Бир йилда нечта китоб ўқийсиз? Кунингизнинг қанча қисмини мутолаага сарфлайсиз? Хоҳлаганингиздан кўра кам, тўғрими? Иш-ташвишнинг тугамаслиги ёки шунчаки ҳафсала, хоҳиш йўқлиги баҳона бунга. «Газета.uz» китобхонликни тарғиб этиш, ўқувчини кўп ва хўб ўқишга ундаш ниятида «Нима ўқиймиз?» саволи билан олим, тадқиқотчи, жамоат фаоли, ёзувчи-шоир, таржимон ва бошқаларга юзланади, уларнинг йил давомида ўқиган ё ўқилиши шарт деб санаган китоблари тавсиясини сизга етказади. Мақсад жуда оддий — китобхон бўлайлик!

«Нима ўқиймиз?» лойиҳасининг навбатдаги меҳмони — ношир, «Янги аср авлоди» нашриёт-матбаа маркази таъсисчи, Ўзбекистон ноширлари ва китоб савдоси ташкилотлари миллий ассоциацияси раҳбари Эркин Абдураҳмонов.

Мутолаа ҳақида

Ҳаётим давомидаги деярли барча саволларга китоблардан жавоб топганман. Китоб дардимга даво, муаммоларим ечими бўлган, десам муболаға эмас. Тонгни китоб мутолааси билан бошлайман. Бир вақтнинг ўзида бир неча китоб ўқишим мумкин, лекин асосий эътиборим бир китобда бўлади — уни тугатмагунча бошқа китоблар иккинчи даражада туради. Касбим тақозоси билан ўқиладиган китоблар бундан мустасно.

Асосан рус тилида ўқийман, инглиз ва турк тилларини ўрганиб, шу тилларда китоб ўқий бошлашни орзу қиламан. Китобларни асосан қоғоз вариантида ўқийман. Йилига 20−30 номда китоб ўқисам керак. Ўқиб тугалланмаган, қисқача танишиб, келгусида ўқиш учун мўлжалланган китоблар сони анча кўп.

Китоб мутолаасини фикрий озуқа оладиган, фикрлаш қобилиятини чархлаб турадиган, ҳаётдаги ўзгаришларни осонлик билан қабул қилишга ўргатадиган жараён деб биламан.

Сўнгги ўқилган китоблардан тавсиялар

Мортимер Адлер. «Как читать книги (Руководство по чтению великих произведений)». «Манн, Иванов и Фербер» нашриёти. 2022 йил. 336 саҳифа

китоб, китоблар, китобхонлик, мутолаа, нима ўқиймиз, эркин абдураҳмонов

Китоб ўқиш бўйича кўп йиллик тажрибам бўлса-да, ушбу китоб мутолаа ҳақидаги тасаввурларимни ўзгартириб юборди. У болалик чоғимда отамнинг: «Ўқиган китобларинг ҳақида қисқа хулосангни ёзиб юриш учун дафтар тут», деган талабларини ёдимга солди — ўшанда отам аслида менга китобни қандай ўқиш кераклигини ўргатган эканлар.

Муаллиф узоқ йиллар талабаларга китоб ўқишдан дарс берган, бутун умрини китобни севиш ва уни тушунишга бағишлаган инсон. У китоб мутолаасига машаққатли меҳнат сифатида қарашни ўргатади ва китобхонни фаол бўлишга, ўқиш — бу ҳаракат билан боғлиқ жараён эканлигини таъкидлайди. Мутолаага сарфланадиган вақт самарадорлигини бир неча баробар ошириш йўлларини ўргатади. Ўқиш, ёзиш ва нутқни фаол мутолаа, ҳақиқий китобхонликнинг хусусиятлари сифатида кўрсатади.

Оддий қоидаларни билиш орқали китобхон мутолаа жараёнида фаоллашади, ўз позицияси, фикрлаш тарзи ва ўзининг ички имкониятларини англашни ўрганади. Муаллиф фикрича, ҳар қандай китоб ҳақида етарлича тасаввурга эга бўлиш ва у ҳақида адолатли хулоса билдириш учун уни уч марта ўқиш талаб этилади. Бу китобни мутолаани ҳаётининг ажралмас қисмига айлантирган барча китобхонларга тавсия этаман. «Янги аср авлоди» ушбу китобни ўзбек тилида ҳам ўқувчиларга тақдим этди (сотиб олиш).

