Янги инвестициявий таклифлар сифатида жорий йилда шаффоф тамойиллар асосида 10 та стратегик қазилма конлари, 40 та олтин изловчилар учун участкалар ҳамда 500 дан ортиқ норуда кон ва майдонлари электрон аукцион орқали тадбиркорларга тақдим этилади. Бу ҳақда сешанба куни «Ўзбекистон тоғ-кон саноати ва геология соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар: натижалар ва истиқболлар» мавзусидаги халқаро конференцияда тоғ-кон саноати ва геология вазири ўринбосари Аъзам Қодирхўжаев маълум қилди.

«Янги Ўзбекистон: тараққиёт, инновация ва маърифат» мавзусидаги халқаро шериклик ташаббуслари ҳафталиги доирасида бўлиб ўтган мазкур тадбирда охирги 5 йилда 730 тонна олтин ва 1,5 млн тонна мис захираларини ўстириш билан бирга, Олмалиқда янги топилган «Ёшлик» кони негизида 200 млн тонна рудаларни қайта ишлаш ҳисобига мис маҳсулоти ишлаб чиқариш хажмини йилига 500 минг тоннага етказиш мега-лойиҳаси амалга оширилаётгани қайд этилди.

Аъзам Қодирхўжаев.Аъзам Қодирхўжаев.

«Юртимиздаги ер ости бойликлари потенциали катта. Фойдали қазилмаларнинг ликвид турлари, шу жумладан олтин, кумуш, мис, уран, калий, фосфорит ва каолиннинг минерал захиралари бўйича Ўзбекистон дунёнинг етакчи мамлакатлари ўнлигига киради», — деди вазир ўринбосари.

«Узоқ муддатли дастурларимиз мавжуд. Хорижий инвесторлар билан ишлаяпмиз. Келгуси беш йилда олтин резервларни ошириш ниятидамиз. Электромобиллар, қайта тикланувчи энергия, жумладан қуёш панеллари учун конларимизда керакли моддалар мавжуд. Бу келажакда яшил энергетикани ривожлантиришга ёрдам беради», — дея маълумот берди Аъзам Қодирхўжаев.

Ҳозирда соҳада инвестиция дастури доирасида умумий қиймати 3,5 млрд доллардан зиёд лойиҳалар, хусусан олтин бўйича Канаданинг B2Gold, Туркиянинг MTA ва Calik Holding компаниялари, уран бўйича Франциянинг ORANO ва Япониянинг JOGMEC корпорациялари билан истиқболли лойиҳалар йўлга қўйилган.

Конференцияда «Олмалиқ кон металлургия комбинати» компанияси бошқарув раиси ўринбосари Абдулла Азизов комбинат томонидан амалга оширилаётган ишлар ва келгусидаги режалар тўғрисида маълумот бериб ўтди.

Абдулла Азизов.Абдулла Азизов.

«Олмалиқ кон металлургия комбинати»да экспорт ҳажми 1,1 млрд долларни ташкил этади. Олтин экспорти эса Марказий банк томонидан амалга оширилади. Бизда „Ёшлик“ номли лойиҳамиз бор. Ишлаб чиқариш салоҳиятимизни 40 млн тоннага оширмоқчимиз. Рудаларимиз таркибида 3,37% мис бор. Бизда Чили давлатига нисбатан имкониятларимиз яхши. Чунки бизнинг устунлигимиз руда таркибида олтин ҳам мавжуд», — деди у.

ОКМК раҳбари ўринбосари 100 дан ортиқ лойиҳалар, шу жумладан темир ишлаб чиқариш лойиҳаси амалга оширилаётгани, бу борада Германия, Австрия, Австралия ва Финляндия компаниялари билан ҳамкорлик қилинаётганини таъкидлади.

«Йилига бугунги кундаги 25 млн тонна рудани қайта ишлаш қувватимизни 60 млн тоннагача оширмоқчимиз. Қайта тикланувчи энергия, яъни қуёш панеллари тўғрисида ўйлашимиз керак. RG ҳалқаро рейтингига кирмоқчимиз», — деди у.

Абдулла Азизов комбинат қўшимча қиймат яратувчиси бўлиши лозимлигига урғу қаратиб, «компаниямиз банкротлик давридан ўтиб кетди. Локализация бўйича иш олиб боряпмиз», — деди.

Татьяна Будей. Татьяна Будей.

Қора металлургия соҳасида хорижий мутахассис, «Ўзметкомбинат» компанияси бошқарув раиси ўринбосари Татьяна Будей ҳам ўз тақдимотида Ўзбекистон металлургия соҳасининг имкониятлари ва истиқболлари тўғрисида фикрлари билан ўртоқлашди.

Будейнинг комбинатда инвестиция дастури доирасида қатор лойиҳалар амалга оширилаётгани, бугунги кунда 730 млн евролик лойиҳа ишга туширилганини маълум қилди.