Ўзбекистондаги миссияси ва дипломатик фаолиятини якунлаётган Буюк Британия элчиси Тим Торлоу «Газета.uz»га берган катта интервьюсида ўз мамлакатининг Марказий Осиё ва Ўзбекистондаги устувор йўналишлари ҳақида гапириб, ислоҳотлар, сиёсий муаммолар, Ўзбекистоннинг Украинада кечаётган уруш борасидаги позицияси ҳамда ўзбек тилининг сиёсий муҳитдаги ролининг кучайиб бораётгани ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди. Шунингдек, у жамоат транспорти ва велосипедчилар учун инфратузилмани ривожлантириш муҳимлиги ҳақида гапирди. Бундан ташқари, дипломат Владимир Путиннинг Россия миллий манфаатларини қай даражада рўёбга чиқара олгани ва унинг режими куч тилини тушунадими ёки йўқлиги борасида фикр юритди.

Интервьюнинг видео версияси

Суҳбат инглиз тилида олиб борилган бўлиб, созламалардан рус тилидаги субтитрларни ёқиш мумкин.

Интервью 2023 йил 7 июль куни эълон қилинган.

— Буюк Британиянинг минтақа ва Ўзбекистондаги устувор йўналишлари ҳақида сўзлаб берсангиз.

— Биз ташқи сиёсат, иқтисодиёт, ижтимоий ислоҳотлар, шунингдек, хавфсизлик соҳасида олиб борилаётган ислоҳотларни кенг қўллаб-қувватлаймиз. Чунки вақти-вақти билан беқарор, мураккаб жараёнлар кечаётган минтақада кучли ва мустақил давлатлар бўлиши жуда муҳим, деб ҳисоблаймиз.

Бундан ташқари, минтақанинг фаровонлиги каби масала ҳам мавжуд бўлиб, у мустақиллик, куч ва барқарорликни мустаҳкамлашга ёрдам беради, шунингдек, халқаро бизнес учун имкониятлар очади.

Учинчидан, бу минтақада хавфсизлик ва барқарорлик масалалари устида ишлаш жуда муҳим. Бу, одатда, ушбу ҳудуддаги фаолиятимизга кирмайди, бироқ сўнгги икки йил ичида Афғонистонда рўй берган воқеалар мазкур масалаларнинг аҳамиятини оширди ва бу йўналишдаги ҳамкорлигимиз тобора кучайиб бормоқда.

Ўзбекистонда олиб бораётган ишларимизнинг энг кўзга кўринган қисми таълим соҳасига тўғри келади. Бу ишлар Вестминстер университетидан бошланган, аммо ҳозирда олий таълимда Британиянинг 30 га яқин турли университетлари Ўзбекистондаги университетлар билан у ёки бу шаклда ҳамкорлик шартномаларига эга. Шунингдек, Chevening Scholarships стипендия дастури ҳам мавжуд бўлиб, ушбу стипендиялар орқали ҳукумат ва бизнеснинг кўплаб юқори мартабали амалдорлари Британия университетларида таълим олишган.

Ўзбекистондаги фаолиятимизнинг аксарияти, жумладан, тараққиётни молиялаштириш, ислоҳотларнинг турли жиҳатларини қўллаб-қувватлайди. «Иқтисодий ривожланиш учун самарали бошқарув» дастури доирасида биз Жаҳон банки, фуқаролик жамияти ва ҳукумат билан асосий иқтисодий ислоҳотлар: меҳнат бозорини ислоҳ қилиш, янги Меҳнат кодексини ишлаб чиқиш, давлат корхоналарини хусусийлаштириш учун уларни ислоҳ қилиш бўйича ишлаяпмиз.

«Яшил» иқтисодиёт, инсон ҳуқуқлари, ОАВ эркинлиги соҳасидаги ислоҳотларни илгари суриш борасида ҳам иш олиб бордик.

Мамлакатларимиз ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми ҳали ҳам кичик. Ўтган йили Ўзбекистонга экспортимиз икки баравар кўпайган бўлса-да, атиги 260−270 млн АҚШ долларига етди. Таълим соҳасидаги ҳамкорлигимиз бошқа соҳаларда ҳам фаолиятимизни фаоллаштиришимиз зарурлигини кўрсатмоқда.

— Буюк Британия Марказий Осиё минтақаси билан бошқа давлатлар каби «5+1» форматидаги мулоқот платформасини тузмаган. Британия дипломатияси кўп томонлама форматлардан кўра икки томонлама форматларни афзал кўрадими ёки бунинг бошқа сабаблари борми?

— Биз бир оз секин ҳаракат қилаётган бўлсак керак. Бу масала муҳокамаси давом этмоқда. Барча давлатлар билан яхши икки томонлама муносабатларга эгамиз. Ва биз бешта давлатнинг биргаликдаги муҳокамаси қандай қўшимча қиймат келтиришини кўришимиз керак.

Россия Украинага бостириб кирганидан сўнг минтақа биргаликда кучлироқ эканини англаб етган ҳолда бирлашиш аҳамияти ҳақида гапирилаётгани тобора кўпроқ қулоққа чалинмоқда. Ва агар биз муҳокама қилиш учун тўғри саволларни, тўғри платформани ва тўғри вақтни топа олсак, эҳтимол, «5+1» форматига мурожаат қилишимиз мумкиндир.

— 2022 йилда Буюк Британиядаги мавсумий ишчиларнинг деярли тўртдан бир қисмини марказий осиёликлар ташкил этди, Ўзбекистон меҳнат муҳожирлари сони бўйича Украинадан кейин иккинчи ўринга чиқди. Ўзбекистонлик мавсумий ишчилар қайси соҳаларда банд бўлмоқда ва қайси соҳаларда фуқароларимиз учун потенциал иш имкониятлари мавжуд?

— Мавсумий ишчилар схемаси аниқ бир муаммони ҳал қилишга қаратилган — айнан ёз ойларида мева ва сабзавотларни териб, сўнгра уларни қадоқлаш ва қайта ишлаш учун одамларнинг етишмаслиги. Мавсумий ишчилар учун алоҳида виза тоифаси ҳам мавжуд. Айни пайтда барча мавсумий ишчилар Марказий Осиёдан келган.

Бироқ ҳозир келишувимиз фақат қишлоқ хўжалигига тегишли. Британия иқтисодиётининг бошқа соҳалари ҳам борки, уларда ҳам ишчилар етишмайди, масалан, меҳмонхона саноати. Аммо ҳозирча ушбу схема қишлоқ хўжалигидан ташқарида ҳам кенгайтирилиши бўйича ҳеч қандай таклиф йўқ.

— Ўзбекистонда бўлган вақтингизда қайси соҳаларда энг катта ютуқларга эришилди? Ва қайси соҳаларда ўзгаришлар керагидан секинроқ?

— Бу ерга 2019 йилда келдим, ўшанда ҳақиқатдан ҳам турли соҳалар, ҳаттоки, кутилмаганда хавфсизлик соҳасига, таъсир кўрсатган кенг кўламли, чуқур ислоҳот жараёни кечаётганини ҳис қилиш мумкин эди. Covid-19 жараёнга таъсир қилди ва 2020 йил бошида ишлар секинлаша бошлади. Ислоҳотлар яна жадаллашиши учун эса бироз вақт, тахминан икки йил керак бўлади.

