25 июль куни Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Миробод тумани суди судьяси Сардорбек Содиқов раислигида блогер Абдуқодир Мўминовга нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бошланди, деб хабар қилди Ўзбекистон Олий суди матбуот хизмати.

YouTube платформасидаги 247 минг обуначига эга «Кўзгу» саҳифаси муаллифи, блогер Абдуқодир Мўминов (1990 йилда туғилган) Жиноят кодексининг:

  • 141−1-моддаси (шахсий ҳаёт дахлсизлигини бузиш) 2-қисми «а», «б» бандлари;
  • 165-моддаси (товламачилик) 3-қисми «а» банди;
  • 168-моддаси (фирибгарлик) 3-қисми «б», «в» бандлари, 4-қисми «а» банди;
  • 189-моддаси (савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш) 1-қисми;
  • 28, 211-моддаси (пора беришда иштирокчилик) 3-қисми «а» бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланмоқда.

Жиноят иши бўйича 14 нафар жабрланувчи мавжуд бўлиб, жиноят оқибатида уларга жами 903 421 567,5 сўм миқдорида моддий зарар етказилгани аниқланган.

Daryo.uz қайд этишича, суд терговида Абдуқодир Мўминов талабига биноан жабрланувчиларни эшитилган.

Дастлаб сўз олиб, жабрланувчи эканини айтган Зомин давлат қўриқхонаси директори ўринбосари А.Т. блогер қўриқхона фаолиятига оид танқидий видеога эга бўлганини қўриқхона директорига айтиб, мазкур видеони YouTube`да чиқармаслик учун катта миқдорда, дастлаб 70 минг, сўнг 60 минг ва якунда 45 минг доллар сўраганини айтган.

Айблов борасида фикр билдирган судланувчи қўриқхона фаолиятига оид танқидий видеога эга бўлганини, бу борада қўриқхона директоридан изоҳ сўраганини тасдиқлади. Аммо сўралган пул уларнинг такрорий илтимослари ва «ака, хизмат бўлса қиламиз», деган такаллуфларига жавобан янграганини инкор этмади.

«Қўриқхона директори номидан келган куёви ва ўринбосари менинг ёнимга келиб, бош эгиб, такрорий илтимослар қилгач, „ака, хизмат бўлса айтинг, қиламиз“ деб ялинавергач, ўша кўрсатувимни сотиб ол ва муаллифлик ҳуқуқига эга бўл деб, катта нарх айтганман. Аслида мен бунақа катта нарх айтиб, уларни қочирмоқчи эдим. Бу пулларни барибир олмасдим», — дейди судланувчи судья саволига жавоб берар экан.

Яна бир жабрланувчи А.У. эса блогерга муаммоси ҳақида айтганини, журналистик суриштирув қилиб беришини сўраганини таъкидлаб, шартнома асосида 8 миллион сўм миқдорида пул маблағини ҳисоб рақамига ўтказиб берганини, аммо шартнома шартлари бажарилмаганини билдирди. Мазкур айбловга муносабат билдирган Мўминов ҳақиқатдан ҳам А.У.дан шартнома асосида шунча пул олганини, лекин ўрганилаётган масала мурожаатчи манфаатига зид бўлиб чиқаётгани учун кўрсатувни оммага эълон қилмаганинини айтди.

«Мурожаатчилар одатда журналистларга мурожаат қилса, нажот кутади. Ишим енгил бўлармикин, битармикин деб. Мен мазкур шартномага кўра, икки маротаба Қашқадарёга бориб келдим. Судда қатнашдим. Судда иккинчи томон фикрларини ҳам тинглаганимда, муаммо менга мурожаат қилган мурожаатчи манфаатларига қарши бўлиб чиқаётгани ва кўрсатувни чиқарсам унга минус кетишини англадим. Шу сабаб уни офисимга чақириб, бу кўрсатувни олиб чиқсам, айбларинг очилиб қоляпти. Суриштирувни давом эттиринг десанг, давом эттирай, йўқ десанг, тўхтатай дедим. Майли, унда шартмас дегач, бу кўрсатувни YouTube`га жойлаштирмадим. Шунча меҳнатимга қарамай, пулимни беринг деса, тўлаб беришга тайёрман», — дейди Абдуқодир Мўминов.

