Президент қарори билан Янги Тошкент шаҳрини қуриш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш доирасида бож имтиёзлари берилмоқда. Унга кўра, «Янги Тошкент шаҳрини барпо этиш дирекцияси», инвесторлар, бош лойиҳа ва бош пудрат ташкилотлари Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган, белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхатлар бўйича четдан олиб келинадиган қурилиш техникаси, асбоб-ускуна, бутловчи буюмлар, эҳтиёт қисмлар учун божхона божи тўлашдан 2027 йил 1 январга қадар озод этилади.

«Янги Тошкент шаҳрини барпо этиш дирекцияси» давлат муассасаси ҳам шу қарорга мувофиқ шаҳарни барпо этиш учун Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида ташкил этилмоқда.

Дирекция ҳудудни ривожлантириш режаларини (мастер режа), тармоқ режаларини ва манзилли дастурларини ишлаб чиқади ҳамда тасдиқлайди. Янги Тошкент шаҳри ҳудудида лойиҳаларни амалга ошириш бўйича инвесторлар билан музокаралар олиб боради, салоҳиятли инвесторларни танлайди, улар билан инвестиция ва ижтимоий мажбуриятларни белгилаган ҳолда битимлар тузиш ва уларнинг ижросини назорат қилади.

Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги марказий аппарати тузилмасида вазир ўринбосари — «Янги Тошкент шаҳрини барпо этиш дирекцияси» директори лавозими жорий этилмоқда. Лавозим вазир ўринбосари лавозимини қисқартириш ҳисобига киритилаётгани қайд этилган.

Дирекция директори президент томонидан лавозимга тайинланади ва ундан озод этилади. Дирекция директорининг ўринбосарларини эса директорнинг ўзи бош вазир билан келишган ҳолда лавозимга тайинлайди ва ундан озод этади.

Дирекцияга ўз вазифаларини бажариш учун шахсий ғазна ҳисобварағини очишга рухсат берилмоқда.

Қарорда, шунингдек, Юқори Чирчиқ ва Ўрта Чирчиқ туманларидаги 10 та мавзе ҳамда Шоличилик институтининг қишлоқ хўжалиги ерлари Янги Тошкент шаҳрига ажратилиши назарда тутилган. Ерларнинг тоифаси ўзгартирилгани учун қишлоқ ва ўрмон хўжалиги нобудгарчиликлари ўрнини қоплаш бўйича компенсация ундирилмайди.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йил 31 август куни президент Шавкат Мирзиёев Тошкент вилояти ҳудудида, Чирчиқ ва Қорасув дарёлари оралиғида Янги Тошкент барпо этилишини маълум қилганди. Май ойида Янги Тошкентга Тошкент вилоятидан 19,7 минг гектардан зиёд ер майдони ўтаётгани хабар қилинган.