британия элчиси, интервью, тим торлоу

Ҳозир яна умид бағишлайдиган белгиларни кўряпман. Оптимистик томоним президентнинг муддатидан олдин сайлов ўтказиш тўғрисидаги қарорини амалга оширилиши шарт бўлган баъзи мураккаб ислоҳотларни давом эттириш учун сайлов мандатини олиш учун қилинмоқда дея баҳоламоқда.

Масалан, энергетика соҳасида амалга оширилаётган, давлат корхоналарини хусусийлаштириш ёки улар самарадорлигини ошириш борасида ўтказилаётган иқтисодий ислоҳотлар иш ўринларининг йўқолиши ва бошқа салбий оқибатларни келтириб чиқаради. Бу жараёнларни барча давлатлар бошидан кечирган ва ушбу муаммо фақат Ўзбекистонга хос эмас, буларнинг барчасини амалга ошириш қийин бўлади. Умид қиламанки, президент амалга ошириш қийин бўлган ислоҳотларни давом эттира олиш учун сайловда янги мандат олмоқчи.

Энг муваффақиятли ислоҳотлар ёки соҳалар ҳақида гапирганда, ташқи сиёсатдан бошлардим, чунки ислоҳотларнинг ушбу қисми бўйича кўп ҳам гапирилмайди. 2016−2017 йиллардан буён Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамиятидаги ўрни тизимли равишда ўзгарди. Мамлакатингиз ўз қўшнилари, асосий ҳамкорлари, жумладан, Россия билан жуда мураккаб муносабатларга эга бўлган, бошқалар билан деярли алоқаси йўқ эди. Ва тўсатдан сизда қўшнилар билан алоқаларни конструктив ривожлантиришни бошлаган президент ва ташқи ишлар вазири пайдо бўлди. Президент Мирзиёевнинг президент Путин билан ўрнатган муносабатлари ҳам шулар жумласидан эди.

Шарқда Хитой, Япония ва Корея билан, жанубда Ҳиндистон, Покистон ва Бангладеш билан, ғарбда Туркия, Европа, жумладан, Буюк Британия ва АҚШ билан алоқалар мустаҳкамлана бошлади. Ва бу алоқалар биринчи навбатда иқтисодий манфаатлар билан боғлиқ эди. Бу Ўзбекистондаги ислоҳотларнинг энг узоқ ва барқарор қисми бўлса керак.

Иқтисодиётда иқтисодни хорижий сармоялар учун очиш, валюта операциялари йўлидаги баъзи аҳмоқона тўсиқларни олиб ташлаш, фойда ва операцияларни бу ерга ўтказиш имконини бериш каби жуда муҳим ислоҳотлар амалга оширилди. Иқтисодиётда давлат ролини пасайтириш бўйича қадамлар ҳақиқатдан ҳам суст, зеро бу қийин жараён. Ва бу ерда сиз йўлнинг бошида турибсиз, холос. Аммо Буюк Британия каби етук иқтисодиётда ҳам бу қийин ва секин жараён бўлган.

Инсон ҳуқуқлари соҳасида болалар ва мажбурий меҳнатга тизимли, барқарор ва муваффақиятли барҳам бериш каби ҳақиқатан ҳам муҳим ютуқларга эришилди. Агар медиа соҳасида мустақил онлайн ОАВларга кенгайиш, гуллаб-яшнаш ва ривожланиш имконини берувчи озгинагина бўлса ҳам эркинлик берилмаганида эди, ҳозир сиз билан шу суҳбатни ўтказа олмаган бўлардик.

Албатта, ҳали қилинадиган ишлар кўп. Ислоҳотлар йўли — юқорига қараб равон кўтарилиб борадиган текис чизиқ эмас, унда кўплаб нотекисликлар, бир қанча тушишлар бўлди. Айни дамда сиз давлатнинг иқтисодиётдаги ролини унинг ўрнида коррупцион олигархия яратмаган ҳолда пасайтириш вазифасини бажаришга ҳаракат қиляпсиз. Ислоҳотлар тўғри амалга оширилмаса, мамлакат манфаатларига хизмат қилмайдиган коррупция ва олигархия пайдо бўлади.

Энергетика соҳасидаги ислоҳотлар ҳам муҳим аҳамиятга эга. Иқлим ўзгариши бўйича мунозаралар фокусини Орол денгизидан иқлим ўзгаришининг мамлакатга узоқ муддатли таъсирига йўналтиришга ҳаракат қилиш керак. Сув ресурслари, транспорт, шаҳарсозлик, таълим ва соғлиқни сақлаш бўйича мамлакат сиёсати ҳамда хусусий сектор «яшил» ўсишни қандай қўллаб-қувватлашига назар ташласангиз, Ўзбекистон иқлим ўзгариши оқибатларига қарши кураш йўлининг бошида турганини тушуниб етишингиз мумкин.

Мен учун энг муҳим ислоҳот таълим соҳасида, чунки яхши ва кучли таълим тизими давлатнинг кўплаб муаммоларини ҳал қилади, чунки бундай тизимда мактаб ва университетлар XXI асрга нафақат технологик жиҳатдан, балки шунчаки уларга айтилганларни ёдлаб, қабул қилмасдан, қарорлар қабул қилиш ва муаммоларни ечиш, саволларни тўғри қўя олиш қобилиятига эга ёшларни тайёрлайди.

Инсон ҳуқуқлари соҳасида ҳам, ОАВ эркинлиги соҳасида ҳам муаммолар мавжуд. Мустақил журналистлар ва блогерларга қарши давом этаётган айрим суд жараёнларидан хавотирдаман. Бундан ташқари, ҳар қандай муҳитда, бу Буюк Британия ва бошқа ҳар қандай давлатга ҳам тегишли, дин ва эътиқод эркинлигига рухсат берилганда, бошқа ижтимоий ўзгаришларга таъсир қиладиган консерватив дунёқараш босими вужудга келади.

Ислоҳотларни амалга ошириш учун давлат салоҳиятини ривожлантириш зарур. Сизда иқтидорли ва салоҳиятли раҳбарлар бор, лекин ислоҳотларни амалга оширишга ҳаракат қилаётган кўплаб ташкилот ва вазирликлар қийинчиликларга дуч келишмоқда, чунки маданият ҳам ўзгариши керак. Шунингдек, улар қуйи даражада қарорлар қабул қилиш ва ўзлари сиёсат олиб бориш ваколатига эга бўлиши лозим.

Фуқаролик жамияти ҳали ҳам мен тушунмаган сабабларга кўра жуда заиф. Фуқаролик жамияти ҳукуматларнининг ҳисобдорлигини таъминлаш учун муҳимдир, шунингдек, ҳукуматлар одамлар кўпроқ нималарга эҳтиёж сезаётганини тушунишига ёрдам беради.

— Ислоҳотларни амалга ошираётган давлат хизматчилари салоҳияти ҳақида гапирдингиз. Ислоҳотларни амалга оширишни қандай одамларга ишониш мумкин ва уларнинг мақсадлари қандай бўлиши керак?

— Сизларга ўз жамияти, ўзбек халқи учун хизмат қилишга чинакам интиладиган, мамлакат фаровонлигига қаратилган қарорлар қаубл қилишга ва сиёсат юритишга тайёр бўлган ҳалол инсонлар керак.

Буюк Британияда халқ сайлаган парламент аъзоларидан кейинчалик вазирлар тайинланади, улар маълум бир сиёсий назарга эга бўлади. Шунингдек, бизда ҳукуматга холис маслаҳатлар берадиган мустақил давлат хизмати ҳам бор.

