Украинанинг Донецк вилоятида ишғол остидаги Горловка шаҳридаги Россия армияси бўлинмаларида Ўзбекистон фуқаролари аниқланди. Бу ҳақда Украина Қуролли кучлари Бош штаби ҳисоботида айтилади.

«Ушбу шахслар Мариуполга қурилиш ишларини олиб бориш учун келган. Етиб келгач, уларнинг паспортлари олиб қўйилиб, кўнгилли сифатида ишғолчи кучлар сафига сафарбар қилинган», — дейилади хабарда.

«Газета.uz» ушбу хабар юзасидан Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига сўров юборди. Вазирликдаги манбанинг айтишича, ТИВ хабарни текширишни бошлаган.

Март ойида Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати Қорақалпоғистоннинг Элликқалъа туманида яшовчи, Россияда қамоқ муддатини ўтаган фуқаро Украинада вафот этгани ҳақида хабар берган эди. Маълум қилинишича, у Украинага қурилиш ишлари учун жўнатилган ва у турган жойга снаряд келиб тушган.

Май ойи охирида ҳам ДХХ Россия қамоқхонасидан Украинадаги урушга сафарбар қилинган Ўзбекистон фуқароси вафот этганини маълум қилганди. Онасининг таъкидлашича, у илгари ҳеч қачон қурол тутмаган. «Она, мен уларга одамларни ўлдирмаслигимни, у ерга бормаслигимни айтдим, лекин барибир улар мени мажбурлашди», — деган у ўғли билан охирги суҳбатида.

Июнь ойида BBC рус хизмати Россия қамоқхоналаридаги Марказий Осиё фуқароларининг Украинадаги урушга ёллангани бўйича суриштируви эълон қилган эди. Сайт маълумотларига кўра, бундай ёлланганлар орасида камида 93 киши ҳалок бўлган, улардан 34 нафари ўзбекистонликдир.