Яна бир жабрланувчи Э.Б. янги сотиб олган квартираси билан боғлиқ муаммоли ҳолат юз берганини, мазкур муаммони холис ва шаффоф ўрганиш учун Абдуқодир Мўминов билан 3 минг долларлик шартнома имзолаганини, олдиндан минг доллар тариқасида 10 миллион 100 минг сўм маблағни блогернинг ҳисоб рақамига ўтказиб берганини, лекин блогер шартнома шартини бажармаганини айтиб, даъво қилди.

«Бу ишни ўрганиш учун Зангиота тумани ИИБ, Тошкент вилояти ИИБ биноларига бир неча бор қатнаганмиз. Шу иш юзасидан бормаган, кирмаган ташкилотимиз қолмаган. Анча меҳнат қилганман. Агар шунча меҳнатимга қарамасдан пулимни беринг деса, қайтаришга тайёрман», — дейди судланувчи.

Мазкур иддао юзасидан жабрланувчига савол берган адвокат шартнома 3 минг долларлик эканини, олдиндан қилинган тўлов минг долларни ташкил қилишини эслатиб, «балки шартномадаги пулларни тўлиқ тўлаганингизда ҳимоям остидаги судланувчи сиз сўраган кўрсатувни интернетда эълон қилиши мумкин эди, нега пулни тўлиқ ўтказмадингиз?», — деб сўраган. Бироқ, тайинли жавоб ололмаган.

абдуқодир мўминов, суд

Абдуқодир Мўминов ва унинг адвокати

«Ўзини жабрланувчи сифатида таништирган яна бир фуқаро Абдуқодир Мўминовдан 70 минг доллар даъво қилаётганини, бу пулларни унга депутат билан ўртасидаги муаммоли ҳолат ва ўзга шахсдаги 500 минг доллар пулларини олиб бериш мақсадида берганини айтиб, «Бирорта саводли блогерни кўрмадим, иккита блогерга дуч келдим, иккалови ҳам бир-биридан ўтган саводсиз экан. Ўзи чайла уйда яшайди, лекин муаммоингни айтиш учун чақирсанг, уйингга боргач, сенинг уйингда ётмаслигини, меҳмонхонада ётишини, олма шарбати ичишини айтиб, шоҳона ҳаётда яшайди», — деди.

Навбатдаги жабрланувчи айбловларига жавоб қайтарган Абдуқодир Мўминов ушбу фуқаро ҳақиқатдан ҳам унга мурожаат қилиб келганини, унинг муаммосини олиб чиқса, 500 минг доллар пулнинг 15 фоизини беришини айтганини, бироқ у 20 фоиз деб сўраганини эслаб, «Ака шунчалик мард эканки, хўп 20 фоиз бераман деди», дейди. Аммо мен бу инсондан пул ололмаганман. 70 минг доллар деган гаплар туҳмат", — деди.

«Шундан сўнг шартнома тузилди. Лекин 15−20 кун шу муаммо билан шуғулланиб, Хоразмгача бориб келдим, шунга қарамасдан бир сўм ололмадим. Тан оламан Хоразмга бориб келишда машинам бузилиб қолгани учун 200 доллар берган», — дейди судланувчи жабрланувчининг айбловига жавоб қайтарар экан.

Нашрнинг қайд этишича, хоразмлик жабрланувчи ва Абдуқодир Мўминов қиймати 1 миллиард 47 миллион сўмлик шартнома имзолаган.

Суд 2023 йилнинг 27 июль куни соат 10:30 гача танаффус эълон қилди.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йил охирида Абдуқодир Мўминов номаълум шахслар томонидан унга ҳужум уюштирилгани, машинасининг олд ойнаси бита билан синдирилгани ҳақида хабар берганди. Шундан сўнг Тошкент шаҳар ИИББ блогерга қилинган ҳужум юзасидан «босқинчилик» моддаси бўйича жиноят иши қўзғатилганини маълум қилган.

Абдуқодир Мўминов 2021 йил октябрь ойида содир бўлган фирибгарлик ва товламачиликда гумонланиб, февраль ойида қўлга олинган эди.