Сурхондарё вилояти Денов туманидаги археология ёдгорлигига 13 млрд сўмлик зарар етказилгани аниқланди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар қилди.

Денов тумани фермер хўжаликларига ер участкаларини бериш масалаларини кўриб чиқувчи комиссия «Қорахон» маҳалласида жойлашган, I-ХII асрларга оид бўлган «Марказтепа» археология ёдгорлигини (0,21 гектар) қонунчилик талабларига зид равишда боғдорчилик учун фуқаро М.А.га бергани аниқланган.

Оқибатда фуқаро М.А. томонидан ушбу тарихий ёдгорликнинг 630 метр куб ҳажмдаги ҳудуди бузиб ташланиб, унга 13 млрд сўм зарар етказилган. Текшириш натижасига кўра, тегишли мансабдор шахслар ва бошқаларга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Маълумот учун, мазкур ҳолат қонунчиликка киритилган ўзгартиришларга асосан оғир жиноятлар тоифасига ўтказилган ва айбдор шахсларга 7 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланилиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бухоро вилояти Ромитан туманидаги 5 та археология ёдгорлигига жами 291,4 млрд сўмлик жиддий шикаст етказилгани хабар берилганди. Уларда ноқонуний қазиш ва бузиш ишлари олиб борилган.