Тошкент металлургия заводи ўзининг молиявий аҳволи ва таъсисчилар таркибидаги ўзгаришлар ҳақидаги хабарлар юзасидан изоҳ берди.

Аввалроқ «Газета.uz» суд қарорига таяниб, асли ўзбек бўлган россиялик миллиардер Алишер Усмоновга алоқадор кипрлик таъсисчиларнинг «ҳаракатсизлиги» туфайли ТМЗ банкротлик хавфи остида қолгани ҳақида ёзган эди. Қўшма корхона таъсисчиларидан бири бўлган Ўзбекистон тикланиш ва тараққиёт жамғармаси (ЎТТЖ) судга мурожаат қилиб, инвесторларни лойиҳадан четлаштиришга муваффақ бўлганди.

ТМЗ томонидан эълон қилинган баёнотга кўра, «компания таъсисчилари таркибидаги ўзгаришлар ишлаб чиқариш барқарорлигига ва кредиторлар олдидаги мажбуриятларни ўз вақтида бажариш имкониятига таъсир қилмайди».

Ҳозирда ЎзТТЖ давлат номидан компаниянинг ягона эгаси ҳисобланади. Аввал ёзганимиздек, ТМЗ юридик шахс рўйхатга олинганидан кейин беш йил давомида 916,9 млрд сўм зарар тўплаган ва 179,7 млн евро миқдоридаги кредитни ҳам қайтариши керак. «ТМЗ қарздорлиги тижорат фаолияти орқали тўланади. Давлат компаниянинг мажбуриятлари бўйича жавобгар эмас», — дейилади завод баёнотида.

Компания Россиянинг устав капитали 10 минг рубль (тахминан 111 доллар) бўлган, кредитлар ва бошқа кредит турларига ихтисослашган «Международные финансовые технологии XXI» компаниясидан қўшимча маблағ жалб қилмоқчи эди. Гап Россия Марказий банкининг асосий ставкасига (7,5%) тенг бўлган фоиз ставкаси билан 24 ой муддатга бериладиган 1,5 млрд рубль (16,7 млн доллар) миқдоридаги маблағ ҳақида бормоқда.

«Қурилиш ва ишлаб чиқаришни молиялаштириш учун кредитларни жалб қилиш йирик корхоналар учун одатий ҳолдир», — дея таъкидлади ТМЗ.

Тасдиқланган режага мувофиқ, завод 2026 йилдан бошлаб рентабелликка кириши режалаштирилган.

Эслатиб ўтамиз, Тошкент металлургия заводи 2020 йилда ишга туширилган эди. Корхонада рухланган ва полимер қопламали совуқ ҳолда ёйилган пўлат прокат ишлаб чиқарилади. Хабар берганимиздек, ТМЗ маҳсулотлари истеъмолчилари Ўзбекистон, МДҲ давлатлари, Осиё ва Европадаги қурилиш ва металл савдо компаниялари ҳисобланади.

Лойиҳага киритилган капитал қўйилмаларнинг умумий миқдори 334,5 млн евродан ортиқни ташкил этади, шундан 164,56 млн евро Россия экспорт-импорт банкининг 10 йиллик кредити, 154,7 млн евроси ўз маблағлари (ярмига яқини — жамғарманинг аблағлари), 15,1 млн евро — «Асака» банк кредити маблағлари ҳисобланади. Ҳисобланган тўлов муддати тахминан 8,6 йилни ташкил этади. Дастлаб, лойиҳанинг умумий қиймати 278,2 млн еврога баҳоланган эди, бироқ ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш мақсадида лойиҳага ўзгартиришлар киритилгандан сўнг, у ўзини оқлаш муддати — 9,3 йилгача ошди.

Таъкидлаш жоизки, заводга эгалик қилувчи ҚК МЧЖ шаклида ташкил этилган, шунинг учун компаниядан молиявий ҳисоботлар ва ўз фаолияти тўғрисидаги муҳим фактларни жамоатчиликка эълон қилиш талаб қилинмайди. Маълумотни мажбурий ошкор қилиш учун корхона акциядорлик жамияти шаклига ўтказилиши керак.