Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати жазирамадан сақланиш бўйича тавсияларни эълон қилди. Маълумотлар Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Европа минтақавий бюросига тегишли.

Таҳлилларга кўра, ўтган йили кузатилган аномал иссиқ ҳарорат Европада 60 000 нафардан ортиқ одамнинг ҳаётига зомин бўлган. Бу — аввал прогноз қилинганидан уч баробар кўп кўрсаткич. Хавотирли жиҳати, сайёрамизда глобал исиш жараёни давом этар экан, мазкур рақамлар йилдан йилга ортиши мумкин.

Аномал ҳарорат кузатилаётган даврда иссиқ ўлкаларга саёҳат қилмоқчи бўлганлар аввал об-ҳаво прогнозидан хабардор бўлиши керак. Шунга қараб эҳтиёт чораларини кўрган ҳолда йўлга чиқиш зарур.

Жазирамада доим одам ўзи билан яхна сув олиб юриши керак. Қолаверса, кўпроқ мева, сабзавотлар истеъмол қилиш, жуда аччиқ ва ёғли овқатлардан тийилиш керак. Бу ҳақда аввалроқ «Газета.uz»да Ўзгидромет хизмати агентлиги берган тавсиялар эълон қилинганди.

Зарурат бўлмаса, ҳарорат юқори соатларда кўчага чиқмаслик ва оғир жисмоний ишлар билан шуғулланмаслик тавсия қилинади.

Бундай вазиятда транспорт воситаларида болалар ва ҳайвонларни қолдириш тўғри эмас. Иложи бўлса, кундузи камида икки-уч соат давомида салқин жойда вақт ўтказган маъқул.

Тунда хона деразаларини очиш, кундузи офтоб нурини қайтариш учун хоналарга пардалар тутиш ва жазирама кунларда имкон қадар ўзидан иссиқ чиқарувчи электр мосламаларидан камроқ фойдаланиш мақсадга мувофиқ. Организмнинг сувсизланишига йўл қўймаслик учун кунига етарли миқдорда суюқлик истеъмол қилиш жуда муҳим. Мутахассислар, шунингдек, енгил, табиий матодан тикилган ва кенг либослар кийишни, имкон қадар тез-тез салқин душ ёки ванна қабул қилишни, шакарли, алкоголли ёки кофеинли ичимликлардан воз кечишни тавсия қилади, дейилади хабарда.

Шунингдек, ташкилот кўп вақтини ёлғиз ўтказадиган яқинлар, дўстлар ва қўшнилар соғлиғидан мунтазам хабардор бўлишни ёддан чиқармаcликка чақирди. Чунки иссиқ кунларда заиф одамлар ёрдамга муҳтож бўлиши мумкин.

Аномал ҳарорат таъсирида одамда бош айланиши, кўнгил айниши, ҳолсизлик, бош оғриғи каби аломатлар кузатилса, шифокорга учрашиш зарур. Агар атрофдагиларда офтоб тиғи туфайли ноодатий белгилар, масалан, хушни йўқотиш, талваса, ақлдан озиш каби симптомлар юзага келса, дарҳол тез тиббий ёрдамга мурожаат қилиш керак.