Ўзгидромет хизмати агентлиги мамлакатда 25 июндан 3 августгача давом этадиган қирқ кунлик давр — ёз чилласи пайтида жазирамадан сақланиш бўйича тавсиялар берди.

Ойнинг учинчи ўн кунлигида иссиқ қисқа муддатга бироз кучсизланиш даврлари билан ҳарорат асосан +36…+39 даража, республиканинг шимолида, жанубида ва чўл ҳудудларида +42 даража атрофида бўлади.

«Умуман олганда, июнь ойи меъёрдан 2−3 даражага илиқроқ бўлади. Айрим кунларда баъзи жойларда бироз қисқа муддатли ёмғир ёғиши мумкин, июнь ойидаги ёғингарчилик миқдори меъёрдан кам бўлиши кутилмоқда. Июль ва август ойлари учун об-ҳаво прогнозлари фақат эҳтимоллик шаклида тузилиши мумкин — бу узоқ муддатли прогнозларга энг тўғри ва аниқ ёндашувдир», — дейилади хабарда.

Метеорологик кузатувларнинг барча йиллари давомида энг иссиқ июнь ойида ҳаво ҳарорати кўпчилик вилоятларда баъзи жойларда +44…+46 даражагача, Қизилқум чўлида 47 даражагача, республиканинг энг жанубида +48…+49 даражагача кўтарилган.

Шу ўринда ёзнинг иссиқ кунларида хатти-ҳаракатларнинг баъзи асосий қоидалари бўйича эслатма бериб ўтилган. Улар қуйидагилар:

  • Қуёшда узоқ вақт қолмасликка ҳаракат қилинг, айниқса куннинг ўртасида. Агар бунинг иложи бўлмаса, танани ва бошни тўғридан-тўғри қуёш нурларидан ҳимоя қилишга ҳаракат қилинг.
  • Кўп суюқлик ичинг. Музлаткичдан музли ичимликлар эмас, балки илиқ сув ёки энг яхшиси кўк чой ичиш тавсия этилади.
  • Кўпроқ мева, сабзавотлар истеъмол қилинг. Жуда аччиқ ва ёғли овқатларни итеъмол қилмасликка ҳаракат қилинг.
  • Совитиш мосламалари билан жиҳозланмаган дўконлардан маҳсулотлар харид қилманг — улар қуёшда қанча вақт бўлганини билиб бўлмайди.
  • Кондиционерли хонада бўлганингизда, тўғридан-тўғри совуқ ҳаво оқими тагида ўтирманг ва кондиционерни 18 даражадан паст бўлмаган ҳароратга туширинг.

Шунингдек, юрак-қон томир касалликлари бор инсонлар дори-дармонларни қабул қилиш бўйича шифокор билан маслаҳатлашишлари керак.

Бундан ташқари, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳам ёз чилласини қандай ўтказиш кераклиги бўйича тавсиялар берди.

Унга кўра, иссиқ ҳавода табиий, ёрқин рангдаги, пахта матосидан бўлган кийимларни кийиш мақсадга мувофиқ. Мавсумга мос бундай либослар терининг нафас олишига имкон яратади, тана қизиб кетишининг олдини олади.

Иложи борича тўғри тушаётган қуёш нуридан сақланишга ҳаракат қилиш ва бош кийим кийиб юриш лозим.

Қуёш нури соат 12:00 дан 16:00 гача жуда фаол ҳолатда бўлади. Шунинг учун бу вақт оралиғида кўчага чиқишни режалаштирмаган маъқул. Аммо ташқарига чиқишга зарурат бўлса, тананинг очиқ жойларини қуёш нуридан асрашга ҳаракат қилиш керак.

Иссиқ об-ҳавода организмда сув баланси бузилади ҳамда кўп намлик йўқотилади. Шунинг учун жазирамада кунига 3 литрдан кам бўлмаган миқдорда суюқлик ичиш зарур. Ёз кунлари чанқоқни олча, олма ва нордон мевалардан тайёрланган шарбатлар, айрон ҳамда лимонли сувлар босади.

Жазирама кунларда қаҳвадан воз кечган маъқул. Чунки у иссиқ кунда чарчоқни оширади. Ширин ва газланган ичимликлар ҳам тавсия этилмайди. Иссиқ об-ҳавода спиртли ичимликлардан тийилиш керак.

Аввалроқ автомобилни жазирамадан сақлаш учун нималар қилиш кераклиги бўйича баъзи маслаҳатларни келтириб ўтгандик.