Ўзбекистон президентининг 2023 йил 24 февралдаги қарори ҳамда 6 июндаги фармонига асосан Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитаси ҳузуридаги Ипакчилик илмий-тадқиқот институти Тошкентдан Андижоннинг Марҳамат туманига кўчирилмоқда. Институт жойлашган ҳудуд — Шайхонтоҳур туманидаги «Ипакчи» МФЙ аҳолиси муассаса атрофидаги 18 мингга яқин дарахтнинг кейинги тақдиридан хавотирда.

«Газета.uz» мухбирлари аҳоли мурожаатини ўрганиш мақсадида Ипакчилик илмий-тадқиқот институтида бўлиб, у ердан видеорепортаж тайёрлади.

«Яшил ҳудудни сақлаб қолиб, миллий боғга айлантириш керак»

«Ипакчи» МФЙ фуқароси Абдулла Азимовнинг айтишича, институт ҳудуди Шайхонтоҳур, Чилонзор ва Олмазор туманларининг кислород манбаи ҳисобланади.

«Бу ерда ипакчиликка мослашган тутлар, манзарали дарахтлар [бор], бу — яшил макон. Ҳавоси жуда тоза. Эшитишимизга қараганда, бу Ипакчилик институти Андижонга кўчирилмоқда. Ҳар хил гаплар юрибди, [институт биноси ўрнида] завод ва бошқа нарсалар [қуриларкан], биз бунга қаршимиз. [Бу ҳудудда яшайдиган] келажак авлодга, миллатга кислород керак, тоза ҳаво керак. Яшил маконлигича қолиши зарур. Кўриб, билиб туриб, бор дарахтларни йўқотамизми? Бу манқуртлик эмасми? Шунча [дарахтларни] йўқотганимиз камми? Ҳозир битта дарахт кесилса, неча миллионлаб жарима солиняпти. Шунча қилаётган хатоларимизнинг ёнига яна хато қўшилмасин», — дейди у.

»дарахтлар,

72 яшар маҳалла фаолининг қайд этишича, минглаб дарахтларни сақлаб қолиб, ҳудудни миллий боғга айлантириш керак.

«Эртага [бу ҳудудга] завод тушса ёки бошқа бўлса, кўз ўнгимизда бу дарахтлар кесилиб кетиб, йўқ бўлади. Шунинг учун буларни сақлаб қолиш, чиройли боғ қилиш керак. Бу ҳудуд 19−20 гектарни ташкил қилади. Халқ шу ердаги кислороддан нафас олсин. Шу атрофдаги маҳаллаларда сув муаммо бўлиб қолди. Мазкур институт ҳам сув йўқлиги учун кўчирилмоқда. Шунча жойлар ҳовлилар қуриш учун бериб юборилган. Натижада одамлар уйидан сув ўтмаслигини хоҳлаб, ариқларни тўсиб ташлаган», — дейди Абдулла Азимов.

84 ёшли маҳалла фаоли Муҳаммаджон Зокиров ҳам дарахтлар кесилишига қарши. У институт биносини болаларга мўлжалланган муассасага айлантириш кераклигини айтди.

«Бу ҳудудда жуда кўп дарахт бор. Шунча дарахтларни кесиб бўладими? Бу дунёда ҳам, у дунёда ҳам уволи тутади, яхши бўлмайди. Буларни имкон қадар сақлаб қолиш керак. Бу бинони болалар учун муассаса қилса, атрофини янада кўкаламзорлаштирса бўлади. Лекин [дарахтларни] йўқ қилиш адолатдан эмас. Дарахтлар аҳолига экология томонидан ҳам жуда фойдали: чанглар камаяди, ҳаво тозаланиб, одамлар салқинда ором олади. Ҳар томонлама фойдали, дарахтларнинг зиёни йўқ», — дейди Муҳаммаджон Зокиров.

»дарахтлар,

«Ипакчи» МФЙнинг бошқа бир фуқароси Қобулжон Дўстмуҳаммедовнинг қайд этишича, институт биноси бошланғич мактаб учун берилса, шу орқали яшил маконни ҳам сақлаб қолиш мумкин.