Яъни, вазирлар ва давлат органлари ўртасида автомат бўлиниш мавжуд. Лекин улар биргаликда ишлашади, чунки ҳеч бири иккинчисисиз ўз ишини қила олмайди. Вазирлар давлат хизматчиларининг маслаҳатлари асосида қарорлар қабул қиладилар.

Шундай қилиб, вазирлар ёки президентга яхши маслаҳат бера оладиган ҳамда қарор қабул қилингандан кейин уларни амалга ошириши мумкин бўлган самарали давлат хизматчилари етишиб чиқадиган муҳит яратилади.

Буюк Британиядаги тажрибамиздан шуни билиб олдикки, энг яхши давлат хизмати таркибида жамиятнинг турли аъзолари вакиллари бўлганидир, шунда ҳеч бир гуруҳ вакилсиз ва эътибордан четда қолмайди. Шунда давлат хизматининг ўзи маълум бир жамоалар ёки манфаатдор гуруҳлар нимани хоҳлашини тушунади.

Бунга эришиш учун биз кўп асрларни сарфладик. Сиз эса барчасини тезроқ қиляпсиз. Ўзбекистонга Британия моделини сингдирмоқчи эмасман, лекин бу барчаси қандай ишлаши кераклиги ҳақидаги фикрларим.

— Судлар адолати ҳақида: «Адолатли суд тизимида жиноят содир этган шахс эмас, жиноят бўйича ҳукм қилинади, адолатсиз жамиятда эса шахснинг ўзи ҳукм қилинади» деган гап бор. Сиз бунга қўшиласизми? Агар шундай бўлса, суд-ҳуқуқ тизимимизда бундай муаммолар бўлмаслиги учун нима қилиш керак?

— Бу гапга қўшилишимга амин эмасман. Охир-оқибат, суд жиноятда айбланаётган алоҳида бир одам устидан бўлиб ўтади. Шунинг учун яхши жиноят кодекси ёки мамлакат манфаатларини акс эттирувчи кодекслар тўплами бўлиши керак. Қайси жиноятларни жавобгарликка тортишни, қайсилари жиноят эмаслигини давлатнинг ўзи ҳал қилади. Индивидуал таъқиблардан кўра мамлакатнинг Жиноят кодекси давлатнинг моҳиятини кўпроқ акс этади, назаримда.

Ҳар қандай жамиятда сиз бошқалар қилишини истамайдиган нарсалар бўлиши мумкин, лекин кимгадир сиз рози бўлмаган нарсаларни айтишга имкон берадиган асосий эркинликлар ҳам мавжуд. Бунинг энг ёрқин мисоли сўз ва фикр эркинлигидир. У ерда чекловлар мавжуд.

Мисол учун, Буюк Британияда зўравонлик ёки ирқий нафратни қўзғатиш бўйича чекловлар мавжуд, бу ноқонуний ҳисобланади. Лекин, эҳтимол, биз сўз ва фикрни эркинлигини Ўзбекистонга қараганда анча кенгроқ тушунамиз. Масалан, бу ерда сиёсий ҳокимиятни танқид қилиш ҳуқуқи ноқулайлик ва саросимага сабаб бўлади. Бу Буюк Британияда ҳам худди шундай ҳис-туйғуларни уйғотади, лекин биз бу масалаларни бутунлай бошқача тарзда ҳал қиламиз.

Буюк Британияда сўнгги бир ярим йил ичида сайланган ҳукуматдаги кўнгилсизликлар икки бош вазирнинг, ҳар икки ҳолатда ҳам умумий сайловларсиз, партияларнинг ўзи томонидан, алмаштирилишига олиб келганини кўрдингиз. Бунда жамоатчилик фикри шундай даражага келдики, агарда партия ўз етакчиси ёки ишламаётган сиёсатини ўзгартирмаса, сайловларда ғолиб бўла олмаслигини тушунди. Булар кучли сўз эркинлиги туфайли рўй бермоқда.

Саволингиздан бироз четга чиқдим. Лекин қонун устуворлиги ва суд тизимини ислоҳ қилиш борасида ҳали бажариладиган ишлар кўп эканлигига қўшиламан. Хорижий компанияларнинг бу ерга келиб сармоя киритишни истамаслигининг сабабларидан бири ҳам шу — улар бу ерда баҳсли вазиятга тушиб қолса, ўз манфаатларини ҳимоя қиладиган ишончли суд тизими йўқ, деб ўйлашади.

Ҳукумат бундан хабардор ва шу йўналишда иш олиб бормоқда. Лекин ҳозирда бу Ўзбекистоннинг иқтисодий ривожланишига тўсиқ бўлиб қолмоқда.

британия элчиси, интервью, тим торлоу

— Сиз Ўзбекистонда сўз эркинлиги муҳимлиги ҳақида доимо гапирадиган дипломатлардансиз. Нима учун сўз ва ОАВ эркинлиги мамлакат тараққиёти учун муҳим?

— Сўз эркинлигининг чегаралари бор. Одамларнинг Интернетда очиқчасига айтишига йўл қўймаслик керак бўлган нарсалар бор: ирқий адоватни қўзғатиш, зўравонликка ундаш. Лекин, умуман олганда, одамларга ўз фикрини билдириши: Европа Иттифоқига қўшилиш ёки Европа Иттифоқидан чиқиш, миграция сиёсати каби муҳим масалалар бўйича фаол баҳс-мунозаралар ўтказиш имконини бериш керак.

Одамларга ўз фикрларини билдиришга имкон берганимизда, муҳокама янада самарали бўлади. Ва ушбу муҳокамалар содир бўладиган энг аниқ макон ОАВ бўлиб, бу муаммоларни ҳар томонлама тушуниб, тўғри қарор қабул қилишга ёрдам беради.

Шунингдек, бу одамларга ўз норозиликларини шу тарзда билдиришга ҳам имкон беради ва бу орқали баъзида кескинлик юмшаши мумкин. Агар одамларга бирор нарса айтиш тақиқланса, бу вазиятни ўзгартириш учун ички исённи келтириб чиқаради. Улар фикрларини ифода эта олмасалар, бу турли хил шаклларда, жумладан, терроризм кўринишида ҳам юзага чиқиши мумкин.

Умуман олганда, сўз эркинлиги шарофати билан яхшироқ қарорлар қабул қилинади. Одамларга ўз фикрларини билдиришга қўйиб берилса, улар қарор қабул қилинишида иштирок этганликларини кўпроқ ҳис қилишади. Ва бу уларга бирор нотўғри нарса ҳақида айтиш ҳуқуқини беради. Бу кейинчалик сиёсатчиларга ишониш учун ўзига хос замин яратади.

Мисол учун, Риши Сунакнинг сайловда ғалаба қозониши ва Буюк Британия бош вазири бўлишига унинг аввалги сайловларда мағлуб бўлганида, муайян ислоҳотларнинг амалга оширилиши Буюк Британия учун ёмон оқибатларга олиб келишини очиқчасига айтгани ёрдам берди. Ва бу ислоҳотлар амалга оширилганда, у ҳақ бўлиб чиқди. Бу эса ишонч бағишлайди, баҳсли гапларни айтишига қарамай, бу сиёсатчи сиз ишонишингиз мумкин бўлган, айниқса иқтисодий масалаларда, шахс эканлигини англайсиз.

