24 июль куни Исроил парламенти мамлакатда оммавий норозиликларга сабаб бўлган суд-ҳуқуқ ислоҳоти доирасидаги биринчи қонун лойиҳасини иккинчи ва учинчи ўқишда маъқуллади, деб хабар бермоқда The Times of Israel.

«Оқилоналик» тамойили — Олий суднинг ҳукумат қарорларининг ҳақиқийлигини текшириш ҳуқуқини бекор қилувчи қонун лойиҳаси овозга қўйилди. Бу суд қонунчилигидаги энг баҳсли ўзгаришлардан биридир. Танқидчиларга кўра, суд-ҳуқуқ ислоҳоти мамлакатда демократия ва қонун устуворлигининг издан чиқишига олиб келади.

Ҳукмрон коалиция 64 овоз билан ҳужжатни ёқлаб овоз берди. Мухолифатдаги депутатлар норозилик сифатида овоз беришни бойкот қилди.

Қонун лойиҳаси муҳокамаси қарийб 30 соат давом этди. Мухолифатнинг барча 140 эътирози рад этилди, деб ёзади газета.

Исроил адлия вазири Ярив Левин овоз беришдан кейин парламент аъзолари «суд тизимини ўрнатиш ҳамда йиллар давомида ҳукумат ва Кнессетдан тортиб олинган ваколатларни тиклаш бўйича тарихий жараёнда биринчи қадамни» қўйганини таъкидлади.

Исроилда январь ойидан буён ҳар ҳафта бош вазир Бенямин Нетаньяху бошчилигидаги ҳукумат томонидан илгари сурилган суд тизими ислоҳотига қарши норозилик намойишлари ўтказилиб келинмоқда. Март ойида Нетаньяху жамоатчилик босими остида ислоҳотлар лойиҳасини кечиктирган эди.

Исроил шаҳарларида ва парламентдаги овоз бериш пайтида минглаб намойишлар бўлиб ўтди. Намойиш ташкилотчилари ҳукуматга босим ўтказишда давом этишларини айтиб, «охиригача курашишга» ваъда беришди.