Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Украина Қуролли кучлари Бош штабининг Донецк вилоятининг босиб олинган Горловка шаҳридаги Россия армияси сафида Ўзбекистон фуқаролари аниқлангани ҳақидаги хабарига муносабат билдирди. Украина томонига кўра, ўзбекистонликлар Мариуполга қурилиш ишлари учун келган, бироқ уларнинг паспортлари олиб қўйилган ва кўнгилли сифатида сафарбар қилинган.

Агентлик Россияда вақтинча ишлаётган Ўзбекистон фуқароларини уруш ҳудудларига ишлаш учун бормаслик, ҳарбий ҳаракатларда қатнашмасликка чақирди.

Агентликнинг эслатишича, Жиноят кодексининг 154−1-моддасига кўра, Ўзбекистон фуқаросининг чет давлатларнинг ҳарбий хизматига, хавфсизлик, полиция, ҳарбий адлия органлари ёки шунга ўхшаш бошқа органларига хизматга кириши БҲМнинг 300 бараваригача миқдорда жарима (9,9 миллион сўм) ёки 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.

Бир кун аввал Украина элчихонаси Ўзбекистон фуқароларини Россиянинг бу давлатга қарши урушида қатнашмасликка ва Украинанинг вақтинча босиб олинган ҳудудларига бормасликка чақирган эди. Бундай фуқаролар «босқинчиларнинг шериклари сифатида кўриб чиқилади ва жавобгарликка тортилади», — дейилган хабарда.

Ўз навбатида, Ўзбекистоннинг Киевдаги элчихонаси Украина Қуролли кучлари Бош штаби томонидан Горловкада Ўзбекистон фуқаролари аниқлангани ҳақидаги маълумот тасдиқланса, «фуқаролар манфаатларини ҳимоя қилиш учун барча зарур чоралар кўрилишини» маълум қилган.