Янги Тошкент шаҳрини барпо этиш мақсадида Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ ва Ўрта Чирчиқ туманларидан жами 19729,4 гектар ер майдони ажратилмоқда, дея маълум қилди Кадастр агентлигининг вилоят бошқармаси.

Мазкур ажратилаётган майдоннинг 12905,7 гектари қишлоқ хўжалиги ерлари ва 6823,7 гектари бошқа ер тоифасидаги ерлардир. Мазкур ерлардан фойданувчилар эса 772 тани ташкил этмоқда. Жумладан:

  • фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналари ерлари — 13185 гектар (242 та);
  • ёрдамчи хўжаликлар ва иссиқхона ерлари — 203,8 гектар (49та);
  • деҳқон хўжаликлари — 323,5 гектар (100 та);
  • ўзга ердан фойдаланувчилар — 2263,2 гектар (379 та);
  • аҳоли томорқалари — 3012,6 гектар;
  • маҳаллий ҳокимият заҳирасидаги ерлар — 60,5 гектар (2 та);
  • каналлар ва йўлларга ажратилган ерлар — 680,5 гектар.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йил 31 август куни президент Шавкат Мирзиёев Тошкент вилояти ҳудудида, Чирчиқ ва Қорасув дарёлари оралиғида Янги Тошкент барпо этилиши, пойтахт эса «яшил ҳудуд» га айлантирилиши ҳақида маълум қилган эди.

Жорий йил март ойида эса пойтахтдаги давлат идоралари Янги Тошкентга кўчирилиши, шунингдек, лойиҳа доирасида қўшимча 20 минг гектарда 1 млн аҳоли яшаши учун қулай шароит яратилиши билдирилди. Хусусан, биринчи босқичда 60 минг аҳолига мўлжалланган кўп қаватли уйлар, 30 та мактаб, 20 та болалар боғчаси, кўп тармоқли шифохона ва 5 та оилавий поликлиника барпо этилади.

Янги Ўзбекистон университети, Миллий кутубхонанинг янги бинолари, театр, ижод мактаблари, савдо ва сервис марказлари ҳам шу ерда жойлашади.