Қашқадарё вилояти ҳокими Муротжон Азимов бошчилигидаги делегация Хитойга ташрифи доирасида JAC Motors компанияси билан Қарши шаҳрида анъанавий ёки электромобилларни ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш юзасидан музокаралар ўтказди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Ҳокимлик маълумотларига кўра, вилоятда автомобиль заводини очиш бўйича топшириқ президент Шавкат Мирзиёев томонидан берилган.

JAC Motors раҳбарияти билан учрашувда Ўзбекистон вакиллари ушбу инвестиция лойиҳаси келажакда минтақанинг ўзига хос ташриф қоғозига айланишини таъкидлади. Яқин кунларда ишлаб чиқариш корхонаси раҳбариятининг Қарши шаҳрига ташрифи кутилмоқда.

«Вилоятимизда энергия тежовчи, бошқаришга қулай ва ақлли машиналарни ишлаб чиқаришни жорий этиш бўйича музокаралар давом эттирилиб, ташриф давомида яна 2 та йирик авто ишлаб чиқарувчилар билан музокаралар ўтказиш режалаштирилган», — дейилади хабарда.

Хитой автомобиль ишлаб чиқарувчилари Ўзбекистонда аллақачон фаолият юритмоқда. Май ойида Сирдарёда EXEED русумли автомобиллар ишлаб чиқарувчи завод ишга туширилди. Ўтган йилнинг август ойида «Ўзавтосаноат» ва BYD Auto Ўзбекистонда тўлиқ циклли автомобиллар ишлаб чиқаришни ташкил этишга келишиб олганди. Келгусида двигателлар, электромоторлар ва аккумуляторлар ишлаб чиқариш режалаштирилган.

Хитойнинг Great Wall Motor компанияси йил охиригача ADM Jizzakh автомобиллар гуруҳи негизида Haval автомобилларини Ўзбекистонда йиғишни бошлашни режалаштирмоқда.

Июнь ойида Шавкат Мирзиёев президентликка номзод сифатида Ўзбекистонда автомобилсозликни ривожлантириш нияти борлигини маълум қилганди. Унинг сўзларига кўра, яқин икки йилда автомобиль ишлаб чиқаришни йилига 300 мингдан 500 мингга ошириш, 2030 йилга бориб эса мамлакатда 1 миллион дона автомобиль, жумладан, 300 мингта электромобил ишлаб чиқариш режалаштирилмоқда.

JAC Motors ўз фаолиятини 1964 йилда тижорат автомобиллари ишлаб чиқарувчиси сифатида бошлаган ва 2000 йилларнинг бошида тижорат ва енгил автомобиллар ишлаб чиқаришга ўтган.