11 июль куни соат 14:00 атрофида Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида жойлашган Чотқол давлат биосфера қўриқхонасининг Майдонтол ва Лайлакчи бўлимлари ҳудудида ёнғин содир бўлгани ҳақида хабар келиб тушди, дея хабар қилди Фавқулодда вазирлиги матбуот хизмати.

Дастлабки маълумотларга кўра, ёнғин майдони ўрмоннинг 10 гектардан 20 гектаргача бўлган ҳудудни ташкил этади.

Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг ўрмон ёнғинларини бартараф этиш бўйича махсус отряди ходимлари зудлик билан манзилга етиб борди. Ёнғинни бартараф этишга Мудофаа, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирликлари ҳамда бошқа ихтисослаштирилган тузилмаларнинг куч ва воситалари ҳам жалб этилди.

«Яқин вақт ичида Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Матбуот хизмати ушбу ёнғинни ўчириш бўйича қўшимча маълумот тақдим этади. Вазият тўлиқ назорат остида», — дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, 9 июль куни ҳам қўриқхона ҳудудида ёнғиннинг олди олинган эди.