Беларусда инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият «ҳалокатли ва фақат ёмонлашмоқда». Бу ҳақда БМТнинг ушбу мамлакат бўйича махсус маърузачиси Анаис Марин 4 июль куни Женевада бўлиб ўтган БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашининг 53-сессиясида тақдим этган янги ҳисоботида айтиб ўтди.

«Беларусь ҳукумати фуқаролик эркинликларини йўқ қилиш учун аллақачон қонунчиликка қатъий ўзгартиришлар киритди, бу эса сиёсий сабабларга кўра таъқиблар ва судловларнинг кўпайишига олиб келди», — деди Марин. «Инсон ҳуқуқларининг бузилиши учун жавобгарликнинг йўқлиги қурбонлар ва уларнинг оилалари ўртасида қўрқув муҳитини келтириб чиқаради».

БМТ ҳисоб-китобларига кўра, 1500 дан ортиқ одам сиёсий мотивларда айбланиб, ҳибсда сақланмоқда. 2020 -йилдан буён мамлакатда кунига ўртача 17 та ўзбошимчалик билан ҳибсга олинган.

Мариннинг таъкидлашича, Беларусдаги мустақил оммавий ахборот воситалари «экстремистик ташкилотлар» деган тамға билан тақиқланган, уларнинг ходимлари эса рейдлар, ҳибсга олишлар ва қамалишларга дучор бўлишган.

«Ўнлаб журналистлар ва блогерлар узоқ муддат қамоқ жазосини ўтамоқда», — деди у.

Белоруссиядаги академик эркинлик ҳам «тизимли ҳужум» остида, деди БМТ махсус маърузачиси.

«Мафкуравий назорат ва тартиб-интизом чоралари фикр ва сўз эркинлигини чеклайди», — деган маърузачи қатағонлар «миянинг кўчиши»га олиб келаётгани, кўплаб олимлар ва умидли талабалар мамлакатни тарк этаётганини таъкидлади.

Бошланғич ва ўрта таълим ҳам «мафкуравий назорат»га бўйсундирилиб, мактабларда ватанпарварлик сабоқлари мажбурий йўлга қўйилган.

«Болалар, айниқса, сиёсий мавзуларда ўз фикрларини билдиришдан қайтарилмоқда. Ўқитувчилар, болалар ва ота-оналар ўзгача фикр билдирганлик оқибатлари билан таҳдид қилинмоқда», — деди Марин.

Унинг сўзларига кўра, одамлар Россиянинг Украинага бостириб киришига қарши чиқишга ёки Беларуснинг урушдаги ролига шубҳа билдиришга ҳаракат қилганда, фикр эркинлиги ҳам таҳдид остида қолмоқда.

2020 йилда Беларусда президентлик сайловлари бўлиб ўтган, унда Александр Лукашенко ғолиб деб эълон қилинганди. Сайлов натижалари мамлакатда бир неча ой давом этган оммавий норозиликларга сабаб бўлди. Бироқ бу ҳаракатлар ҳокимият томонидан шафқатсизларча бостирилди. Мухолифат етакчилари ё мамлакатни тарк этишга мажбур бўлди ёки узоқ муддатга қамалди.