Европа Иттифоқи Ўзбекистоннинг ислоҳотлар саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашда давом этади, деди ЕИнинг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича вакили Палома Холл Кабальеро 9 июль куни бўлиб ўтган навбатдан ташқари президентлик сайлови якунлари бўйича баёнотида.

Баёнотда сайлов тинч муҳитда, пухта тайёргарликда ва сайловчиларни юқори фаоллигида ўтказилгани таъкидланди.

Европа Иттифоқи ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг тўлиқ ҳуқуқли халқаро сайловларни кузатиш миссиясини жойлаштириш таклифини олқишлади ва миссиянинг дастлабки хулосаларини, хусусан, сайлов «фундаментал эркинликлар ва сайланиш ҳуқуқи чекланган шароитда ўтган»ини эътиборга олишини маълум қилди.

«Европа Иттифоқи бир қатор камчиликлар сайловчиларнинг онгли танлов қилишига тўсқинлик қилганидан афсусда. Шунингдек, биз Миссиянинг халқаро кузатувчилар томонидан овоз бериш жараёнида жиддий қонунбузарликлар кузатилгани ҳақидаги дастлабки хулосасига эътибор қаратамиз», — дейилади баёнотда.

«Ўзбекистонда 30 апрель куни бўлиб ўтган янги Конституция бўйича умумхалқ референдуми ортидан бўлиб ўтган президент сайлови президент Мирзиёев ва ислоҳотларнинг очиқ қўллаб-қувватланишини кўрсатди. Европа Иттифоқи Ўзбекистонни демократик ислоҳотларга қаратилган саъй-ҳаракатларини ва ЕХҲТ ДИИҲБнинг сайловни кузатиш бўйича ушбу ва аввалги миссияларининг тавсияларини тўлиқ амалга оширишда қўллаб-қувватлашга содиқ қолади», — дея қайд этилди.

Бир кун аввал АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси президентлик сайлови натижалари бўйича баёнот берган эди. Унда айтилишича, АҚШ президент Шавкат Мирзиёевнинг ислоҳотлар дастурини амалга оширишда ёрдам беришга тайёр.