. YouTube`ингизда етарли даражада ўқувчи бор экан, шундан ҳам тирикчилигингиз яхши ўтаётган бўлгандир. Сизнинг бу ҳаракатларингиз қўпол қилиб айтганда шантаж қилишга ўхшаяптида?».

Судланувчи Абдуқодир Мўминов эса шундай жавоб берди: «Блогерлар шартнома қилиб ишлайди. Текин ишласак, қандай яшаймиз биз? Текин ишласак, яшаб бўлмайдику. Гонорар олишга ҳам ҳаракат қилганман. YouTube`дан деярли даромад олмайман. Кўпчилик сўраганда „YouTube`дан олаётган даромадим бир ойлик бензин харажатимга ҳам етмайди“, деб жавоб берганман. Мен шантаж учун ишламаганман. Очиқ ишлашга ҳаракат қилганман. Аммо пул беришсада, шантаж ёки шарманда қилишни сўрашса, ўша материални тўхтатиб қўйган жойларим ҳам бўлган».

Судда сўз олган уч нафар жабрланувчи М.Б., Қ.А. ва М.И.лар ноқонуний тендерда олиб қўйилган фермерлик ери муаммосини олиб чиқиш учун блогерга мурожаат қилишганини, ҳар бири 5 млн сўмдан, жами 15 млн сўм миқдорида пул беришганини, аммо ваъда қилинган материал чиқарилмаганини айтиб, даъво қилди.

«Бу кишилар ёнимга келганида шартнома билан тўлиқ танишинг, мен прокурор, ҳоким ёки ички ишлар ходими эмасман, мен муаммони борича ўрганиб, олиб чиқиб бераман. Агар кимнидир шантаж ёки провокация қилиш нияти бўлса, ишимни шу жойида тўхтатаман дедим. Муаммони ўрганишга бориб, ҳолатни ўрганаётганимда улардан бири „нима бўлса ҳам шуларни чиқариб, иккинчи томонни шарманда қилиб беринг“, дейишгани учун бу ишдан совиб, ёзгим келмай қолди», — дейди судланувчи.

абдуқодир мўминов, блогер, журналист, суд

Жабрланувчилар эса бу ёлғон эканини, бу ҳақида материал чиқмагач, 15 млн сўм пулини сўрашганини, аммо блогер «менда олиш бору, қайтиб бериш йўқ» деган деди.

Судья мазкур мулоқот давомида судланувчига юзланиб, «Абдуқодир нега пулни қайтариб бермадингиз», деб савол берди. Судланувчи бунга жавобан: «Нима бўлишидан қатъий назар уларнинг пулини қайтариб беришга тайёрман».

Суд ишида 1 август куни соат 10:30 гача танаффус эълон қилинди.

«Суддан ҳозирча қониқиш ҳосил қиляпман» — Абдуқодир Мўминовнинг онаси

Абдуқодир Мўминовнинг онаси Сабоҳат Абдуллаева суднинг адолатли ва шаффоф ўтаётганини таъкидлади.

«Суддан ҳозирча қониқиш ҳосил қиляпман. Боиси, судда ўғлимга тазйиқ бўлмаяпти ёки бунақа ҳолат деб ҳеч ким айтмаяпти. Гувоҳларга ҳам ҳеч ким ён босмаяпти. Прокурорнинг ҳаракатидан жуда қониқдим. Жуда оғир-босиқ экан, барча ҳолатни тушуниб турибди. Суд ҳақида эса ҳозирча бирор нима деёлмайман. Ҳукм чиқаргач, бу ҳақида бирор нима дейишим мумкин», — дейди у.

Абдуқодирнинг онаси ўғли нима учун адвокатлардан бирининг хизматини рад этганига ҳам аниқлик киритди: «Икки адвокат ҳам ёрдам берса яхши эдику, аммо менинг кўнглим сезиб турганди, келинга ҳам айтгандим, барибир рад қилса керак деб. Бунинг аниқ сабабини билмайманку, аммо менинг фикримча, ўғлим адвокатларга кўп пул сарфлашмасин деди. Бу ҳақда Абдуқодирдан сўраганимда „она бу ерда адвокат қиладиган иш йўқ“, деди».

Сабоҳат Абдуллаева ўғлига давлат томонидан ажратилган адвокат фаолиятидан ҳам рози эканини айтмоқда. «Бугунгиси жуда яхши, олдинги адвокатдан кўнглим тўлмаганди», — дейди у.

Суҳбатдош ўғлининг ташқи кўриниши яхши экани, аммо бу хулоса қилишга етарли эмаслигини айтди.

«Мен шифокорман, фақат ташқи кўринишдан билиб бўлмайди. Насиб этса, эсон-омон чиқса, қон топширилади. Жигар ва буйрак текширилади. Ўпкаси рентген қилинади. Шундан сўнг хулоса қилсак бўлади. Ҳозир кўриб хулоса қилганим, қони бироз камайган, камида 10 кило вазн ташлаган. Озиб қолган. Кайфиятида тушкунлик бор. Шу сабаб кўп нарсаларни эслолмаяпти. Балки бу анча вақт бир ўзи ўтиргани, ҳеч ким билан алоқа бўлмагани ва тушкунликдалиги учундир», — дейди онаси.

Абдуқодир Мўминовнинг онаси кўпчилик жабрланувчилар ўғлига пул берганини айтиб, даъво қилаётганини, аммо ўғли борини тан олиб, ёлғонларини рад этаётганини қайд этиб, «Биз кўпчиликмиз, менинг 8 нафар ака-укам бор. Катта ўғлимнинг машинаси бор, сигирларимиз бор. Абдуқодир тан олганини тўлаб беришга қурбимиз етади», — дейди Сабоҳат Абдуллаева.

Эслатиб ўтамиз, YouTube платформасидаги 247 минг обуначига эга «Кўзгу» саҳифаси муаллифи, блогер Абдуқодир Мўминов (1990 йилда туғилган) Жиноят кодексининг:

  • 141−1-моддаси (шахсий ҳаёт дахлсизлигини бузиш) 2-қисми «а», «б» бандлари;
  • 165-моддаси (товламачилик) 3-қисми «а» банди;
  • 168-моддаси (фирибгарлик) 3-қисми «б», «в» бандлари, 4-қисми «а» банди;
  • 189-моддаси (савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш) 1-қисми;
  • 28, 211-моддаси (пора беришда иштирокчилик) 3-қисми «а» бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланмоқда.

У 2021 йил октябрь ойида содир этилган фирибгарлик ва товламачиликда гумонланиб, февраль ойида ҳибсга олинганди.