Самюэль Хантингтон. «Столкновение цивилизаций». «Аст» нашриёти. 2022 йил. 640 саҳифа

китоб, китоблар, китобхонлик, мутолаа, нима ўқиймиз, эркин абдураҳмонов

Самюэль Хантингтоннинг бу асари ўтган асрнинг 90-йилларида ёзилганига қарамай, бугун ҳам долзарблигини йўқотмаган. Китоб ёзилганидан кейинги 30 йиллик давр муаллифнинг кўпгина илмий қарашлари, хулосалари асосли эканлигини кўрсатмоқда. Асарда антик дунёдан бошлаб бугунга қадар инсоният тарихи, маданияти, тил, дин, иқтисод билан боғлиқ жараёнлар умумлаштирилган ва ҳар бир тарихий воқеа-ҳодисалар замиридаги сабабларни чуқур таҳлил қилинган, ўзаро боғлиқ жиҳатлари очиб берилган.

Муаллиф қарашлари, хулосалари билан баҳслашиш, Ислом ва туркий дунё билан боғлиқ фикр-мулоҳазаларига саволлар туғилиши мумкин. Шундай бўлса-да, интеллектуал асарлар сирасига кирувчи ва ўқувчидан соҳага оид билимга эга бўлишни талаб этувчи мазкур китоб глобал геосиёсий жараёнларни англаш ва дунё ҳақидаги тасаввурларни бойитишга хизмат қилади.

Ўзбекистон дунё ҳамжамиятининг тўлақонли аъзоси экан, глобал дунёдаги жараёнлардан четда туролмайди. Шу маънода геосиёсат мавзусидаги китобларга эҳтиёж ортиб боради. Буни инобатга олиб, «Янги аср авлоди» нашриёти тез кунларда мазкур китобни ҳам ўзбек тилида китобхонларга тақдим этади.

Клейтон М. Кристенсен. «Дилемма инноватора». «Альпина» нашриёти. 2021 йил. 342 саҳифа

китоб, китоблар, китобхонлик, мутолаа, нима ўқиймиз, эркин абдураҳмонов

Китобда шиддат билан ривожланаётган янги технологиялар замонида муваффақиятли компанияларнинг инқирози сабаблари ўрганилади ва бу муаммонинг ечими таклиф қилинади. Инновация бугунги кунда ҳар қандай компания фаолиятининг ривожланиши асосини ташкил этмоқда. Бу китобни ҳар бир тадбиркор, компания раҳбари ўқиши керак, деб биламан.

Ўзбекистон иқтисодиёти, ишлаб чиқариш ва тадбиркорлик соҳасини таҳлил қилсангиз, бундан 3−4 йил аввал муваффақият билан фаолият юритган кўпгина йирик компаниялар бугун инқирозга учраётгани ёки мавқеини янги, инновацион маҳсулотлари билан бозорни эгаллаётган кичик-кичик компанияларга бой бераётганини кузатиш мумкин. Бир неча ходимдан иборат стартап минглаб ходими бўлган корхоналардан кўра кўпроқ даромад топяпти ва йирик компанияларнинг инқирозига сабаб бўляпти, йирик компанияларни сақлаш ва ривожлантириш ҳар қачонгидан мураккаб вазифага айланмоқда. Лекин ҳар қандай муваффақиятли стартап вақт ўтиши билан нисбатан йирик компанияга айланишга маҳкум. Демак, келажакда уларни ҳам шундай қисмат кутади.

«Дилемма инноватора» муваффақиятли компанияларнинг инқирози тарихини ўрганади, узоқ йиллардан буён муваффақият келтирган иш услублари, турли тартиб-қоидалар, йўриқномалар бугунги кунда инқироз сабабчисига айланаётганини, ривожланиш ҳам аслида хавф эканлиги ва буни олдини олишда қўлланиладиган стратегия ва ечимлар мавжуд компаниялар тажрибаси орқали кўрсатилади. Тадбиркорлик, бошқарув йўналишида ўқиганларим орасида бу китобга алоҳида урғу беришимнинг боиси шундаки, ундан жуда кўп хулосалар олдим, фаолиятим давомида тўқнаш келган воқеликларнинг асл сабабларини англашимда жуда катта ёрдам бўлди (сотиб олиш).

Эд Кэтмелл. «Корпорация гениев». «Альпина» нашриёти. 2022 йил. 344 саҳифа

китоб, китоблар, китобхонлик, мутолаа, нима ўқиймиз, эркин абдураҳмонов

Pixar Animation ва Disney Animation компаниялари президенти бўлган Эд Кэтмеллнинг бу китоби ҳам менда илиқ таассурот қолдирди. Стив Жобс сотиб олган кичик анимацион студияни йирик компанияга айланишига сабабчи бўлган ниҳоятда истеъдодли шахс томонидан ёзилган бу асарни ижодкорлар табиати, истеъдодларни етиштириш санъати ҳақида, деб айтиш мумкин. Мультфильмлар ва график дизайн бутун дунёни эгаллаб олишида айнан шу исътедод эгасининг хизмати катта бўлган.

