Янги Тошкент шаҳрини барпо этиш мақсадида Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ ва Ўрта Чирчиқ туманларидан жами 19 минг 729,4 гектар ер майдони ажратилаётгани хабар қилинганди. Президент қарори билан бу ерларнинг 12 минг 878,59 гектари Юқори Чирчиқ туманининг Ўзбекистон, Дўстлик, Суранкент, Туркистон, Гулистон, Ийк ота, (Қибрай) Нурмуҳаммедов ҳамда Ўрта Чирчиқ туманининг Дўстлик, Охунбобев, Ким Пен Хва мавзелари ва Шоличилик институти ҳудудидаги қишлоқ хўжалигига ихтисослашган ерлар ҳисобидан ажратилиши белгиланди.

foster and partners, meinhardt, oma, янги тошкент, қишлоқ хўжалиги ерлари

Қишлоқ хўжалиги ерлари ҳисобидан ажратилаётган ерларнинг 11 минг 478,4 гектари суғориладиган ҳисобланади. Қолган ерлар эса кўп йиллик дарахтзорлар (1 минг 169,1 гектар) ва яйлов ерлари (231,2 гектар) экани қайд этилган.

Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларнинг ушбу қарорга мувофиқ тоифаси ўзгартирилгани учун қишлоқ хўжалиги ва ўрмон хўжалиги ишлаб чиқариши нобудгарчиликлари ўрнини қоплаш бўйича компенсация тўловлари ундирилмайди.

Қарорга кўра, дастлаб 2 минг 420 гектар майдонда қурилиш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилиши режалаштирилган.

Янги Тошкент шаҳрининг бош режаси лойиҳасини ишлаб чиқиш учун Британиянинг Foster and Partners, Нидерландиянинг OMA ва Сингапурнинг Meinhardt Pte. Ltd компаниялари жалб қилинган.

Шунингдек, шаҳарни барпо этиш учун Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида «Янги Тошкент шаҳрини барпо этиш дирекцияси» давлат муассасаси тузилади.

Дирекция ҳудудни ривожлантириш режаларини (мастер режа), тармоқ режаларини ва манзилли дастурларини ишлаб чиқади ҳамда тасдиқлайди. Янги Тошкент шаҳри ҳудудида лойиҳаларни амалга ошириш бўйича инвесторлар билан музокаралар олиб боради, салоҳиятли инвесторларни танлайди улар билан инвестиция ва ижтимоий мажбуриятларни белгилаган ҳолда битимлар тузади ва уларнинг ижросини назорат қилади.

Президент қарорида, шунингдек, Янги Тошкент шаҳрини барпо этиш ишларини мувофиқлаштирувчи кенгаш тузиш назарда тутилган. Мувофиқлаштирувчи кенгаш Дирекция томонидан киритилган инвесторларнинг лойиҳа таклифларини кўриб чиқади. Шаҳарнинг бош режасини тасдиқлайди ва унга тегишли ўзгартиришлар киритиб боради, шунингдек, ер участкаларини босқичма-босқич ўзлаштириш масаласини кўриб чиқади ва тегишли қарорлар қабул қилади.

Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги марказий аппарати тузилмасида вазир ўринбосари — «Янги Тошкент шаҳрини барпо этиш дирекцияси» директори лавозими жорий этилмоқда. Лавозим вазир ўринбосари лавозимини қисқартириш ҳисобига киритилаётгани қайд этилган.

Дирекция директори президент томонидан лавозимга тайинланади ва ундан озод этилади. Дирекция директорининг ўринбосарларини эса директорнинг ўзи бош вазир билан келишган ҳолда лавозимга тайинлайди ва ундан озод этади.

Дирекцияга ўз вазифаларини бажариш учун шахсий ғазна ҳисобварағини очишга рухсат берилмоқда.

2027 йил 1 январига қадар дирекция, инвесторлар, бош лойиҳа ва бош пудрат ташкилотлари Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган, белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхатлар бўйича четдан олиб келинадиган қурилиш техникаси, асбоб-ускуна, бутловчи буюмлар, эҳтиёт қисмлар учун божхона божи тўлашдан озод этилади.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йил 31 август куни президент Шавкат Мирзиёев Тошкент вилояти ҳудудида, Чирчиқ ва Қорасув дарёлари оралиғида Янги Тошкент барпо этилиши, пойтахт эса «яшил ҳудуд» га айлантирилиши ҳақида маълум қилган эди.

2023 йил март ойида эса пойтахтдаги давлат идоралари Янги Тошкентга кўчирилиши, шунингдек, лойиҳа доирасида қўшимча 20 минг гектарда 1 млн аҳоли яшаши учун қулай шароит яратилиши билдирилди. Хусусан, биринчи босқичда 60 минг аҳолига мўлжалланган кўп қаватли уйлар, 30 та мактаб, 20 та болалар боғчаси, кўп тармоқли шифохона ва 5 та оилавий поликлиника барпо этилади.

Телеграмдан фойдаланасизми? Муҳим янгиликларни ўтказиб юбормаслик учун каналимизга аъзо бўлинг.

Май ойида Янги Тошкентга Тошкент вилоятидан 19,7 минг гектардан зиёд ер майдони ўтаётгани маълум қилинганди.