— Ислоҳотларни қандай қилиш кераклиги ҳақида гап-сўзлар кўп. Мен эса ислоҳотлар жараёнида коммуникациянинг ўрни ҳақида сўрамоқчи эдим. Бир томондан ҳокимият халқ манфаатлари ҳақида қайғуриши, бошқа томондан эса одамлар ислоҳотларни қўллаб-қувватлаши учун амалдорлар ва одамларнинг хатти-ҳаракатларини қандай қилиб ўзгартириш мумкин?

— Ҳақиқатдан ҳам жуда муҳим савол. Covid-19 чекловларидан олдин Британия ҳукумати Адлия вазирлиги ва бошқа органлар, шунингдек, ОАВ билан бу масалада жуда яқин ҳамкорлик қилди.

Давлат органлари тўғри коммуникация олиб бориши ҳар жиҳатдан жуда муҳим. Масалан, яқинда Ўзбекистон ҳукумати бизнинг кичик ёрдамимиз билан янги Меҳнат кодекси лойиҳасини ишлаб чиқди. У ишчиларнинг ҳуқуқларини ва иш берувчининг меҳнатга оид мажбуриятларини белгилайди. У бир қатор соҳаларни, жумладан, тенг ҳуқуқларни таъминлаш, бир хил иш билан шуғулланаётган аёллар ва эркаклар бир хил иш ҳақи олишлари, иш ҳақи бўйича гендер камситишларига йўл қўймаслик кабиларни қамраб олади.

Кодекс қабул қилингандан кейин эса давлат ишчилар, иш берувчилар ва касаба уюшмаларига янги кодекс нима эканлигини, ишчининг ҳам, иш берувчининг ҳам бурч ва ҳуқуқларини айтиб бериши керак. Улар ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини, шунингдек, улар бузилган тақдирда нима қилиш кераклигини англашларига ишонч ҳосил қилиш лозим. Ва бу давлат органлари коммуникациясининг биринчи қисмидир.

Аммо масала шу билан тугамайди, чунки шундан кейин амалга оширилаётган ислоҳотлар самарадорлигига ишонч ҳосил қилиш учун мулоқотни давом эттириш зарур. Ходимлар, иш берувчилар, касаба уюшмалари ёки бошқа ташкилотларнинг бирор нарса ишламаётгани ҳақидаги мурожаатларига жавоб берадиган алоқа схемаси бўлиши керак. Бу яхши фикр бўлиши мумкин, лекин амалда ишламаслиги мумкин.

Агар сиз қайта алоқани қабул қилиб олсангиз ва бу хабарлар тизимни яхшилаш, баҳолаш, таҳлил қилиш, мониторинг ўтказиш, кейин эса ислоҳот жараёнини давом эттиришга ёрдам берса, тизимни яхшилашингиз мумкин. Агар давлат яхши коммуникацияларни йўлга қўйганида эди, буларнинг барчаси ҳукумат нима қилмоқчи эканлигини, умумий вазифа ва мақсадларни тушунтириб бериши учун Меҳнат кодекси жорий этилишидан олдин рўй берган бўлар эди.

«Ногиронлар ҳуқуқлари ҳақида ўйлаб кўрдингизми? Муайян муҳитда ишлай оладиган иқтидор ва қобилиятга эга бўлган ногиронларни рағбатлантириш учун яна қандай қўшимча чоралар кўриш мумкин?» — деб сўраши мумкин бўлган одамларнинг ҳам фикрларини ҳисобга олиш зарур. Фуқаролик жамияти ҳам қайта алоқани йўлга қўйишда жуда муҳим роль ўйнайди ва: «Сиз ушбу янги Меҳнат кодексини қабул қиляпсиз, лекин унда иқтисодиётнинг маълум бир сегменти учун қоидаларни назарда тутадиган ҳеч нарса йўқ-ку», деб айтиши мумкин. Шунинг учун коммуникациялар жуда муҳим. Ҳукумат ушбу йўналишда ишларни давом эттирмоқда.

— Ҳар қандай жамият узоқ вақт гуллаб-яшнаши учун яхши сиёсий чора-тадбирларга муҳтож. Ўзбекистон ўтмишга қайтмаслик учун нима қилиши керак? Жамият ислоҳотлар орқали эришилган ютуқларни қандай сақлаб қолиши мумкин?

— Биринчи навбатда етакчилик керак, қандай шаклда бўлишидан қатъи назар, келажакни кўра оладиган, ҳозирги вазиятдан яхшироқ бўлган.

Ортга назар ташлаб, тарихни қайта ёза олмайсиз. Ҳаттоки орқага қадам ташлашни ёқтирсангиз ҳам, дунё бошқа йўналишга қараб кетмоқда. Шунинг учун сиз ўз қарашларингиз, амбицияларингиз ва келажакдаги қарорларни реалликка мослаштиришингиз керак.

Яхши қонунлар керак. Олдинга силжиш бўлганида бу яхшиланишларни қонунда мустаҳкамлаб қўйишингиз керак. Ўзбекистондаги муаммолардан бири шундаки, ислоҳотларнинг тез амалга оширилиши кўп жиҳатдан президент фармонларига боғлиқ. Биламан, бу фармонларни қонунга айлантириш, яхши қонунлар ёзиш вақт талаб этади. Аммо қонунчиликдаги ислоҳотларни мустаҳкамлаш, кейинчалик судларда ва қоидаларни эркин, адолатли, ошкора ва коррупциясиз қўллайдиган суд тизимида қўллаб-қувватланиши жуда муҳим. Демак, яхши қонунлар ва ушбу яхши қонунларни қўллаб-қувватлайдиган яхши суд тизими ҳам керак.

Шунингдек, қонунлар ижро этилишини, агар кимдир бу қонунларни бузса, текширув ўтказилиши, жиноий жавобгарликка тортиши ва одамларнинг ўша яхши қонунларга риоя қилишини таъминлайдиган самарали ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари бўлиши керак.

— Ўзбекистон ташқи сиёсатини ислоҳотлар жараёнининг муваффақиятларидан бири сифатида қайд этдингиз. Россиянинг Украинага қарши уруши бўйича Ўзбекистоннинг нейтрал позициясини қандай баҳолайсиз?

— Ўзбекистон жуда мураккаб аҳволда ва биз буни тушунамиз. Ўзбекистон қилган энг муҳим иш — бу ҳукуматнинг Украина контекстида мамлакатлар суверенитети, мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилишини ва уларга қатъий ишонишини очиқ ва изчил таъкидлагани. Бу Украинадаги вазият ҳақида айтиш мумкин бўлган ҳамма нарсани қамраб олади. Бу мустақил давлатнинг ҳудудий яхлитлиги ва суверенитетини очиқдан-очиқ, атайлаб ва шафқатсизларча бузиш эди, деган маънони англатади.

Ўзбекистон ҳукумати, хусусан, президент Мирзиёевнинг Россия билан халқлар ўртасидаги мустаҳкам ришталар ва иқтисодий алоқаларга асосланган яхши муносабатлар ўрнатаётгани эришган ютуқларидан бири деб ҳисоблайман. Ва бу муносабатлар йўқолиб қолмайди. Бундай муносабатлар Украина билан ҳам мавжуд.

Буюк Британияга ишлаш учун кетаётган нисбатан камсонли ўзбекистонликлар ҳақида гаплашдик. Аммо Россияда тахминан 2−3 миллион ўзбек яшаб, ишлаб, рўзғор тебратишаётганини тан олмаслик аҳмоқлик бўлади. Очиғини айтганда, Россия иқтисодиёти уларсиз яшай олмайди. Ва агар Москва ҳукумати бу одамлардан юз ўгиришга қарор қилса, бу аҳмоқлик бўларди.

