ЮНEСКО (Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Таълим, фан ва маданият агентлиги) синфлардаги бузилишларни бартараф этиш, ўқишни яхшилаш ва болаларни кибербуллингдан ҳимоя қилиш учун мактабларда смартфонларни тақиқлашга чақирди, деб ёзмоқда The Guardian ташкилот ҳисоботига таянган ҳолда.

Ҳисоботда, The Guardia нашрининг ёзишича, ўқувчиларнинг ўзлаштириш даражасининг пастлиги мобил телефонлардан кўп фойдаланиш билан боғлиқ бўлиб, экранга узоқ муддат тикилиб туриш эса болаларнинг ҳиссий барқарорлигига салбий таъсир қилади.

ЮНEСКОнинг таъкидлашича, технология «даставвал таълим учун мўлжалланмаган», шунинг учун у инсонга йўналтирилган концепцияга мос келиши ва ўқитувчи билан бевосита мулоқот ўрнини эгалламаслиги керак.

Ҳисоботда айтилишича, технология миллионлаб одамлар учун таълим имкониятларини очиш потенциалига эга бўлса-да, электр энергияси ва қурилмалардан фойдаланиш мамлакатлар доирасида ва мамлакатлар ўртасида жуда ўта нотенг тақсимланган.

«Рақамли инқилоб беқиёс салоҳиятга эга, аммо… таълимда ундан қандай фойдаланишга эътибор қаратиш керак», деди ЮНEСКО Бош директори Одри Азуле. «Технологиялардан фойдаланиш ўқув жараёнини такомиллаштиришга ҳамда ўқувчилар ва ўқитувчиларнинг манфаатларига қаратилган бўлиши керак, уларнинг зарарига эмас».

ЮНEСКО дунё бўйлаб 200 та таълим тизимини таҳлил қилган ҳолда, ҳар тўрт мамлакатдан бирида смартфонлар мактабларда қонун ёки ҳукумат томонидан тақиқланганини тахмин қилмоқда. Улар орасида 2018 йилда ўз сиёсатини жорий этган Франция ва 2024 йилдан бошлаб чекловлар жорий этаётган Нидерландия ҳам бор.