ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бюроси (ДИИҲБ)нинг муддатидан илгари Ўзбекистон президентлигига ўтказилаётган сайловни кузатиш бўйича миссияси қатъий методологиядан иборат кенг қамров ва чуқур ўрганишга асосланган. Бу ҳақда Тошкентдаги 518-сонли сайлов участкасида журналистлар билан бўлган суҳбатда миссия раҳбари Урсула Гацек маълум қилди, деб хабар берди «Газета.uz» мухбири.

Миссия Тошкентда жойлашган асосий жамоанинг 11 нафар мутахассисидан иборат. Яна 24 нафар узоқ муддатли кузатувчилар бутун мамлакат бўйлаб жойлаштирилган ва 14 июндан ўз фаолиятларини бошлашган. Бундан ташқари ЕХҲТга аъзо мамлакатлар 250 нафардан ортиқ қисқа муддатли кузатувчиларни юборган, улар сайловга бир неча кун қолганда ташриф буюришган ва нафақат пойтахтда, балки Қорақалпоғистоннинг Тахтакўприк тумани каби олис ҳудудларда фаолият олиб боряпти.

«Бизда [сайловни баҳолаш бўйича] илмий асосланган методология мавжуд. Жамоанинг ҳар бир аъзоси 80 та саволдан иборат мураккаб шаклни тўлдиради. Бизда махсус электрон ручкалар мавжуд бўлиб, улар ёрдамида маълумотларни реал вақт режимида Ўзбекистоннинг энг олис ҳудудларидан ҳам олаяпмиз», — деди у.

ехҳт, ехҳт дииҳб

Урсула Гацекнинг таъкидлашича, миссия аъзолари бугун ва эртага тонгда сайловнинг тўртта асосий жараёнини кузатиб боришади.

Биринчидан, 100 нафар атрофидаги кузатувчи сайлов участкалари очилишига қадар бўлган вақтда сайловга тайёргарликни кузатишди.

Сайловга тайёргарлик ва участкалар очилиши бўйича 100 та атрофидаги шакл Тошкентдаги статистика билан шуғулланувчи ДИИҲБ жамоаси томонидан қайта ишланмоқда.

Кун давомида сайлов жараёнининг ўзи бўйича 1000 та кузатув ўтказилиши режалаштирилган, улар сайловчиларни рўйхатга олиш жараёни, шу жумладан биометрик, яширин овоз беришга риоя қилиш, сайлов қутиларининг ҳолати ва бошқаларни ўрганишни ўз ичига олади.

Миссия 20:00 дан кейин эса 100 та сайлов участкасида овозларни ҳисоблаш жараёнини кузатади.

Бугун ва эртага эрталаб ишнинг якуний қисми 14 та округ комиссиясида (Ўзбекистон ҳудудлари сонига кўра) жадвал мониторинги (овозларни ҳисоблаш ва жадвалга киритиш) бўлиб, унда сайлов участкаларидаги овозлар тўғрисидаги маълумотлар тўпланади ва умумлаштирилади, кейин эса Марказий сайлов комиссиясига юборилади.

«Агар учта сўз билан ўз фаолиятимизни айтсам, бу — қатъий методология, кенг қамров ва чуқур ўрганиш демакдир», — деди Урсула Гацек.

Давлат ОАВлари вакиллари миссия раҳбаридан сайлов жараёнидан мамнун ёки йўқлигини сўрашди.

«Бу якшанба тонгидан бери мендан сўрашаётган масала. Мен хулосани кутолмаслигингизни ҳам тушунаман. Бироқ эртагача кутишингиз лозим ва шундагина бу ҳақдаги маълумотни қўлга киритасиз», — деди у.

Урсула Гацек президент Шавкат Мирзиёев билан бўлган суҳбати тафсилотларини очиқлашни истамади. Унинг сўзларига кўра, 3 июль куни қарийб 90 дақиқа давом этган мулоқот «жуда очиқ» бўлиб ўтган. Унинг таъкидлашича, ЕХҲТнинг баъзи тавсиялари сайлов жараёнида жорий этилган, айримлари эса ҳануз бажарилмай қолмоқда, лекин ташкилот тавсияларни беришда давом этади, шу жумладан, улар мазкур сайлов ҳисоботида ҳам акс этади.

Июн ойи охирида ДИИҲБ миссияси жорий сайловларни кузатиш бўйича оралиқ ҳисоботни эълон қилганди. Унда айтилишича, сайлов кампанияси жуда «суст» ўтаётгани қайд этилганди.