Самарқанд вилоятида 45 яшар эркак 1,5 йил давомида 10 ёшли жиянига уятсиз ҳатти-ҳаракатлар қилиб келган. Бу ҳақда «Сукут сақлама» лойиҳаси ўз манбаларига таяниб хабар берди.

Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсиддиновнинг «Газета.uz»га маълум қилишича, 1978 йилда туғилган Т. Н. вояга етмаган қариндоши 10 яшар У.Н.га уятсиз бузуқ ҳаракатлар содир этган. Ҳолат юзасидан 2023 йил 12 июль куни Т.Н.га нисбатан Жиноят кодексининг 129-моддаси 3-қисми (Ўн олти ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Жиноят иши 2023 йил 22 июль куни Жиноят кодексининг 129-моддаси 3-қисмидан ЖКнинг 119-моддаси 4-қисми (Жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш)га қайта малакаланган. Ҳозирги кунда жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Тошкент вилоятининг Олмалиқ туманида 39 ёшли эркак ёш болаларни ахлоқсиз ҳаракатлар қилишга мажбурагани акс этган видео тарқалиб, у ушлангани ҳақида хабар берилган эди. Бош прокуратура ахборот хизматининг маълум қилишича, 39 яшар эркакка нисбатан Жиноят кодексининг 129-моддаси билан жиноят иши қўзғатилди.