Таиландда ўтаётган енгил атлетика бўйича Осиё чемпионатида ўзбекистонлик Суҳроб Ходжаев босқон улоқтириб, кумуш медаль олгани хабар қилинганди. Мусобақанинг кейинги турларида яна икки ўзбекистонлик аёл атлетлар медалларга эга чиқди.

400 метрга югуриш баҳслари финалида 22 ёшли Фарида Солиева маррага 52.95 сонияда етиб келиб, иккинчи бўлиб кесиб ўтди. Бу билан навоийлик спортчи шахсий рекордини янгилади. Олтин медаль Шри-Ланка вакиласига насиб этди, кучли учликни ҳиндистонлик атлет якунлаб берди.

400 метр, ОЧ:

  1. Раманаяка Надиша (Шри-Ланка) — 52.61 сония
  2. Фарида Солиева (Ўзбекистон) — 52.95 сония
  3. Аишваря Мишра (Ҳиндистон) — 53.07 сония

Баландликка сакраш секторида Светлана Радзивил бронза медалини олди. Даставвал у 1.75, 1.80 ва 1.83 метр баландликдаги планкалардан биринчи уринишдаёқ сакраб ўта олди. Бироқ 1.86 метр баландликка келганида омадсизликка учради. Олтин ва кумуш медаллар эса қозоғистонлик атлетларга насиб этди. Бу Светлана Радзивил учун қитъа биринчиликларидаги олтинчи медаль ҳисобланади.

Баландликка сакраш, ОЧ:

1. Кристина Овчинникова (Қозоғистон) — 1.86 м
2. Елизавета Матвеева (Қозоғистон) — 1.86 м
3. Светлана Радзивил (Ўзбекистон) — 1.83 м

Маълумот учун, Светлана Радзивилнинг спортдаги омадли юришлари 2018 йил Индонезиянинг Жакарта ва Палембанг шаҳарларида ўтган Осиё ўйинларида бошланди. Ўшанда у баландликка сакрашда олтин медаль олиш билан бирга, Осиё ўйинлари рекордини ўрнатганди — 196 метр.