Аммо бу омилларнинг барчаси: иқтисодий, савдо, молиявий алоқалар, меҳнат муҳожирлари, шунингдек, анъанавий алоқалар Россияга Ўзбекистонга бу масалаларда омма олдида бетарафлик сақлаш учун кучли босим ўтказиш имконини берди. Ўзбекистон БМТда ва бошқа жойларда шундан келиб чиқиб овоз берди. Биз буни тушунамиз. Биз бундай позицияда эмаслигимиз кундек равшан.

Ўзбекистон бошқа ҳамкорларидан ҳам юз ўгиргани йўқ, кўп векторли ташқи сиёсатини давом эттирмоқда, бошқа халқаро ҳамкорлар билан алоқалар ўрнатмоқда.

Қайсидир маънода Россия-Украина бўйича позиция ташқи сиёсатдаги ёндашувингизнинг энг ёрқин намунасидир. Сиз Россия билан мустаҳкам муносабатлар ўрнатмоқдасиз, лекин мустақил, кучли ва чидамли бўлсангиз, иқтисодиётингиз ва сиёсий тизимларингиз кучлироқ бўлишини ҳам тан оласиз. Ва кўплаб турли шерикларнинг мавжудлиги шу тарзда рақобатбардош бўлишингизга имкон беради. Бу ташқи сиёсатга нисбатан, таъбир жоиз бўлса, бозор ёндашувидир. Ўйлайманки, бу Ўзбекистонга жуда яхши хизмат қилмоқда ва келажакда ҳам хизмат қилади.

— Катта еттилик давлатларининг яқинда бўлиб ўтган йиғилишида уруш бошланганидан буён ЕИ ва G7 мамлакатларидан Россияга технология ва бошқа айрим товарлар экспорти кескин камайгани қайд этилди. Шу билан бирга, Туркия, БАА ва Марказий Осиёга худди шундай товарлар экспорти ортди. Буюк Британиянинг Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистон билан савдо алоқаларида бундай тенденциялар кузатилганми? Агар шундай бўлса, Британия ҳукумати қандай муносабатда бўлди?

— Бизда Россия ва Беларуснинг алоҳида жисмоний шахсларига нисбатан, шунингдек, Буюк Британиядан Россияга экспорт қилишга рухсат берилмаган алоҳида товарларга нисбатан жуда қатъий санкция сиёсати мавжуд. Бу бизнинг савдомизга ҳам жиддий салбий таъсир кўрсатди, албатта ушбу қарорларни қабул қилганимизда бундай бўлишини кутган эдик. Аммо биз Британия саноатининг Украинада уруш олиб бораётган режимни қўллаб-қувватлашини принципиал жиҳатдан истамаймиз. Ва биз уни иқтисодий жиҳатдан жазолашни хоҳладик ҳамда Украинада уруш олиб бориш қобилиятини чекламоқчи бўлдик.

Бу молиявий оқимлар орқали, шунингдек, жанг майдонида фойдаланилиши мумкин бўлган муайян товарларни экспорт қилишни тақиқлаш орқали амалга оширилди. Санкциялар иккинчи давлатларга экспорт қилинадиган, кейин эса уларни Россияга реэкспорт қилинадиган товарларга ҳам тегишли. Аммо бу фақат Британия товарларига тааллуқли. Биз Ўзбекистоннинг Россия билан қонуний экспорт бизнесини амалга оширишига тўсқинлик қилмоқчи эмасмиз.

Ўзбекистон билан товар айирбошлаш ҳажми катта эмас. Биз бу ва бошқа мамлакатлар орқали Россияга савдо оқимларини, айниқса жанг майдонига кирадиган товарларни жуда эҳтиёткорлик билан кузатиб борамиз. Бу бизни энг кўп ташвишлантиради.

Ўзбекистон мазкур товарларнинг Россияга келишига ёрдам берадиган жойлардан бири эмаслигига ишонч ҳосил қилиш учун ушбу масалаларни Ўзбекистон ҳукумати билан муҳокама қилмоқдамиз. Ўзбекистон ҳукумати бу борада биз билан аъло даражада ҳамкорлик қилмоқда, президентнинг ўзи кафолат берди.

Европа Иттифоқининг санкциялар бўйича вакили Дэвид О’Салливан шу ерда бўлганида у билан бир қатор учрашувларда иштирок этдим. Уларда ўзбек ҳукумати санкцияларнинг четлаб ўтилишига йўл қўймасликка ишонч билдирди, айниқса, президент айтганидек, уруш майдонида таркибий қисмлар сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган товарларга нисбатан. Турган гапки, биз қуроллар ҳақида гапираётганимиз йўқ, бу фақатгина таркибий қисмлар.

Ва бу муҳокамалар давом этмоқда. Биз санкцияларимизга қатъий равишда риоя этишда давом этамиз. Бу борадаги ҳамкорлик учун Ўзбекистондан миннатдормиз.

— Ҳозирги Россияни тарих призмаси орқали муҳокама қилишни таклиф қилмоқчи эдим. 1939 йилда Буюк Британия бош вазири Уинстон Черчилл шундай деган эди: «Мен Россиянинг ҳаракатларини олдиндан айтиб бера олмайман. Бу сир билан қуршалган, энигма ичидаги жумбоқ. Аммо, эҳтимол, бунинг калити бор ва бу калит Россиянинг миллий манфаатларидир». Сизнингча, Россия ҳали ҳам жумбоқми? Украинага қарши уруш мисолида унинг ташқи сиёсатдаги ҳаракатларини қай даражада башорат қилиш мумкин?

— Дипломатияни тўғри олиб борсангиз, барча қилинаётган ишлар миллий манфаатлар билан боғлиқ бўлади. Агар дипломатиянгизни яхши олиб борсангиз, сизнинг ва менинг миллий манфаатларим кесишадиган ва бир-бирига мос келадиган соҳаларни топасиз. Ва бу муносабатларингизнинг барча томонлар бир-бирининг кучли жиҳатларидан фойдаланадиган ва муваффақиятли қирраси бўлади.

Лекин миллий манфаатларнинг халқаро ҳуқуқда белгилаб қўйилган чегаралари ҳам борки, улар катта, кучли давлатнинг кичикроқ ва заифроқ давлат ҳудудига бостириб киришига йўл қўймайди. Ва агар сиз халқаро ҳуқуқ тамойилларига риоя қилмасангиз, бу маълум оқибатларга олиб келади. Шундай қилиб, миллий манфаатларни рўёбга чиқаришнинг қатъий чегараси мавжуд.

Президент Путин ўз ҳаракатлари Россия миллий манфаатларига мос келишига ишонганига шубҳам йўқ. Лекин унинг ҳаракатлари қандай оқибатларга олиб келгани ажаблантиради. Чунки 2021 йил бошида у ўзининг машҳур мақоласида Украина Россия билан ҳамкорлик қилмасдан суверен бўла олмаслигини ёзган эди. Аммо натижада у Украина келажакда ёки ҳеч бўлмаганда президент Путин бошчилигидаги Россия билан ҳамкорликнинг ҳеч қандай шаклига рози бўлмаслигига эришди. Бу миллий манфаатлар нуқтаи назаридан қилган биринчи хатоси.

