«Юнистрим» Ўзбекистонда одатдагидек ишлашда давом этишини, банк мижозлари аввалгидек нархда ва қўшимча комиссия харажатларисиз пул ўтказмаларини амалга ошириши мумкинлигини хабар қилди.

Шунингдек, компания Ўзбекистонга пул ўтказмалари лимитини оширди. Эндиликда UzCard ва HUMO карталарини тўлдириш лимитлари:

  • бир мартада — 16 млн 499 минг 988 сўмгача;
  • ой давомида битта карта учун умумий — 164 млн 999 минг 999 сўмни ташкил этади.

Пул ўтказмаларини юбориш миллий валютада тушириб бериш шаклида рублда амалга оширилади.

20 июль куни АҚШ мазкур тўлов тизимига хизмат кўрсатувчи худди шу номдаги «Юнистрим» банкига қарши блокловчи санкциялар жорий қилганди. Шундан сўнг «Юнистрим» ҳамкорлар билан барқарор режимда, узлуксиз ишлаш имконини берувчи инфратузилма ечимини ишлаб чиққанини маълум қилди. Бу қандай восита экани ва нимани англатиши бўйича маълумот берилмади.

25 июль ҳолатига, Ўзбекистондаги камида 5 та банк «Юнистрим» билан ишлашни тўхтатди. Тизимнинг ишлаши Қозоғистон, Арманистон ва Грузияда ҳам чекланди.

Шунингдек, 2022 йил 25 июлидаёқ Капиталбанк «шубҳали транзакциялар» туфайли Contact, «Золотой Корона» ва «Юнистрим» орқали пул ўтказмаларига хизмат кўрсатишни тўхтатганди. Бундан олдинроқ — ўтган йилнинг февраль ойидан бошлаб «Ипак йўли» банки томонидан «техник сабабларга кўра» мазкур тизимдан тўловлар амалга оширилиши тўхтатилганди. Тизим билан ишлаш қайта тиклангани ҳақида хабар берилмаган.

«Юнистрим»нинг мижозларига дунёнинг 63 мамлакатидаги 150 минг нуқтада хизмат кўрсатилади. Унинг асосий бизнеси пул ўтказмалари билан боғлиқ бўлиб, даромадининг салмоқли қисми МДҲ давлатларидан келган меҳнат мигрантларининг операциялари билан боғлиқ ҳисобланади. Улар рублда маош олади ва уйига долларда пул жўнатади.