Хитойга давлат ташрифи билан борган Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 19 май куни рамзий тугмани босиб, мамлакатда 15 та янги ишлаб чиқариш объектини ишга туширди, деб хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Улардан бири Сирдарёда жойлашган Хитойнинг EXEED бренди остидаги автомобиль заводидир, дея хабар берди корхона вакиллари «Газета.uz»га.

Заводда учта премиум EXEED моделини — LX ихчам кроссоверини, TXL ўрта ўлчамли кроссоверини ва VX тўлиқ ўлчамли йўлтанламасни ишлаб чиқариш режалаштирмоқда. Уларнинг сотуви июнь ойида бошланиши кутилмоқда, ўша вақтда нархлар ҳам маълум бўлади.

Лойиҳа бутловчи қисмлардан йиғиш (SKD) босқичида йилига 20 мингтагача ва тўлиқ ишлаб чиқариш цикли (CKD) босқичида йилига 150 минг донача автомобиль ишлаб чиқаришни ўз ичига олади.

Ўзбекистонда EXEED брендининг ишлаб чиқарувчиси Asaka Motors ҳисобланади. Лойиҳа қиймати 390 млн долларни ташкил этади.

«Янги заводда замонавий технологиялар ва илғор ишлаб чиқариш усуллари қўлланилган бўлиб, сифатли ва рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқариш имконини беради», — деди Asaka Motors бош директори Акрамжон Тўхтабоев ўз нутқида.

Аввалроқ президент Шавкат Мирзиёев рамзий тугмани босиб, 3,3 млрд долларлик 15 та лойиҳани — автомобиль ва электромобиллар, металл маҳсулотлари, тиббий буюмлар ишлаб чиқариш ва бошқа қувватларни ишга туширгани, янги корхоналар қурилишига старт бергани ҳақида хабар қилган эдик.