Иккинчи хато шундаки, у Украинага бостириб кирса, Украинанинг Ғарбдаги ҳамкорлари, жумладан, НАТО ва Европа Иттифоқи заиф жавоб қайтаради, деб ўйлаганди. Шунингдек, Украинага бостириб киришга уриниши орқали Европа Иттифоқи ҳамда НАТОнинг бирлашишига эришди. Жумладан, Швеция ва Финляндиянинг шарқий ҳамкорликнинг бошқа қисмларида ҳам кузатиш мумкин бўлган қўрқув ва хавотир ҳисси ҳамда Ғарб билан ҳамкорлик зарурати туфайли НАТОга қўшилиш ҳақидаги сўровлари каби кутилмаган оқибатларга олиб келди.

Шундай қилиб, унинг Украинага бостириб кириши муваффақиятсизликка учради. У украиналикларни бегоналаштирди. У Ғарб, НАТО ва Европа Иттифоқини муваффақиятли тарзда бирлаштира олди. Бу минтақадаги баъзи анъанавий ҳамкорларини ҳам жиддий ташвишга солмоқда. Агар шулар унинг миллий манфаатлари бўлса, жуда ғалати миллий манфаат.

Афсуски, биз суверен давлатнинг атайлаб вайрон қилинаётгани, жумладан, фуқаролик инфратузилмасига шафқатсиз, ваҳшиёна ҳужумлар уюштирилаётгани, осойишта ҳаёт кечириши керак бўлган жуда кўп сонли украиналик ёшлар ўз давлати манфаатларига хизмат қилмайдиган раҳмсиз раҳбарнинг амбициялари туфайли нобуд бўлаётганига гувоҳ бўлмоқдамиз.

— Черчиллнинг Фултондаги нутқидан бир иқтибос бор. У шундай деган: «Ишончим комилки, [руслар] ҳаммадан ҳам кўпроқ куч-қудратдан ҳайратланишади ва улар заифлик, айниқса ҳарбий кучсизликни энг сўнгги ўринда ҳурмат қилишади». Сизнингча, ҳозирги Россия ҳукумати ҳам фақат куч тилини тушунадими?

— Мен Россия бўйича мутахассис эмасман. Британия ҳукумати Ўзбекистондаги вакили дипломатияга кўпроқ халқаро нуқтаи назардан қарайдиган одам бўлишини хоҳлашгани учун мени бу мамлакатга юборди. Шу боисдан Россия ҳақида катта компетенция билан гапира олишимга ишончим комил эмас.

Президент Путин биринчи навбатда Украинадан, шунингдек, Украинанинг ҳамкорларидан жуда қаттиқ жавоб зарбасини қабул қилиб олди. Афсуски, бу Путин ва унинг Москвадаги режимига унчалик таъсир қилмаяпти. Ёки бу ҳар қандай мухолифат, оммавий ахборот воситалари ёки жамоат ҳаётига нисбатан репрессияларнинг кучайишига олиб келмоқда.

Бу саволга жавоб бера олмайман. Кучли реакция ҳам таъсир қилмаяпти. Мен бу даҳшатли, қўрқинчли урушнинг натижаси борасида унчалик ҳам оптимистик руҳда эмасман.

— Бугун Ўзбекистонда баъзи одамлар радикаллашувдан хавотир билдирмоқда. Айрим радикал диний гуруҳлар фаолият юритаётган Ироқ ва Яманда узоқ йиллар хизмат қилган дипломат сифатида мамлакатимизда радикаллашув тенденцияларига кўзингиз тушдими? Бу қўрқувлар ҳақиқатми ёки шунчаки исломлашув жараёнини нотўғри тушунишми?

— Радикаллашув ҳар қандай давлатни ташвишга солади. Бу ерда ҳам ташвиш туғдириши керак. Буюк Британияда ҳам худди шундай ташвиш уйғотади. Аммо у ҳар қандай дин, хусусан, Исломдаги художўйликдан жуда фарқ қилади. Ва ҳар қандай жамиятда мувозанатга эришиш қийин.

Мен динга эркин эътиқод қилишга рухсат бериш, истаган нарсасига ишониш, эътиқоди, ишончини муҳокама қилиш ва унга бўлган энтузиазмини, жумладан, ушбу ишончнинг асосини ташкил этувчи тамойилларини ифода этишнинг муҳимлиги ҳақида гапириб ўтдим. Ва ҳар доим, ҳар қандай динда, ушбу дин нималарни ўз ичига олиши тўғрисидаги қонуний легитим (қонуний) муҳокамалар мавжуд.

Мирзиёев ҳукумати амалга оширган хайрли ишлардан бири — диний эътиқод эркинлигини, жумладан, ўзидан олдинги ҳукумат даврида қаттиқ чекланган Ислом динини кўпроқ таъминлаш ва кўп сонли диний маҳкумларни озод қилиш бўлди. Бу мамлакатда ислом динининг фавқулодда ўсишига гувоҳ бўлдик: қурилаётган янги масжидлар, жума намозига келувчилар сони.

У билан бирга маълум даражада консерватизм ҳам кучайиб бормоқда. Чунки кўпчилик дин муайян ижтимоий масалаларга нисбатан консерватив ёндашади, деб ҳисоблайди. Ва бу мунозаранинг бир қисми. Бундай тортишувлар насронийликда ҳам учрайди. Яъни, тўлиқ оқланган кўплаб низолар мавжуд. Аммо булар радикаллашувнинг кўриниши эмас.

британия элчиси, интервью, тим торлоу

Гап шундаки, ҳар қандай динда мўътадил одамлар кўпчиликни ташкил қилади. Ва ҳар қандай динда жуда радикал қарашларни билдирадиган ва баъзан буни очиқ эълон қиладиган экстримал диндорлар бўлади, аммо бу жамият учун таҳдид эмас. Бу радикал қарашларнинг ифодаси қонунларни бузишга, жумладан, терроризм билан шуғулланишга чақира бошлагандагина таҳдидга айланади. Жамият бундай кўринишларни тўхтатиши керак.

Ва бу жуда нозик чегара. Хилма-хил қарашлар мавжуд бўлиши учун одамларга ОАвда ва бошқа жойларда диний қарашларини билдириш имкониятини бериш керак. Чунки бундай бўлишига имкон берсангиз, инклюзивроқ ва кучлироқ жамият қура оласиз. Аммо бу каби кўринишларни ҳақиқатан ҳам жамиятга таҳдид сола бошлаганда тўхтатиш керак.

Ўзбекистон эндигина диний эътиқод эркинлиги ва сўз эркинлиги йўлидан атак-чечак қилиб юрмоқда. Мамлакат ҳали охиригача етиб боргани йўқ, бироқ радикаллашув томон кетяптими? Сизларда жуда самарали хавфсизлик органлари мавжуд, улар бу содир бўлмаслиги учун жуда яхши ишлашмоқда. Қайси нуқтада улар аралашишга қарор қилишларини ҳукм қилиш мен учун эмас, чунки мен контекстни билмайман. Аммо аралашадиган хавфсизлик органларингиз бўлиши лозим. Вазият ривожланишининг қайси нуқтасида улар аралашишга қарор қилиши бўйича эса ҳукм қилиш қийин.

