Ўзбекистоннинг Украинадаги элчихонаси душанба куни ушбу мамлакат қуролли кучлари Бош штабининг босиб олинган Горловка ҳудудидаги Россия армияси таркибида Ўзбекистон фуқаролари аниқлангани ҳақидаги хабарига изоҳ берди. Украина томонига кўра, ўзбекистонликлар Мариуполга қурилиш ишлари учун келган, бироқ уларнинг паспортлари олиб қўйилган ва кўнгилли сифатида сафарбар қилинган.

Элчихона Украина Ташқи ишлар вазирлигига ушбу масала бўйича сўров юборди, дейилади хабарда.

«Ушбу масала дипломатик ваколатхона томонидан доимий назоратга олинган бўлиб, Украина томонидан юқоридаги маълумот тасдиқланган тақдирда, фуқароларимиз манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича керакли барча чора-тадбирлар кўрилади», — дейилади элчихона хабарида.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Украинанинг Тошкентдаги элчихонаси Ўзбекистон фуқароларини Россиянинг бу давлатга қарши урушида қатнашмасликка ва Украинанинг вақтинча босиб олинган ҳудудларига бормасликка чақирган, акс ҳолда улар жавобгарликка тортилишини маълум қилган эди.