Бухоро вилояти Ромитан туманидаги 5 та археология ёдгорлигига жами 291,4 млрд сўмлик жиддий шикаст етказилгани аниқланди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар қилди.

Хусусан, ноқонуний қазиш ва бузиш ишлари олиб борилгани сабабли ўрта асрларга оид Тепа-9 археология мероси объектига 269,6 млрд сўмлик, Қалъаи Муллабектепа ёдгорлигига 19,7 млрд сўмлик, Амиртепа ёдгорлигига 1,1 млрд сўмлик, Хўжа Ҳаққитепа ёдгорлигига 832 млн сўмлик ва Тепа-5 ёдгорлигига 202 млн сўмлик зарар етказилган.

Аниқланган ҳолатлар юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Шунингдек, назорат тадбирлари давом эттирилмоқда.

Аввалроқ Қашқадарёнинг Яккабоғ туманида икки киши Кунжутлитепа археология ёдгорлигида тепалик тупроғини суриб ташлаши оқибатида объект қайта тикланмайдиган даражага келиб қолгани ҳақида хабар бергандик. Бу ҳаракатлари учун фуқаролар 47,5 млрд сўм жаримага тортилган, шунингдек, улардан бирининг 3,5 йилга озодлиги чекланган.