«Газета.uz» Тошкентнинг Шайхонтоҳур туманидаги Ипакчилик илмий-тадқиқот институти жойлашган ҳудуддаги 18 минг дарахт тақдиридан хавотирланаётган маҳаллий аҳоли ушбу жойни миллий боғга айлантиришни сўраётгани ҳақида ёзганди. Гап шундаки, институт Тошкентдан Андижоннинг Марҳамат туманига кўчирилаётгани боис, унинг ҳозирги 19 гектар майдони завод ёки корхона қуриш учун давлат томонидан сотилиши ҳақида гап-сўзлар тарқала бошлади. Шу атрофда яшовчи одамлар эса бундан хавотирга тушиб, бундай фожианинг олдини олиш мақсадида ҳукуматга мурожаат қилганди.

Мазкур воқеага «Газета.uz» нашри мухбирлари эътибор қаратгач, жамоатчилик, шу жумладан блогерлар ҳам кенг ёрита бошлади. 12 июль куни эса дарахтлар қайта хатловдан ўтказилиши ва улар ҳимояга олиниши айтилди. Бу ҳақда экология, атроф-муҳитни мухофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири маслаҳатчиси Расул Кушербаев маълум қилди.

«Вазирлик масъуллари томонидан Тошкент шаҳридаги Ипакчилик илмий-тадқиқот институти ҳудуди ва плантациясидаги дарахтлар ҳолати ўрганилди. Дарахтларни сақлаб қолиш ва мухофаза қилиш мақсадида эртадан бошлаб Институт ҳудудидаги барча дарахтлар қайта хатловдан ўтказиш белгиланди», — деб ёзади вазир маслаҳатчиси.

«Биз ушбу ҳудуддаги мавжуд дарахтлар сақлаб қолинган ҳолдагина бошқа лойиҳаларни амалга ошириш мумкин, деб ҳисоблаймиз. Ва аҳолининг дарахтларни сақлаб қолиш бўйича ҳаракатларини қўллаб-қувватлаймиз. Шу боис, келгусида бу ердаги бирорта ҳам дарахт кесилишига йўл қўймаймиз», — деди Расул Кушербаев.

«Газета.uz» билан суҳбатда аҳоли вакиллари ҳукуматга мурожаат қилиб, ҳудудни миллий боғга айлантириб беришни сўраганди: