Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев «Марказий Осиё — Кўрфаз араб мамлакатлари ҳамкорлик кенгаши» форматидаги биринчи саммитда иштирок этиш учун жорий йил 18−19 июль кунлари Жиддада бўлади. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар қилди.

Бўлажак олий даражадаги учрашувда Саудия Арабистони Подшоҳлиги, Баҳрайн Подшоҳлиги, Қатар Давлати, Кувайт Давлати, Бирлашган Араб Амирликлари, Ўмон Султонлиги, Қозоғистон Республикаси, Қирғиз Республикаси, Тожикистон Республикаси ва Туркманистон раҳбарлари ҳамда кенгашнинг бош котиби иштирок этиши кўзда тутилган.

Кун тартибига мувофиқ, сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва маданий-гуманитар соҳаларда минтақалараро ҳамкорликни ривожлантириш масалалари кўриб чиқилади. Халқаро ва минтақавий сиёсатнинг долзарб жиҳатлари юзасидан фикр алмашилади.

Саммит доирасида қатор икки томонлама учрашувлар ўтказилиши режалаштирилган.