Лекин бу ерда ўзимни бутунлай хавфсиз ҳис қиламан. Яманда «Ал-Қоида»нинг худкуш террорчиси менга суиқасд қилганди. Яманда терроризм ва радикаллашув муаммоси бу ерга қараганда анча кучли эди. Яман Ўзбекистонга қараганда чуқур диний жамият эди. У ерда исломнинг консерватив версиясига амал қилишади. Лекин биз у ерда учратган одамларнинг катта қисми, яъни 99,5 фоизи, ҳар доим ҳам ўзини мен каби тутмасада ёки мен ишонадиган нарсаларга ишонмасада, художўй, яхши ниятли, эътиқоди жуда кучли одамлар эди.

Аммо улар ҳеч қачон, ҳатто бир миллион йилда ҳам террорчилик ёки экстремистик ҳаракатларини содир этишмасди. Яман бу каби ҳис-туйғуларни жиловлашдан унчалик ҳам узоқ эмас эди. Аммо Ўзбекистон эндигина очиляпти.

— Ўзбекистонда бўлган вақтингизда ҳаво сифати ва яшаш шароити нуқтаи назаридан экологик вазият қанчалик ўзгарди?

— Муайян ўзгаришлар бор. Шамоллар ва қум бўронлари бошланди. Лекин, ўйлайманки, иқлим ўзгариши оқибатларини кўришингиз мумкин бўлган энг катта офат, бу — Орол денгизидир. Бу Орол денгизи қуришининг оқибатими, чунки денгиз Ўзбекистонни совитиб турарди ёки бу бошқа, янада жиддийроқ ва каттароқ муаммонинг бир қисмими? Шу боис Ўзбекистоннинг ўрнида аҳоли, қишлоқ хўжалиги, саноатни сув билан таъминлаб турган Помирдаги музликларнинг эриши тўғрисида икки баробар кўпроқ хавотирга тушган бўлардим — ҳаммаси сувга боғлиқ.

Йўлларда транспорт кўпайиб, ҳавонинг ифлосланишига олиб келди. Бу фақат ёмонлашиб боради. Чунки одамлар қанча бой бўлгани сари биринчи навбатда ўзларига машина сотиб олиб, уни ишга ва шаҳар бўйлаб ҳайдашни хоҳлашади. Тез орада шаҳарга кириш ва чиқиш йўллари машиналар билан тиқилиб қолади ва тирбандликлар, кечикишлар, стресс ва автоуловларнинг катта оқимидан келиб чиқадиган бошқа нарсалар юзага чиқади.

Шу нуқтаи назардан, муқобил жамоат транспорти ва мен ҳар доим ҳам мақтаб гапиравермайдиган Тошкентнинг аввалги ҳокими қилган яхши чора-тадбирлар жуда муҳим. Олдинги ҳоким велосипед йўлаклари масаласида яхши ишлар қилди.

Агарда велосипедлар ёки автобуслар учун алоҳида йўлаклардан фойдалансангиз, ишга тезроқ етиб боришингиз мумкин. Метрони такомиллаштириш, метрога кондиционерлар ўрнатиш ва одамларнинг ишга қулай боришлари учун шароит яратиш лозим.

Бу ерда жамоат транспортидан фойдаланишда Лондонда бўлмаган ижтимоий стигма мавжуд. Бу ерда метродан фойдаланишни бошлаганимда, одамлар: «Сиз Британия элчисисиз, метродан фойдалана олмайсиз», — дейишни бошлашди. Лекин мен учун бу инстинктив, бу мен қиладиган нарса. Лондонда мен велосипедда юраман ва у ерда машинада юриш хаёлимга ҳам келмаган. Жамоат транспорти зўр, велосипед йўллари очиқ, машина миниш қиммат ва тўхташ жойлари йўқ. Хўш, у ерга велосипедда ёки жамоат транспортида тезроқ етиб борадиган бўлсам, машинага ўтириш ва уни ишга ҳайдашимнинг нима кераги бор?

— Демак, Лондонда инфратузилма ва атроф-муҳит одамларни жамоат транспортидан фойдаланишга ёки кўпроқ велосипедда юришга ундайди?

— Ўйлайманки, бу бир нечта нарсага боғлиқ. Одам баъзи ҳаракатларни тавсия эканлиги учун қилса, айримларини қонун талаби туфайли қилади. Лондонда «тирбандлик йиғими» (congestion charge) деб аталадиган тўлов аҳолини автомобилни камроқ ҳайдашга ундайди. Яъни, агар Лондон маркази бўйлаб машинада юрмоқчи бўлсангиз, кунига 10 фунт тўлашингизга тўғри келади ва бу сезиларли пул.

Автотураргоҳ ҳам астрономик даражада қиммат туради, шунда ҳам тўхташ жойини топа олсангиз, акс ҳолда бу ҳақда орзу ҳам қилманг.

Ва шаҳар бўйлаб юришингиз учун ҳақиқатан ҳам яхши жамоат транспорти мавжуд. У машиналарга қараганда тезроқ ҳаракат қилади. Мен жануби-ғарбий чеккадан ишга велосипедда қатнардим ва бу ҳар куни бир томонга 18−19 км дегани эди. Барча ҳаракатланиш усулларини синаб кўрдим — велосипедда энг тез етиб бордим.

— Давлат ресурсларни тақсимлашда устуворликларни тўғри танлаши керак. Ҳукумат асосий ресурсларини қандай муаммоларни ҳал қилишга сарфлаши лозим?

— Устуворликларга бўлиш борасида ҳақсиз. Ўзгаришларни амалга ошириш учун имкониятларингиз чекланган бўлса, ҳақиқатдан ҳам муҳим бўлганларига кўпроқ эътибор қаратасиз ва ўзингизнинг иқтидорли кадрларингизни ушбу ўзгаришларни амалга оширишга йўналтирасиз, шундан кўпроқ манфаат кўрасиз.

Менинг назаримда ушбу мамлакат учун биринчи рақамли устувор вазифа, бу — таълим, чунки у ҳамма нарсани ўзгартиради. У келажакда ҳар қандай ўзгаришларни амалга оширишга тайёр, бизнесда, сиёсатда, спортда, технологияда ва исталган соҳада мамлакат манфаатларини яхшироқ ифода этадиган, иқтисодиётингизни ҳозир ўсиб бораётган суръатларда давом эттира оладиган инсонларни тарбиялайди.

Иқтисодий ўсишни қўллаб-қувватлаш иқтисодий ривожланиш бўйича тўғри ечимлар, жумладан, хусусий секторни мустаҳкамлаш керак. Аксарият ривожланган мамлакатларда иш ўринларининг катта қисми ва умуман, иқтисодий ўсиш йирик корхоналар томонидан эмас, балки кичик ва ўрта корхоналар ҳисобидан таъминланади. Бу ерда у ҳали ҳам ривожланмаган. Лекин бу соҳа таълим тизимидан чиқаётган катта миқдордаги ёш ўзбекистонликларни қамраб олади.

Иқлим ўзгариши масаласи ҳам жуда муҳим ва диққатни сувга қаратиш керак, ундан қандай фойдаланасиз ва сувдан самарали фойдаланишни қандай қўллаб-қувватлайсиз. Сувдан фойдаланишни оптималлаштириш учун шаҳарсозлик, саноат ва қишлоқ хўжалигини ривожлантириш стратегиялари ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Оддий фуқаролар ҳаётига бевосита дахлдор бўлган соғлиқни сақлаш тизимидаги муаммолар каби бошқа масалаларни ҳам ҳал этиш муҳим. Агарда улар ҳал қилинмаса, одамлар: «Мамлакат тез ривожланяпти, жуда кўп қизиқарли ишлар қилинмоқда, лекин бу менинг ҳаётимга таъсир қилмаяпти», деб ўйлашлари мумкин. Шу нуқтаи назардан, соғлиқни сақлаш тизимида қилиниши керак бўлган ишлар кўп. Covid-19 даврида кўплаб заиф жиҳатлар ва ташвишли вазиятларни кўрдик.