Узоқ йиллар ижодий жамоада фаолият юритиб, истеъдодлар билан ишлаш мураккаблигини ўз танамда ҳис қилганим сабабми, бу китоб мен учун ҳақиқий топилма бўлди. Катта компаниялар тарихи унинг асосчиси ёки раҳбари томонидан ёзилганда шахсий тажрибага асосланади ва ҳаётийлиги билан катта аҳамият касб этади. Китобда учрайдиган кўплаб воқеа-ҳодисалар муаллиф нуқтаи назаридан таърифланади, унинг позицияси, принциплари, шахсий тажрибасидан олган хулосаларини ҳар доим ишлайдиган, ҳар ким қўлласа натижа берадиган табиат қонунлари сифатида ўрганиш мумкин.

Бу китобни одатда исътедодли кишилар билан ишлайдиган раҳбарларга ўқишни кўпроқ тавсия қилган бўлардим (сотиб олиш).

Говард Шульц. «Как чашка за чашкой строилась Starbucks». «Альпина» нашриёти. 2022 йил. 284 саҳифа

китоб, китоблар, китобхонлик, мутолаа, нима ўқиймиз, эркин абдураҳмонов

Starbucks компанияси асосчиси Говард Шульцни кофе ичишни бутун дунёда одатга айлантирган инсон, десам хато бўлмаса керак. Кофе иссиқ ўлкалар учун ноодатий ичимлик ва, эътибор берсангиз, яқин-яқингача ўзимизда ҳам кофе ҳозиргидек оммавий ичилмасди. Starbucks’нинг ўзи ҳозирча Ўзбекистонга кирмаган бўлса-да, унинг муваффақиятидан андоза олган кофе савдоси билан шуғулланувчи маҳаллий компаниялар сўнгги йилларда жуда кўпайди.

Очиғи, бу китобни ўқишдан аввал қаҳва шайдоси эмасдим. Лекин муаллифнинг кофега берган таърифи ва ўз касбига бўлган чексиз муҳаббати мени нафақат бу ичимликнинг доимий истеъмолчисига айлантирди, шу билан бирга китоб дўконимизда book-cafe ташкил этишимга ҳам туртки бўлди, десам ёлғон бўлмайди. Буюк муҳаббат билан ёзилган китобларнинг қудрати нималарга қодир эканлигини тасаввур қилиш қийин эмас.

Китоб Starbucks ва унинг асосчиси тарихини, кичик кофе сотувчи дўкондан дунёнинг 50 дан ортиқ давлатларида фаолият юритаётган буюк компаниянинг босиб ўтган йўлини ҳикоя қилади. У нафақат компания тарихи, балки ўз касбига меҳр қўйган жамоа қадрият ва принциплари, мижозлар, ходимлар ва акциядорлар олдидаги маъсулият улкан муваффақиятга сабаб бўлгани ҳақида. Китобнинг ҳар саҳифасида тадбиркор ва раҳбарларга асқатадиган хулоса ва сабоқлар бор (сотиб олиш).

Ёш китобхонларга тавсиялар

Ота-оналар, устозларга мурожаатим — фарзандингиз 7 ёшидан 17 ёшигача ҳар ой ҳеч бўлмаса битта китоб ўқишини назорат қилинг. Шунда йилига, ана боринг, 10 та, 10 йилда 100 та китоб ўқиса, 17 ёшга етганида фарзандингиз тафаккури, тасаввури, маданияти ва нутқи билан дунёни забт этишга қодир бўлади.

Энг аввало китобхон диди шаклланиши керак. Жаҳон ва ўзбек адабиётида ҳар қайси ёшга мос буюк китоблар кўп. Ёшлар вақт синовидан ўтган классик адабиётларга қўпроқ мурожаат қилишларини истардим.

Рўйхатни яна давом эттиришим мумкин. Бугун бу асарларнинг бари китоб дўконларида бор, энди энг муҳими — бу китобларнинг ўқилиши, фарзандларимизнинг илм-маърифатли бўлиши, қалбида буюк муҳаббат уйғонишидадир. Эпидемия каби кўпайиб кетаётган тил марказларида фарзандларимиз тил ўрганишлари мумкин, лекин инглиз тилини билиш — бу ҳали бирор билим ё касб эгаси бўлди, дегани эмас. Ҳақиқий зиё, маърифатнинг макони — қалб. У фақат китоб билан ёлғиз қолган дамлардагина юксалади.