Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси (ЕХҲТ ДИИҲБ) миссияси Ўзбекистон президенти сайловини кузатиш бўйича оралиқ ҳисоботини эълон қилди. Унда, анъанага кўра, сайлов қонунчилигидаги ва умуман мамлакатдаги ижобий ўзгаришлар, шунингдек, ЕХҲТ экспертларининг фикрича эътибор қаратиш лозим бўлган камчиликлар санаб ўтилган.

Миссияга элчи Урсула Гацек бошчилик қилмоқда. Миссия Тошкент шаҳрида жойлашган 11 нафар асосий гуруҳ аъзоларидан ва бутун мамлакат бўйлаб 24 нафар узоқ муддатли кузатувчилардан иборат. Аъзолар ЕХҲТга кирувчи 25 та давлатдан келган. Сайлов куни жараёнларни кузатиш учун ЕХҲТ давлатларидан 250 нафар қисқа муддатли кузатувчилар келиши керак.

Ҳисобот муаллифларининг таъкидлашича, янгиланган Конституциянинг қабул қилиниши билан «айрим ҳуқуқларга риоя этилишини таъминлашга қаратилган айрим чора-тадбирлар кўрилди». Ўзбекистон расмийлари ДИИҲБнинг олдинги бир неча тавсияларини инобатга олган.

«Конституцияга киритилган сўнгги ўзгартиришлар ўртача оғир ва оғир жиноятлар учун озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўтаётган ҳамда муомалага лаёқатсиз деб топилган шахсларнинг сайлов ҳуқуқларига қўйиладиган умумий чекловни олиб ташлади. Эндиликда уларнинг овоз бериш ҳуқуқи фақат суд қарори билан чекланиши мумкин», — дейилади ҳисоботда.

Бундан ташқари, Сайлов кодексига киритилган ўзгартиришлар сайлов комиссиялари аъзоларини аъзоликдан чиқариш учун тегишли мезонларни янада кенгайтирди.

Шу билан бирга, ЕХҲТнинг узоқ муддатли баъзи тавсияларига келсак, «ҳали бу борада иш олиб бориш керак», дейилади ҳужжатда. Бу, хусусан, йиғилишлар ўтказиш эркинлиги ва сўз эркинлиги, фуқароларнинг сайловларни кузатиш ва сиёсий партияларни рўйхатга олиш»га тааллуқлидир. Қонун ҳужжатларида ҳам бўшлиқлар ва ноаниқ матнлар мавжуд.

«ДИИҲБ аввалроқ ўта мураккаб ва қўлланиши чалкашроқ деб баҳоланган, сиёсий партияларни рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ҳамон ўзгаришсиз қолмоқда. Бу қонунчилик алоҳида номзодларнинг сайловда қатнашишига рухсат бермайди», — дея таъкидланади ҳужжатда.

Миссия Марказий сайлов комиссиясига таяниб, «2023 йилги сайловдан сўнг ҳокимият сайлов қонунчилигини Конституция қоидаларига мувофиқлаштириш ниятида ва ДИИҲБнинг аввалги тавсияларини кўриб чиқиш бу жараённинг бир қисми бўлади», — деб хабар берди.

2016 йилдан бошлаб хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётдаги фаоллигини оширишга қаратилган ислоҳотлар амалга оширилиб, ҳозирда амалдаги парламентдаги жами 150 ўриндан 48 тасини хотин-қизлар ташкил этади (32%). 2023 йил 6 апрелда Сенат жинсий зўравонликдан жабр кўрган шахсларни ҳуқуқий ҳимоя қилиш доирасини кенгайтирувчи тузатишларни маъқуллади. Шунга қарамай, сиёсий ҳаётда хотин-қизларнинг иштироки нисбатан анча кам ва гендер стереотиплари сақланиб қолмоқда. Ҳукуматдаги 27 вазирдан 2 нафари ва Судьялар олий кенгашининг 12 нафар аъзосидан 2 нафаригина аёллардир. Вилоят ҳокимларининг ҳаммаси эркаклардир, дейилади хабарда.

Сайловчиларни рўйхатга олиш пассив бўлиб, у доимий ёки вақтинчалик яшаш жойига асосланади. Одатда, кўп сонли сайловчилар сайлов куни қўшимча сайловчилар рўйхатларига киритилади. ДИИҲБ СКМ доимий кузатувчилари сайловчилар рўйхатларининг аниқлигига эришиш ва сайёр овоз бериш заруриятини баҳолаш мақсадида уйма-уй юриб текширишлар ўтказди, дея қайд этади миссия.

21 июнь ҳолатига кўра, МСК эълон қилган сайловчиларнинг умумий сони 22 миллионга яқинни ташкил қилган. 7 июнда бошланган ва 7 июлга қадар давом этадиган сайлов кампанияси нисбатан суст ўтмоқда, бу эса «амалдаги президентга мухолифатнинг йўқлигидан далолат беради», — дейди ДИИҲБ кузатувчилари. Сайловолди ташвиқоти тадбирлари, миссия кузатувларига кўра, асосан иқтисодиёт, соғлиқни сақлаш, таълим, қонун устуворлигини таъминлаш, шунингдек, экология ва сув хўжалиги соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштириш масалаларига бағишланган.

Сайловолди тадбирлари давомида амалдаги президент бир қатор чора-тадбирларни жорий этиш ниятини билдирди, улар тез орада амалга оширилиши учун президент фармонлари билан мустаҳкамлаб қўйилди, деб таъкидлайди миссия (бунга мисоллар келтирилган — Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг ташкил этилиши, Қорақалпоғистонда солиқларнинг камайиши ва бошқалар).

Ҳисоботда, шунингдек, ДИИҲБнинг олдинги тавсияларига қарамай, қонун ҳужжатларида фуқаро сифатида кузатувчилик қилиш бўйича тартиб-қоидалар мавжуд эмаслиги қайд этилган. Халқаро ташкилотлар, сиёсий партиялар, маҳалла қўмиталари кузатувчилари, оммавий ахборот воситалари вакиллари сайловларни кузатиб бориш ҳуқуқига эга.