«Бизнинг ҳудудда бошланғич мактаб йўқ. Бу масалада 2018 йилдан бери мутасадди раҳбарларга мурожаат қилиб келамиз. Аммо натижа йўқ. Бошланғич мактаб учун жой керак. Ипакчилик институти [Андижонга кўчиб] кетса, унинг шу ердаги бир биносини дарахтларни кесмай, аукционга қўймасдан, олдин халқ учун мактабга беришларини хоҳлаймиз. Агар институт биноси аукционга қўйилса, уни ютиб олган тадбиркор 18 мингга яқин дарахтни кесиб, ҳаммаёқни хонавайрон қилиб ташлашидан хавотирдамиз. Бу ерда завод қуриладими ёки бошқа нарса бўладими, бизга барибир. Лекин биз, кексалар, келажак авлод тақдирини ўйлаяпмиз», — дейди 89 яшар Қобулжон Дўстмуҳаммедов.

»дарахтлар,

Ипакчилик илмий-тадқиқот институти директори Шуҳрат Абдулазизовнинг сўзларига кўра, институт биноси 60-йилларда қурилган. «Олдин ҳудуд 100 гектар бўлган. Йиллар давомида аҳолининг кўчиб келиши, ҳовли уйлар ва бошқа иншоотлар қурилиши натижасида институт ҳудуди қисқарган. Айни пайтда ҳудуд 19 гектардан зиёдни ташкил қилади», — дейди у.

Унинг маълум қилишича, Ипакчилик илмий-тадқиқот институтининг Андижонга кўчирилишининг иккита сабаби бор.

«Биринчидан, аҳолининг тиғизлиги ва турар жойлар кўплиги боис ирригация тармоқлари ёпилган, яъни институтга қарашли тутзорларга сув келмайди, бу муаммога айланган. Шунингдек, ипакчилик соҳасини янада ривожлантириш учун институтга Андижоннинг Марҳамат туманидан 9,5 гектардан иборат катта комплекс ҳамда мақсадли фойдаланиш учун 14 гектар майдон ажратилди. Ҳозирги кунда кўчиш ва Марҳамат туманидаги комплексга жойлашиш ишлари кетяпти», — дейди Шуҳрат Абдулазизов.

У институт биносининг кейинги тадқири ҳақида гапираркан, «Бу ҳақда бизда маълумот йўқ. Лекин президент фармонига кўра, мазкур бинолар бугунги кунда давлат мулкини тасарруф қиладиган ташкилотга ўтказиб берилади. Кейин ўша ташкилот ҳукуматнинг юқори ташкилотлари билан келишган ҳолда иш олиб бориши кўрсатиб ўтилган. Менимча, кейинги босқичда ҳам бу дарахтларга ҳеч қандай зарар етказмаслик мақсад қилинган», — дейди у.

Институтга қарашли 19 гектарнинг аксарият қисми тутзорлардан иборат. Ноёб тутлар коллекция, озуқа ва тажриба тутзорлари мавжуд. Бинолар атрофида эса турли манзарали дарахтлар — арча, чинорлар экилган.

«Институт кўчганидан кейин бу ердаги тутзорларнинг тақдири нима бўлишидан биз бехабармиз. Ўйлайманки, мутасадди ташкилотлар, биз кўчганимиздан кейин бу ерга келадиганлар ҳаммасини сақлаб қолиб, табиий кислород берадиган ҳолатни асраш чораларини кўради», — дейди Шуҳрат Абдулазизов.

Маҳалла фаоли Абдулла Азимов Ипакчилик илмий-тадқиқот институтидаги дарахтлар кесилмаслиги, бу ерда миллий боғ ташкил этиш зарурлигини таъкидлади.

«Мурожаатимиз шундан иборатки, республика раҳбарлари, пойтахт ҳокими ва экологияга оид ташкилотлар шу масала бўйича бош қотириб, бу ҳудудни келажак авлод ва экология учун миллий боғга айлантиришларини истаймиз. Бизнинг таклиф мана шу», — дейди у.

«Газета.uz» вазиятни кузатишда давом этади.

Материални Миролим Исажонов тайёрлади, расмлар муаллифи, тасвирчи ва монтаж устаси Маъмуржон Обраҳматов.