Соғлиқни сақлашдан ташқари, ер ажратиш каби масалаларга ҳам эътибор қаратиш лозим. Халқингиз ҳадеб кўчага чиқиб, қандайдир масалаларни ҳал қилишни талаб қилавермайди. Сиз тинчликсевар ва сокинроқсиз. Лекин келганимданоқ ерга бўлган ҳуқуқларга риоя этилишидан норозилик, эгалик ва мулк ҳуқуқини ҳурмат қилмаслик каби масалалар одамларнинг кўчага чиқишига сабаб бўлди. Бу ҳам устувор масала.

— Ўрнингизга ушбу лавозимни эгаллайдиган Тимоти Смарт август ойида ишга киришиши керак. У билан янги иши ҳақида гаплашиш имконига эга бўлдингизми ва у билан қандайдир маслаҳатлар билан ўртоқлашдингизми?

— У бошқалардан, минтақадаги бошқа элчилардан, Лондондаги раҳбариятдан ўрганмоқда, ўзи келган давлат ҳақида билиб оляпти. Ўйлайманки, у Ўзбекистон бўйича ўзининг шахсий қарашларини шакллантириб олиши керак.

Ҳозирда у ўзбек тилини ҳам ўрганмоқда. Бу қисман менинг таклифим эди, чунки расмий йиғилишларда вазирлар ёки вазир ўринбосарлари ўзбек тилида гапиришаётгани, президентнинг барча чиқишлари ҳам ўзбек тилида эканини кўпроқ кузатяпмиз. Ҳақиқатдан ҳам ўзбек тили тобора кўпроқ давлатнинг расмий тилига айланиб бормоқда. Шунинг учун хорижий мамлакат вакили сифатида унинг ўзбек тилини тушуниши муҳим.

Ўзим ҳам келгунимга қадар рус тилини ўрганган бўлсам-да, бу ерда ундан унчалик фойдаланмаганман, чунки ўзбек тилининг мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётида тутган ўрни анча юқори.

Бошқа нарсалар қаторида, миллий тилдан фойдаланиш ҳурматни кўрсатади. Қайсидир маънода ўрганмаганимдан афсусдаман, чунки мен арабчани биламан ва ўзбек тилида маъносини арабчадан биладиган сўзларга доимо дуч келаман. Улар орасида оддий сўзлар: «лекин», «инсон» ёки «рахмат» каби айтилиши бир хил, шунингдек, сиёсий ёки иқтисодий луғатдаги «иқтисод» ёки «сиёсий» каби анча мураккаб сўзлар мавжуд.

— Дипломатик фаолиятингизни якунлаяпсиз. Ортга қараб нима дея оласиз? Ва режаларингиз қандай?

— 42 йилдан бери дипломатик хизматдаман. Ҳеч қачон дипломат бўлишни ният қилмаганман. Университетни тамомлаганимда, бошланғич синф ўқитувчиси бўлишни хоҳлардим ва ҳозир ҳам қўлимдан келадиган энг яхши иш шу. Яхши ўқитувчи бўлардим. Ҳеч қачон яхши дипломат бўлганман деб ўйламайман. Лекин бошқа нарса қилишга қарор қилдим.

Менга саёҳат қилиш, тиллар, одамлар, маданиятлар ва тарихни тушуниш учун узоқ вақт бошқа мамлакатларда яшаш ёқди. Ва мен буни ҳали ҳам яхши кўраман. Охирги миссия учун Ўзбекистонга тайинланишимни сўраганимнинг сабабларидан бири ҳам бу ер дунёнинг мен ҳеч нарса билмаган мутлақо янги қисми эди.

Дипломатиянинг бир қисми бўлган янги нарсаларни кашф қилишни яхши кўраман. Ва, биз айтганимиздек, ўзимизни бошқаларнинг ўрнида ҳис қилишни. Хорижлик Ўзбекистонда яшаш, ўзбек бўлиш қандайлигини қанчалик ҳис қила олса. Буларнинг барчасини жуда соғинаман.

Менга дипломатик хизмат хилма-хил мамлакатларда яшашга имкон берганидан жуда бахтиёрман. Мен ишлаган барча жойларни яхши кўраман: Яқин Шарқ — Маскат (Уммон), Ироқ, Яман, Жанубий Америка — Европа Иттифоқи учун тўрт йил ишлаган Чили, Боливия, шунингдек, Янги Зеландия. Ва ҳозир бу ердаман. Бундан ташқари, бошқа жойларда, жумладан, Африка ва Афғонистонда ҳам қисқа муддатли топшириқларни бажарганман.

Бу ажойиб ҳаёт эди ва қизиқарли ёки омадли пайтларда ушбу мамлакатларда фаолият кўрсатдим. Ва агар буларни битта мавзу билан ифодалаш мумкин бўлса, деярли ҳар доим ўзгаришлар тез юз бераётган мамлакатларда бўлдим. Чунки ушбу мамлакатларда ўзгаришларни зарур ёки муҳим қилган сиёсий ёки иқтисодий воқеалар содир бўларди.

Британия ҳукумати ва Британия элчихонасининг ушбу ўзгаришлар жараёнларида иштирок этиши қизиқарли, фойдали ва рағбатлантирувчи ҳис бўлди. Ва кетиш мен учун жуда қайғули бўлади. Лекин, ўйлашимча, 42 йил узоқ вақт. Ва бутсиларимни михга осиб, бошқа иш қилиш вақтим яқинлашмоқда.

Ҳали ҳам жуда кўп энергиям бор. 13 ёшли фарзандим бор ва агар фарзандларингиз бўлса, сизга жуда кўп энергия керак бўлади. Францияда уйимиз бор ва қилинадиган ишларимиз кўп. У жуда эски 250 йиллик уй, эски қишлоқда. Унда яшаш жуда қулай, лекин қилинадиган ишлар кўп. Шундай экан, аввал буни қилишим, сўнгра эса кейин нима қилишим ҳақида ўйлашим керак.

Эҳтимол, бу таълим билан боғлиқ бўлган нарса бўлади, чунки аллақачон тушунганингиздек, бу менинг буюк севгим. Менимча, ҳозир бошланғич синф ўқитувчиси бўлишга кучим йўқ, лекин таълим билан боғлиқ бирор нарса қизиқ бўларди.

Турмуш ўртоғим — ёзувчи, асарлари бутун дунёда муваффақиятли нашр этилмоқда. Ва унинг карьерасидаги асосий қисми ҳали олдинда. Шундай экан, мен овқат пишираман, уйни тозалайман, дўконларга бораман, дазмоллайман ва уни қўллаб-қувватлайман. Ва, албатта, фарзандимизни тарбиялаш. Шундай қилиб, қиладиган ишларим кўп.

— Жаноб элчи, суҳбатингиз, вақт ажратганингиз учун катта раҳмат.

— Сизга раҳмат. Ва мен Ўзбекистонда тўрт йил давомида ўта фойдали, тўлақонли ва мувозанатли ахборот манбаи сифатида қадрлаган ва ҳурмат қилган «Газета.uz»га ҳам миннатдорчилик билдирмоқчиман. Сиз эса буни айтганим учун менга пул тўлаганингиз йўқ (кулади).